Фирдавс Абдухолиқов 8,1 млн сўм жаримага тортилди
Кинематография агентлиги бош директори ўз оила аъзоларига тегишли телеканалга 1,8 млрд сўмлик давлат буюртмасини берган эди. У мазкур ҳолатда манфаатлар тўқнашуви борлиги ҳақида хабар бермагани учун жаримага тортилди.
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг бугун, 21 феврал куни қабул қилган қарори билан, Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов МЖтКнинг 175–8-моддаси 4-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилди.
Унга 30 БҲМ (8,1 млн сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланди.
МЖтКнинг 175–8-моддасининг 4-қисми – давлат харидлари жараёнидаги аффилланганлик ва манфаатлар тўқнашуви ҳақида қонунчиликда белгиланган тартибда хабар бермасликни назарда тутади.
Мазкур ҳуқуқбузарлик учун кодексда мансабдорларга 20 БҲМдан 30 БҲМгача (5,4 – 8,1 млн сўм) жарима жазоси кўзда тутилган.
Фирдавс Абдухолиқов Кинематография агентлиги бош директори бўла туриб, мазкур агентлик томонидан ўз оила аъзоларига тегишли “Sevimli” телеканалига “Тузоқ” сериалини суратга олиш учун 1,8 млрд сўмлик давлат буюртмаси берилишига йўл қўйган.
Ҳолат ҳақида Kun.uz 20 январда хабар берган эди, натижада 21 январ куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги текширув бошлаб, 24 январда коррупцион ҳолат рўй берганини тасдиқлади ва ишни Бош прокуратурага юборди. Бош прокуратура амалдорга нисбатан юқоридаги модда бўйича маъмурий иш қўзғатиб, 25 январ куни ишни судга оширди. Илк суд мажлиси 27 январда бўлиб ўтганди.
Мазкур кейс Ўзбекистонда юқори лавозимли давлат амалдорининг манфаатлар тўқнашувига йўл қўйгани учун жавобгарликка тортилиши билан боғлиқ биринчи шов-шувли ҳолат бўлди.
Эслатиб ўтамиз, ушбу можаро ортидан Абдухолиқов қарийб 18 йилдан буён раҳбарлик қилиб келган Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси раиси лавозимидан кетди.
2021 йил 7 июлда қабул қилинган президент қарорида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда тузилган шартномаларни ҳақиқий эмас деб топишга оид қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган эди. Лойиҳани Адлия вазирлиги бошқа идоралар билан биргаликда 2021 йил 1 октябргача ишлаб чиқиб, ҳукуматга киритиши керак эди.
Мавзуга оид
10:05 / 13.12.2024
«Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонуннинг жамият ва давлат учун аҳамияти
16:21 / 12.11.2024
1,5 мингга яқин бошқарув ходими қонунга зид тарзда тадбиркорлик қилаётгани аниқланди
13:04 / 10.06.2024
Ҳокимлардан тортиб ҳарбийларгача: “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун кимларга таъсир қилади?
14:59 / 08.06.2024