Ўзбекистон | 10:55 / 26.01.2022
1538
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд ва Тошкент вилоятларида дори воситаларининг ноқонуний муомалага киритилиши олди олинди

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Самарқанд ва Тошкент вилоятларида дори воситаларининг ноқонуний муомалага киритилиши олди олинган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Самарқанд тумани бўлимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда фуқаролар Б.У. ва Э.Р. олдиндан тил бириктириб, кучли таъсир қилувчи дори воситаларини ноқонуний муомалага киритиш орқали даромад орттиришни кўзлаб, фуқаро М.га 1 008 дона “Регапен” номли дори воситасини 23 миллион сўмга сотган вақтида ушланган. Тадбир якунида улардан жами 1 120 дона “Регапен” номли дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.

Шунингдек, Департаментнинг Оққўрғон туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “E.” МЧЖ раҳбари У.И. ва бошқалар хорижда ишлаб чиқарилган жами 10 минг дона “AZBACT-500” номли дори воситаларини фуқаро М.га 60 миллион сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шунингдек, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид