19:48 / 24.01.2022
23844

Гўшт импортига имтиёз: салбий оқибатлар

Гўшт импортига ҚҚС ва бож имтиёзлари яна 4 ойга узайтирилмоқда. Kun.uz суҳбатлашган мутахассислар бу чора нархларни туширмаётгани, аксинча ички ишлаб чиқарувчиларга катта зарба бўлаётганини айтмоқда.

Қайси имтиёз ҳақида гап кетяпти?

2021 йилнинг 10 октябридан 31 декабригача тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинадиган маҳсулотлар, картошка ва музлатилган балиқни реализация қилиш бўйича айланма, шунингдек, уларни мамлакатга олиб кириш қўшилган қиймат солиғидан озод қилинган эди.

2021 йил охирида бу имтиёзлар муддати яна 4 ойга узайтирилиши борасида сигнал янграгач, 2022 йилнинг 11 январида имтиёзлар муддатини узайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 2-ўқишда қабул қилинди.

Kun.uz имтиёзларнинг биринчи даврида бу чора маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга зарба бўлиши ва имтиёзли давр тугаганидан кейин нархлар кўтарилишига олиб келиши борасидаги мулоҳазаларни ёритган эди.

ҚҚС имтиёзи узайтирилиши бизнесда яна хавотирлар уйғота бошлади. Энди фақат маҳаллий ишлаб чиқарувчилар эмас, гўшт импорт қилувчилар ҳам имтиёздан фойда йўқлигини таъкидламоқда.

“Нарх тушади, қачонки ички ишлаб чиқарувчилар учун ҳам ҚҚС олиб ташланса”

Ўзбекистон импорт қилаётган гўштнинг 82 фоизи Беларусдан олиб келинмоқда. Бу мамлакатдан гўшт олиб келадиган тадбиркорлардан бирининг Kun.uz'га айтишича, ҚҚС имтиёзидан фақат Ўзбекистонга гўшт экспорт қиладиган мамлакат фойдаланиб қолади.

“Имтиёзлар ички бозорни арзонлаштирмайди ҳеч қачон. Имтиёз қўлланди дейиши билан дарров (Ўзбекистонга) гўшт экспорт қилувчи давлатлар  нархни кўтаради. Ўтган сафар (октябр-декабрдаги имтиёзли даврда) худди шу ҳолат кузатилди. Умумий ҳолатда нарх 2-3 сўм арзонлашгандек бўлди, бироқ яна жойига келиб олди. Шахсан мен учун бу имтиёз керак эмас эди, чунки бу нарсадан чет эл комбинатлари фойдаланиб қолади.

Агар ички бозордаги ишлаб чиқарувчилар учун ҳам ҚҚС олиб ташланса, унда ҳақиқатан ҳам нарх тушади. Чунки мендан маҳсулот сотиб олувчи ички бозордаги дебиторлар гўшт олмай қўйди. Қозоғистондан кириб келаётган гўштни олишга ҳаракат қилишмоқда. Сабаби Беларус гўшти сифатли бўлгани билан, Беларус ва Ўзбекистон ўртасида масофа узоқлиги сабаб гўштнинг яроқлилик муддати камаяди; сақлаш муддати 16 кун бўлса, кириб келишининг ўзига 10 кун вақт кетади. Уни сотишга бизда 5-6 кун вақт қолади. Тоза ҳавога олиб чиқиб қўйсак, 1-1,5 кунда гўшт қорайиб қолади.

ҚҚС имтиёзи олиб ташланмаганда ҚҚС тўловчилар ҚҚС билан зачётга олишга қизиқиб маҳсулот оларди”, – дейди тадбиркор.

“Имтиёзлар зарарга ишламоқда”

Солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов ҳам гўшт импортига ҚҚС бекор қилиниши нархларни туширмагани, аксинча зарар бўлаётганини айтади.

Эксперт ҚҚСни улаш коэффициенти ҳақида бонг урилаётган бир пайтда ҚҚС имтиёзини бериш занжирни узаётганини таъкидлади. Мутахассис имтиёз фойда бермаслиги борасида батафсил ҳисоб-китобларни эълон қилди:

“Гўшт, ёғ, картошка маҳсулотлари имтиёз белгиланган товарлар жумласига киради. Бу маҳсулотларга имтиёз беришдан мақсад балки яхшилик, нархларни арзонлаштиришдир, лекин амалда бу ўзини оқладими, деган масалани кўриб чиқсак. Бизнинг таҳлилимизга кўра, ҚҚС бўйича имтиёз берилиши ҳақиқатан нархлар ошишига сабаб бўлди.

Гўшт аҳолининг энг асосий истеъмол маҳсулоти бўлгани учун гўшт мисолида таҳлил қиламиз. Бошқа маҳсулотлар бўйича ҳам шу ҳисоблашни қўллаш мумкин.

Чорва молларини етиштириб, уни гўшт қилиб сотувчилар ёки тўғридан тўғри гўшт олиб келиб сотувчилар, имтиёз қўлланишидан олдин гўшт олиб келиб қўйганлар бор. Улар олиб келган маҳсулот мисол учун 10 миллион сўмлик қорамол 15 фоиз ҚҚС билан (1,5 миллион сўм)  11,5 млн сўм бўлиб турган бўлса, 500 минг сўм фойда қиламан деган тадбиркорнинг маҳсулоти 12 млн сўмга айланади. 12 млн сўмлик қорамолни аҳолига гўшт сифатида тарқатади ва аҳоли (килограмига қанчадан тўғри келса ҳам) 12 млн сўмга тўғри келадиган гўштни истеъмол қилиб келаётганди.

ҚҚС бўйича имтиёз берилди, нима ўзгарди? Аввал 10 млн сўм таннарх, 1,5 млн сўм ҚҚС билан зачётда турган эди, энди ўша зачёт суммаси таннархга қўшилиб кетди. Яъни ўша корхона учун олиб киргандаги 10 млн сўмлик қорамол 10 млн сўмлигича қолди, зачётда турган ҚҚС суммаси унинг таннархига қўшилиб, таннархнинг ўзи 11 млн сўмга айланди. Агар ўша одам 500 минг фойда қиламан дейдиган бўлса, барибир 12 млн сўмга сотиши керак бўлади. Аҳоли яна 12 млн сўмлик қорамол сўйилишидан олинадиган гўштни ўша пулга тўғри келадиган қийматда сотиб олаверади.

Яъни имтиёз қўлланиши натижасида имтиёз қўллангунга қадар Ўзбекистонда тадбиркорлик қилиб турганлар учун ҳам, аҳоли учун ҳам ҳеч нарса ўзгармади”, дейди Мурод Муҳаммаджонов.

“Имтиёзлар истеъмолчи учун ҳам ҳеч нарсани ўзгартирмайди”

Солиқ маслаҳатчиси имтиёз қўллангандан кейин Ўзбекистонга олиб кириш ҳолатлари ҳақида ҳам сўз юритди.

“Имтиёз қўллангандан кейин Ўзбекистонга қорамол ёки гўшт олиб кирадиганлар ҳам 10 млн сўмга қорамол олиб кирди, ҳеч қандай ҚҚС тўламади, 500 минг сўм фойда қиламан дейдиган бўлса, маҳсулот нархи 10,5 млн сўм айланади ва уни сотишга тушади. Бозорда ҳар қандай ҳолатда маҳсулот нархини унга бўлган талаб ва таклиф шакллантиради. 10 млн сўмлик қорамол олиб кириб, 10,5 млн сўмга сотяпти. Иккинчи томонда 12 млн сўмга сотилмоқда. Шаҳар аҳолисида, дейлик, 20 тонна гўштга эҳтиёж бор, унинг 10 тоннаси 12 млн сўмдан, яна 10 тоннаси 10,5 млн сўмдан сотиляпти. Табиийки, 20 тонна эҳтиёжнинг ҳаммаси 10,5 миллион сўмлик (арзон) маҳсулотга қараб югуради. Талаб юқори бўлган жойда нарх қимматлайди, энди 10,5 млн сўмдан олиб келган одам уни 10,5 млнга сотмайди. Талабнинг юқорилигига қараб нарх 11-12 млн ва ундан юқорига қараб чиқиб кетади.

Аҳолига етказиб берилган гўшт ҳам имтиёз қўлланилган пайтда 45-50 минг сўмга тушиб кетган пайтлари бўлди, аста-секин талаб юқорилигининг ҳисобига бир томон 12 млн , иккинчи томон 10,5 млн сўмдан сотганда,  12 млнлик томонни ҳеч ким сотиб олмади ва барча талаб бир томонга сурилиб кетганининг ҳисобига нарх яна жойига келиб олди. Имтиёз қўлланиши натижасида аҳоли учун ҳеч қандай ўзгариш бўлмади, статистикада имтиёз бор холос”.

“Статистикада тадбиркор ихтиёрида шунча фойда қолди дейилади, ҳолбуки тадбиркор ҳеч нарса ютмайди”

Мурод Муҳаммаджоновнинг қайд этишича, берилган имтиёз ички ишлаб чиқарувчиларга тааллуқли эмаслиги сабаб бозор мувозанати нархни яна аввалги ҳолатига қайтариб қўйяпти.

“Ишлаб чиқарувчилар орқали аҳолига гўшт маҳсулотларини етказиб беришда нима ўзгарди, ҳеч нарса. Масалан, колбаса ишлаб чиқарувчи 12 млн сўмга қорамолни сотиб олди, унинг ичида 1 млн 560 минг сўм ҚҚС зачётга олинади. Энди 12 млнлик қийматга ўз фойдасини қўшди, ва 12,5 млн сўмга сотаман деди. Унинг ичида ҚҚС тақрибан 1 млн 600 минг сўм чиқади.

Яъни 11 млнга айланган қорамолни 12 млнга чорвадор сотди, 12 млнлик қорамолни олган ишлаб чиқарувчи 12,5 млн сўмга сотиб, 400 минг сўм фойда қилди.

Худди шу нарса имтиёз қўллангандан кейин қанақа тус олади? Маҳсулот таннархи 10 млн, ҚҚС 1,5 млн сўм эди, ҚҚС ҳам маҳсулот таннархининг ичига кириб кетиб энди маҳсулот таннархи 11,5 млн сўмга айланди. Унга 500 минг сўм фойдасини қўйиб яна ўша чорвадор 12 млн сўмга сотди.12 млнга сотиб олган ишлаб чиқарувчи колбаса ишлаб чиқараман деб, 500 минг сўмлик қийматини қўйди. Жами қиймат 12,5 млн сўмга тўғри келди. Чунки колбаса ишлаб чиқарувчиси ҚҚС тўловчиси ва у энди зачётга оладиган ҳеч нарсаси бўлмагани учун 12,5 млн сўмнинг устига 1 млн 600 минг ҚҚСни қўшади-да, маҳсулот 14 млн 100 мингга айланади. Қорамолнинг колбасага айланган қиймати имтиёз қўлланишидан олдин 12,5 млн эди, имтиёз қўлланганидан кейин 14 млн 100 минг сўмга айланди. Табиийки, савол туғилади, имтиёз қўлланишидан мақсад нима эди-ю, натижа нима бўлди?

Имтиёз қўллаб енгиллаштирмоқчи эдик, натижада аҳоли учун ҳеч нарса ўзгармади, лекин гўшт маҳсулотлари нархи 13 фоизга ошди.

Имтиёз билан олиб кирилган ҳолатда ҳам колбаса ишлаб чиқарувчиларда 20 тонна гўштга эҳтиёж бор, 10 тонна имтиёз бор, 10 тонна имтиёзсиз. Ҳамма талаб яна имтиёзлига қаратилгандан кейин талаб ортади ва нарх яна тенглашиб қолади”.

Ачинарлиси статистикада тадбиркор ихтиёрида шунча фойда қолди дейилади, ҳолбуки тадбиркор ҳеч нарса ютмайди.

ҚҚС тўловчи корхоналарнинг ҚҚС тўлаш циклини улаш мақсадида имтиёздан чиқариб юбориш сиёсати кетмоқда, спорт соҳаси, ННТлар ҚҚС тўловчисига айлантириб юборишмоқда, мақсад циклни улаш. Гўшт ва ҚҚСдан озод қилинган бошқа маҳсулотларнинг уланмаслиги барибир нарх-навонинг ошишига олиб келади. Олдин циклни улаш учун мақсадни аниқ қўйиш керак. Улаймизми ёки йўқ. Улайдиган бўлсак, ҳаммасини улайлик. Эртага статистикаларда ачинарли томони, шу имтиёз оқибатида тадбиркор ихтиёрда 1,5 млн сўм маблағ қолди деган нарса чиқади. Ваҳоланки, тадбиркор ҳеч нарса иқтисод қилмаган ва бу маҳсулот аҳоли учун 13 фоизга ошиб кетган бўлади”.

“ҚҚС имтиёзи субсидияларни ҳам бекор қилди”

Мутахассисга кўра, гўшт импортининг ҚҚСдан озод этилиши соҳани қўллаб-қувватлаш учун кўзда тутилган субсидиялар эффектини пасайтиряпти.

“Чорвачиликка давлат томонидан субсидия берилар эди, бир кг гўшт учун 2000 сўм каби, сут учун алоҳида. Субсидия бўйича чиққан қарорда ҚҚС тўловчилар учун деб берилган. Айни ҳолатда ҚҚСдан озод қилингани билан бу корхоналар ҚҚС тўловчиси сифатида иқтисодиётда иштирок этиб турибди, лекин ҚҚС тўламадинг деб субсидия берилмаяпти. Бу эса ҚҚС таннархга кириб кетиши ҳисобига гўштнинг ўзининг нархи ўзгармаслиги ва гўшт маҳсулотларининг нархи 13 фоизга ошиб кетишига олиб келаётган бўлса, ҳар бир кг ичида давлат томонидан берилмаётган субсидия ҳам бор”, – дейди солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов.

“Бу – ботқоқлик. Ё ҚҚСни гўшт етиштириш учун ем маҳсулотларидан ҳам олинг, ёки ҚҚСни жойига қўйинг”

Ижтимоий тармоқларда бухоролик товуқ етиштирувчи тадбиркорнинг ҚҚС имтиёзи натижасида зарар кўргани ҳақидаги мурожаати тарқалди. У гўштга имтиёз берилиб, гўшт етиштириш учун ем маҳсулотларига ҚҚС сақланиб қолаётганига эътироз билдирган.

“Қарор қабул қилувчилар, сизлар мактабда ўқитувчи эмассизлар, ёки мактаб директори эмассиз. Қарорни чиқаришдан олдин ўйламайсизларми, бутун республика учун қарор чиқаряпсизлар, 300-400 мактаб ўқувчиси учун эмас. Гўштга қўйилган ҚҚСни олиб ташлаяпсизлар-у, товуқ гўшти тайёр бўлишидан олдин ишлатиладиган маҳсулотлар – соя, широт, молоколси, буғдойга бутун ҚҚСни олиб ташламаяпсизлар.

4-5 кун олдин нарх яна 200 сўмга қимматлашди, энг ёмони – ем ишлаб чиқарувчи заводлар “ҳозирги шароитда емни яна 400 сўмга қиммат қилишимиз керак, лекин қанақа қилиб қиммат қиламиз, тадбиркор минусга кириб кетяпти”, демоқда. Ёки бу маҳсулотларга ҳам ҚҚСни олиб ташланглар, ёки (ҚҚСни жойига) қайтариб қўйинглар. 6 мингта товуқ заводидан 4 минг доллар зарар билан чиқдим, мендан кўпроқ боқадиганлар бор – 500 мингтача, улар қанча зарар қиляпти.

Ботқоқликдан чиқиш учун бир таклиф бермоқчиман: ем, буғдой, широт ва гўшт етиштириш учун яна нималар бўлса, гўштдан ҚҚСни олиб ташладингизми, булардан ҳам ҚҚСни олиб ташланг”, дейди тадбиркор.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчи учун “ўлим”нинг бошланиши”

Jizzax Organic қишлоқ хўжалиги кластери Кузатув кенгаши аъзоси Сергей Щуров бу борадаги фикрларини Gazeta.uz билан ўртоқлашган.

“Чорва молларини кўпайтиришда харажатларнинг 80 фоизи ем-хашакка тўғри келади. Агар ем-хашак ва бошқа харажатлар ҚҚСга тортилса, лекин сотиш бўлмаса, бу харажатларни камида 10 фоизга оширади, чунки барча ҚҚС ишлаб чиқариш таннархига киритилган.

Импорт божлари ва ҚҚСнинг вақтинча нолга туширилиши ўз номини қадоқда ёзиб қўйган маҳаллий ишлаб чиқарувчи учун хавфли.

Гўшт маҳсулотларини етказиб берувчиларнинг уч тоифаси мавжуд: фермерлар, импорт қилувчилар, маҳаллий саноат ишлаб чиқариш.

Чакана савдода гўшт нархи сезиларли даражада пасаймаганига қараганда, “хорижий ишлаб чиқарувчи – импортёр – ритейлер” занжирида маржа ўсиши кузатилмоқда.

Вазиятга экспортёр нуқтайи назаридан қарасангиз, унинг позицияси янада фойдали бўлди. У ўз давлатидан қўшилган ҚҚСни қайтариб олади, бундан ташқари, энди унинг гўшти нархи Ўзбекистон ҚҚСнинг 15 фоизига оширилмайди. Яъни маҳсулот бозорга маҳаллий ишлаб чиқарувчидан кўра қулайроқ шартларда киради.

Фермерлар учун ҳеч нарса ўзгармади. Қонун жорий этилишидан олдин бозорда гўшт сотиб олаётганда чекда “15 фоиз ҚҚС билан” қаторини кўрган бўлишингиз даргумон. Кўпроқ айтаман – сизга чек берилган бўлиши даргумон.

Маҳаллий саноат ишлаб чиқарувчилари учун гўштни сотиш бўйича айланманинг ҚҚСдан озод қилиниши “ўлим”нинг бошланиши ҳисобланади.

Биринчидан, қадоққа ўз номингизни қўйганингизда, сиз қадоқлашнинг ўзи ва маҳсулот сифатини кафолатлайдиган жараёнлар: етиштириш, ветеринария хизмати, санитария, сўйиш, музлаткичда сақлаш, жўнатиш ва ҳоказо учун қўшимча харажатларга дуч келасиз.

Энди гўшт ишлаб чиқарувчисини ҳеч ким танимайдиган, ишлаб чиқарувчининг ўзи эса ўз маҳсулотини бир марталик ва номсиз харидорга, ҳатто бошқа давлатдан ҳам сотадиган занжирни тасаввур қилинг. Бу ерда сифат муҳим эмас, нарх пастроқ, лекин бу чегирма истеъмолчининг соғлиғига бевосита таъсир қиладиган чегирмадир.

Оддий мантиқий мисол: хориждан келтирилган гўшт бизнинг бозорда қанча сотилаётгани ва ишлаб чиқарилган мамлакатда қанча туради, солиштиринг. Аксарият ҳолларда у ерда қимматроқ бўлади. Савол туғилади: нега маҳсулот ўз бозоридаги талабга эга эмас, балки Ўзбекистонга экспорт қилинмоқда? Кўпинча бу сифат масаласидир.

Иккинчидан, чорва молларини кўпайтиришда харажатларнинг 80 фоизи ем-хашакка тўғри келади. Агар ем-хашак ва бошқа харажатлар ҚҚСга тортилса, лекин сотиш бўлмаса, бу харажатларни камида 10 фоизга оширади, чунки барча ҚҚС ишлаб чиқариш таннархига киритилган.

Учинчидан, жараёнлар сармоя талаб қилади. Сифат билан биргаликда тилга олинишни хоҳлайдиган ишлаб чиқарувчини тасаввур қилинг. Бунинг учун у ҳайвонларни сақлаш, сўйиш ва қадоқлаш цехларини қуриш, қайта ишлаш ва ташиш учун ускуналар сотиб олиши керак. Айтайлик, минимал нархларда харажат 1 млн АҚШ долларини ташкил этади. Юқоридан сиз бюджетга 150 минг доллар ҚҚС тўлайсиз (биз божхона тўловларини ўтказиб юборамиз) ва бу солиқ ҳеч қандай тарзда қайтарилмайди, чунки гўшт ҚҚСсиз сотилади.

Ишлаб чиқарувчи мол гўштини ўртача 1 кг учун 60 000 сўмдан сотади (нархга камида +30 фоиз қўшадиган чакана нархлар билан адаштирмаслик керак). Яъни ишлаб чиқарувчи 25 тонна гўшт сотиши керак. Кўрсатилган инвестициялар билан бу – минимал йиллик фойда.

ҚҚС ставкасини нолга тенглаштириш импорт қилинадиган маҳсулотларни анча рақобатбардош қилади, бу эса маҳаллий қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ҳамда озиқ-овқат саноати корхоналарининг сотиш ҳажми ва молиявий кўрсаткичларига таъсир қилади. Мисол учун, колбаса дўконлари ва бошқа корхоналар учун маҳаллий етказиб берувчидан гўшт сотиб олиш учун камроқ рағбат бор, чунки у таннархга киритилган ҚҚСни ўз ичига олади. Агар корхона импорт қилинадиган гўштга ўта олмаса ёки сифати бўйича у мос келмаса, унинг якуний маҳсулоти импорт қилинадиган гўштга нисбатан қимматлашади ва рақобатбардошлиги пасаяди.

Таъкидлаш жоизки, маҳаллий корхоналар ишлаб чиқаришни ривожлантиришга сармоя киритиб, давлатнинг мавжуд божхона-тариф сиёсатини ҳисобга олган ҳолда стратегик режаларга эга эди. Асосий кўрсаткичлардаги сезиларли ўзгаришлар (даромад, ЭБИТДА, соф фойда, рентабеллик, РОЕ ва бошқалар) эса бир неча ойдан кейин пайқалишига қарамай, ҳозирданоқ ушбу бизнесга қизиқишнинг пасайиши, кўплаб маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг банкрот бўлишига олиб келишини олдиндан айтиш қийин эмас.

Бу чора бозор муҳитини жиддий ўзгартиради ва бу ўзгариш Ўзбекистон бозорида хавфсиз гўшт фойдасига бўлмайди”, – дейди Jizzax Organic қишлоқ хўжалиги кластери Кузатув кенгаши аъзоси Сергей Щуров.

“Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни камситади”

Иқтисодчи Юлий Юсупов ҚҚС имтиёзининг биринчи давридаёқ бу қарор оқибатлари ижобий бўлишини шубҳа остига олганди. У бир қанча эътирозларни билдирган.

“1. Ҳукуматимиз ниҳоят (30 йиллик сакрашдан сўнг) нархларни оширмаслик буйруғини беришни тўхтатганидан (яъни уларни маъмурий усуллар билан тартибга солишга уринаётганидан), лекин нархларни тартибга солиш учун солиқ воситаларига ўтишга уринаётганидан хурсандман. Бу олдинга қадам.

2. Нима учун солиқ имтиёзларини бундай қисқа муддатга (уч ойдан кам) жорий этилаётгани жуда аниқ эмас. Бу нархларни туширишга ёрдам беришдан кўра корхоналар ва солиқ органларини чалкаштириб юборади.

3. “Импорт ва товар айланмаси”дан озод қилиш деганда нима назарда тутилаётгани умуман тушунарли эмас ва қонун лойиҳасининг асл матнини топа олмадим.

Фақат импорт қилинадиган маҳсулотлар ҚҚСдан озод қилингани. Аммо бу мутлақо нотўғри, чунки у маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни камситади ва истеъмолчиларга ҳам кўп ёрдам бермайди. Шунга қарамай, бозорда асосан маҳаллий гўшт сотилади.

Агар биз айланма, шу жумладан, маҳаллий гўшт ҳақида гапирадиган бўлсак, унда қуйидаги савол туғилади: маҳаллий гўшт учун ҚҚС қайтариладими (ёки илгари тўланган ҚҚСни ҳисобга олиш имконияти). Агар "йўқ" бўлса, савдо олдиндан тўланган (ишлаб чиқарувчилар томонидан) ҚҚСни таннархига қўшишга мажбур бўлади. Натижада, бу чора маҳаллий гўшт нархига катта таъсир кўрсатмайди. Ва шунга кўра, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар импорт олдида яна камситилади ва истеъмолчилар катта имтиёзларга эга бўлмайди”, – дея ёзганди иқтисодчи Юлий Юсупов.

Мадина Очилова тайёрлади.

Top