Ўзбекистон | 20:38 / 07.02.2022
9244
4 дақиқада ўқилади

“Таклифимиз шу сафар ўтса керак” — Давлетов ҳокимларнинг кенгаш раислигини бекор қилиш ҳақида

Ҳокимларнинг маҳаллий кенгаш раиси мақомини бекор қилиш 2019 йилги давлат дастурига киритилганига қарамай, амалга ошмай қолди. Адлия вазири бу таклиф ҳукуматга такроран киритилганини маълум қилди ва таклиф шу сафар инобатга олиб, қонун йил охиригача қабул қилинишига умид билдирди. Бироқ 2022 йилги давлат дастурида бунақа банд йўқ.

Бугун, 7 февраль куни жамоатчиликка йиллик ҳисобот берган адлия вазири Русланбек Давлетов ҳокимларнинг халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари раиси лавозимини бекор қилишга доир қонунни қабул қилиш кечикаётганига изоҳ берди.

Вазирнинг сўзларига кўра, Адлия вазирлиги ушбу лойиҳа бўйича масъул ижрочи, шунингдек, уни ишлаб чиққан ва киритган, лекин кейин у тўхтаб қолган.

“Ҳозир кенгашлар фаолияти ўзгарди. Фаоллашди, жамоатчилик қаттиқ талаб қилганидан кейин нафақат Қонунчилик палатаси, балки ўрта ва қуйи бўғиндаги депутатларимиз ҳам “пайдо бўлишни” бошлади.

Сиз айтаётган пайтда мана шу бир хил сиёсатни юритиш учун ҳам ҳоким… энди ҳоким деганда дарров негатив фикрлар келавермаслиги керак. Ҳоким ҳам бу давлатнинг институти, жуда катта бошқарув меҳанизми. Ўзига яраша ваколатлари бор, жавобгарлиги ҳам жуда катта. Бошқа органларга қараганда ҳам жуда катта ваколати бор.

Лекин, албатта, бу нарса тўғриланиши керак. Биз Маъмурий ислоҳотлар концепцияси доирасида шу нарсани қайтадан киритдик. Ҳукуматда муҳокама бўлди, қўллаб-қувватланяпти. Ўйлаймизки, шу сафар ўтиши керак. Биз бунга қаттиқ ҳаракат қиляпмиз.

Мана, ўтган йили маҳаллий кенгашларда котибият тузилди. Мана сиз айтяпсиз, кенгашларга бошқа раис қўяйлик деб, лекин кенгашда бирорта депутат доимий ишламайди. Қонунчилик палатасидан бошқа депутатларнинг асосий иш жойи бўлади, улар [депутатлиги учун] ойлик ҳам олмайди, бу фақат ижтимоий мақом.

Энди доимий котибиятдан кейин раис бўлса, кейин доимий асосда ишлайдиган депутатларни киритамиз. Кенгаш бу фақат раиснинг ўзимас-да. Эртага бу тизим ишлаши учун биз уни амалга ошириш алгоритмини шундай кўряпмиз. Номига раисман деб ўтиргани билан ҳеч нима бўлмайди, озгина ричаг бўлиши керак, озгина аппарати бўлиши керак”, – дея адлия вазирининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шунингдек, Давлетов бу қонун лойиҳаси Олий Мажлис палаталари раҳбарлари томонидан ҳам қўллаб-қувватланаётгани, бу йил қабул қилиниши мумкинлигини айтди.

Эслатиб ўтамиз, ҳокимларнинг халқ депутатлари кенгаши раиси сифатидаги мақомини бекор қилиш 2019 йилги давлат дастурида кўзда тутилган эди.

2022 йилги давлат дастурида бу ҳақда нима дейилган?

2022 йилги давлат дастурида, туман ва шаҳар ҳокими лавозимига номзод илгари сурилиши тартибини қайта кўриб чиқиш кўзда тутилган. Унга кўра, ҳокимликка номзод маҳаллий кенгашда ҳудудни ривожлантириш бўйича ўз дастурини ҳимоя қилиб, лавозимга тасдиқланиши тартиби киритилиши мумкин.

Шунингдек, туман ва шаҳар халқ депутатлари кенгашларида айрим депутатларнинг доимий асосда ишлаши тартибини жорий этиш ҳам назарда тутилган. Май ойигача бунга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилиши керак.

Шунингдек, дастурда “Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашлари регламенти тўғрисида” (май ойигача) ва “Халқ депутатлари Кенгашлари назорати тўғрисида” (сентябр ойигача) қонун лойиҳалари ишлаб чиқилиши белгиланган.

Йил охиригача маҳаллий кенгашлар ва ҳокимларнинг ваколатларини аниқ белгилашга доир қонун лойиҳаси тайёрланиши режалаштирилган.

Мавзуга оид