Алп Эр Тўнга номи турк халқлари давлатчилиги бошланиш нуқтаси ва йўлбошчиси сифатида қатор тарихий манбаларда, адабиётларда келтирилган. Манбаларда, Алп Эр Тўнга милоддан аввалги VII асрда туркларни бирлаштириб, ҳозирги Марказий Осиё, Эрон ва Озарбойжон ҳудудларида Турон давлатига асос солгани ёзилган.

Туркиялик тарихчи олим, профессор Нежати Демир Бухородан Алп Эр Тўнга қабрини топгани ҳақида 2021 йилнинг 1 октябрида ўзининг Twitter'даги саҳифасида эълон қилганди.

Ўшанда турк халқлари бу янгиликни илиқ кутиб олганди. Нежати Демир Туркиянинг TRT 1 телеканалига 2021 йил декабрда берган интервюсида ҳам қабрнинг аниқ жойини бир қанча изланишларидан кейин топганини, бу турк дунёси учун катта янгилик бўлишини маълум қилиб, мавзуга оид барча қўшимча маълумотларни 3 ойдан кейин эълон қилишини айтган.

Бироқ маълум бўлишича, Алп Эр Тўнга (Афросиёб) қабрининг жойи ўзбек тарихчилари томонидан турк тарихчисидан анча олдин аниқланган. Фақат ОАВда кенг эълон қилинмагани учун бу маълумотдан кўпчилик хабардор бўлмаган.

ЎзФА профессори Қаҳрамон Ражабовнинг 2014 йилда нашр этилган “Алп Эр Тўнга” китобида ёзилишича, тахминан милоддан аввалги 630 йилда Турон ва Эрон ўртасида қарама-қаршиликлар авж олган. Сиёвушнинг ўғли Кайхусрав Туронга бостириб кирган ва Афросиёб билан жанг қилган. Жангларда Афросиёбнинг қўли баланд келгандан кейин Кайхусрав ҳийла ишлатиб, зиёфат пайтида Афросиёбни заҳарлаб ўлдиртирган.

“Наршахий ўз асарида бу воқеаларни қуйидагича тасвирлайди. Сиёвушнинг Кайхусрав номли ўғли бўлиб, у отасининг қонини талаб қилиб, кўп лашкар билан бу вилоятга келганида Афросиёб шу Ромтин (ҳозирги Ромитан) қишлоғини ҳисор қилиб турган… Кайхусрав 2 йилдан кейин Афросиёбни тутиб ўлдирди. Афросиёбнинг гўри Бухородаги Маъбад дарвозасида, раҳматли Хожа имом Абу Ҳафс Кабир тепалигига туташган катта тепалик устидадир”, – дейилган “Алп Эр Тўнга” китобида.

Қаҳрамон Ражабовга кўра, бу тепалик ҳозирги Бухоро шаҳридаги Ҳазрати Имом қабристони ўрнига тўғри келади. Агар қабр топилса, туркий халқлар давлатчилигига 4 минг йилдан зиёд бўлгани исботланади.