«Киев АҚШни Россия билан урушга тортмоқда» — Россия АҚШнинг хавфсизлик кафолати бўйича хатига жавоб берди
Расмий Москва АҚШ элчиси Жон Салливанга НАТО бўйича хавфсизлик кафолатига берилган жавобга Кремль муносабати акс этган хатни тақдим этди. Россия ташқи ишлар вазирлиги ҳужжат матнини ОАВ орқали тарқатди.
Жавоб хати бир неча банддан иборат бўлиб рус нашрларида эълон қилинди, чунки ТИВ расмий сайти пайшанба куни техник сабабларга кўра ишламай қолганди.
АҚШ ва НАТО жавобидан норозилик
Ҳужжатда айтилишича, АҚШ ва НАТО Россия томонидан ишлаб чиқилган хавфсизлик кафолати бўйича лойиҳага муносиб жавоб бермаган. Россия томонининг иддао қилишича, собиқ иттифоқ ҳудудида ҳарбий база ташкил этмаслик, Грузия ва Украина ҳеч қачон НАТОга кирмаслиги бўйича кафолат талаблари эътиборга олинмаган.
«Россия томонининг таклифлари ёппасига рад этилган, фақат АҚШ ва иттифоқчиларига қулай бўлиши кутилган бандларга иттифоқчилар манфаатига мослаб жавоб берилган», дейилади жавобда.
Россия томони АҚШ ва НАТОнинг ўз чегаралари яқинида фавқулодда фаоллашувидан норози бўлган: «Бизнинг хавфсизлигимиз учун муҳим бўлган йўналишларда АҚШ томони келишишни истамаётгани учун Россия бошқа чораларни, хусусан, ҳарбий-техник чораларни кўришга мажбур».
Украинага «босқин»
Ҳужжатда айтилишича, Россия Украинага бостириб кирмоқчилиги ҳақидаги гаплар Россияга босим қилиш ҳисобланади ва бу ҳаракатлар Кремль илгари сураётган хавфсизлик кафолати бўйича таклифни сояда қолдириш учун қилинмоқда. Россия тақдим этган ҳужжатда ёзилишича, Қримнинг босиб олиниши Украинада содир бўлган давлат тўнтариши сабаб амалга ошган, қримликлар эса Россияга қўшилиш учун овоз берган.
«Украинанинг НАТОга кириши Россия учун чинакам хавфни келтириб чиқаради. Чунки бундай бўлса, Киев режими Вашингтон келишувига кўра АҚШ ва иттифоқчиларини Россия билан ҳарбий тўқнашувга тортиш орқали Қримни куч билан қайтариб олишга ҳаракат қилади», дейилади ҳужжатда.
НАТОнинг «очиқ эшиклар» сиёсати
Россия томони Европанинг ҳар қандай давлатига НАТОга кириш имконини берадиган «очиқ эшиклар» сиёсатини танқид қилган: «Бу сиёсат ЕХҲТ базавий мажбурияти бўлган «ўз хавфсизлигини ўзгаларга хавф туғдирган ҳолда таъминлаш тақиқланиши» тўғрисидаги тамойилга тўғри келмайди», дейилади хатда.
Аскарларни чегарадан олиб кетиш
Хатда Москва АҚШ ва иттифоқчиларининг Украина билан чегарадан аскарларни олиб кетиш бўйича қилган талабларига ҳам жавоб қайтарган: «Россия аскарларининг мамлакат ичидаги ҳаракати АҚШни ўйлантириши шарт эмас. Уларга Украинада ҳарбийларимиз йўқлигини эслатиб қўймоқчимиз».
Ўз навбатида, АҚШ Россияни Россия-НАТО келишувидаги «доимий қўшимча ҳарбий кучлар сонини ошириш»ни тақиқловчи талабини чеклаб ўтишда айблаган.
Хатда Россия АҚШнинг жавобидан қониқмагани яна бир бор таъкидланган: «НАТО 10 феврал куни тақдим этган хатни ташқи ишлар вазири Сергей Лавров АҚШ давлат котиби Энтони Блинкенга 28 январдаги мурожаатига жавоб деб қабул қила олмаймиз. Биз миллий тартибда жавоб берилишини сўрагандик».
Ядро қуроли ҳақида
Россия томонининг маълум қилишича, АҚШ ядро қуроли бўйича Москванинг хавотирларига беэътибор бўлган.
«НАТОнинг ядросиз давлатлар ҳудудида АҚШнинг ядро қуроллари борлиги бўйича муаммони ҳал қилишга қаратилган таклифларимиз эътиборга олинмаган. Бу қуроллар тўғридан тўғри Россия ҳудудига хавф солиши мумкин. Биз бундай қуролларни Европа ҳудудидан олиб кетиш, улар иштирокида машғулотларни ҳам чеклашни истагандик», дейилади хатда.
«Ҳайронман, булар қандай келишмоқчи, ҳеч ким муросага бормаяпти»
Москва давлат халқаро алоқалар институти қошидаги халқаро тадқиқотлар институти илмий ходими Андрей Баклицкийнинг фикрича, Россиянинг хатида хавфсизлик кафолатида илгари сурилмаган янги бандлар пайдо бўлган. Хусусан, стратегик ва ҳужумкор қуроллар ҳақида. Экспертнинг фикрича, томонлар муросага бориши ҳақида гапириш ҳозирча имконсиз.
«Россиянинг жавобида стратегик барқарорлик масаласи, хусусан, ядро қуролидан биргаликда босқичма-босқич воз кечиш бўйича келишув тилга олинган. Ваҳоланки, хавфсизлик кафолати лойиҳасида, умуман, охирги икки ой давомида бу борада сўз бормаганди. Бундан шундай хулосага келиш мумкин: умумий таяниш имконини берадиган асос бўлмаса, стратегик барқарорлик ҳақида унутса ҳам бўлади. Энди эса ўша асослар пайдо бўла бошлади», дейди эксперт.
Баклицкийнинг айтишича, Россия жавоб хатининг ўрта ва яқин масофадаги ракеталар бўйича келишув ҳақидаги бандига алоҳида ҳафсала билан жавоб ёзган. Эксперт айнан шу қисм устида алоҳида ишланганини айтмоқда. Олдинроқ АҚШ Россияга максимум Трамп вақтида чиқиб кетган ўша келишувга қайтиши мумкинлигини таклиф қилганди.
«Қолгани эса олдинги айтилган гаплар. Биз Европадан ядро қуроллари олиб чиқилишини хоҳлаймиз, Украинанинг НАТОдаги келажаги борасида аниқ жавоб истаймиз, каби бандлар аввал рад жавоби олинган талабларнинг бошқа жавоб олиш мақсадида такрорланишидир», дейди эксперт.
Эксперт икки томон келишиши учун асос кўрмаётганини айтди.
«АҚШ ва Россиянинг жавобларида томонлардан бири муросага боришига ишора кўрмаяпмиз. Бунақада қандай келишиш мумкин ҳайронман. Ҳозирча дипломатия давом этмоқда, лекин тайинли натижа бўлаётгани йўқ», дейди Баклицкий.
Олдинги жавобларда нималар ҳақида сўз борганди?
2 феврал куни Испаниянинг El Pais нашри АҚШ ва НАТОнинг Россия хавфсизлик келишуви бўйича талабига жавоби экани айтилган ҳужжат матнини эълон қилганди. Унда расмий Москва Россия-НАТО муносабатларини мустаҳкамлаши учун хизмат қилиши кутилган ва Россиянинг ўзи ташкил этилишида ёрдам берган принципларни бузишда айбланган. Ҳужжатда НАТО Россия билан Москвада ҳам, Брюсселда ҳам мулоқотни давом эттиришга тайёрлигини билдирган.
НАТО жавобида альянс «очиқ эшиклар» сиёсатида собит қолиши яна бир бор таъкидланган. Яъни ҳар бир давлат ўз хавфсизлик масаласини ўзи ҳал қилиши кераклиги айтилган. Жавобда АҚШ томони ҳам Россия билан ҳар қандай соҳада мулоқотга тайёрлигини билдирган.
АҚШнинг расмий жавоби Россия ўтган йил охирида тақдим этган хавфсизлик кафолати лойиҳасига хат кўринишида жавоб талаб қилганидан кейин берилди. Россия Ғарбдан собиқ иттифоқ ҳудудида НАТО базалари бўлмаслигини, альянс бу давлатлар билан умуман алоқа қилмаслигини талаб қилмоқда. Асосий талаб эса Украина ва Грузияни альянсга умуман қабул қилмаслик ҳисобланади. Шунингдек, Россия НАТО инфратузилмалари 1997 йилги ҳолатига қайтишини ҳам истайди.
Россия хавфсизлик кафолати талаби бўйича АҚШнинг жавоби Россия томонини қониқтирмади. Путин бу ҳақда очиқчасига гапирди. «НАТО кенгаймаслиги, Россия чегарасида зарбдор қуроллар жойлаштирмаслик ва НАТОнинг ҳарбий инфратузилмасини 1997 йилги ҳолатга қайтариш бўйича учта асосий талабимиз бўйича холис жавоб олмадик», деганди Путин.
Мавзуга оид
15:06
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди — Reuters
14:22
Париж: Украина Россия ҳудудига SCALP ракеталари билан зарба йўллаши мумкин
00:35
«Европадаги исталган нишонни йўқ қила олади» – Путин «Орешник» яратувчилари билан учрашди
22:08 / 23.11.2024