«Путиннинг абсурд спектакли» ва «уруш эълон қилиш». Жаҳон матбуоти ДХР ва ЛХРнинг тан олиниши ҳақида
Президент Путиннинг Донецк ва Луганскдаги «халқ республикалари»ни тан олиши Россияга қатъий санкциялар билан таҳдид солиб келаётган Ғарбдаги давлатлар етакчилари томонидан кескин танқидларга учради. Ғарб матбуоти ДХР ва ЛХРни тан олиш бўйича қарор қандай қабул қилинганидан «ҳайратда», нашрлар бу қарорнинг оқибатлари ва Ғарбнинг жавоб юришларини таҳлил қилди.
Путиннинг «абсурд спектакли»
Guardian Россия Хавфсизлик кенгаши йиғилиши ҳақиқий ўтганига шубҳа билдирди - «жонли эфир»да намойиш этилган шошилинч йиғилишда иштирокчилар президент Путинга ДХР ва ЛХРни тан олиш борасида якдил фикр билдиришди, британ нашри эса бўлиб ўтган ҳодисаларни «абсурд спектакли» деб атади.
Йиғилишда фикрлар алмашинуви деярли бўлмади, тадбирнинг «спонтанлиги» (табиий ўтгани) ҳақидаги даъволарни айрим иштирокчиларнинг яқиндан олинган суратлари барбод қилди, бу белгилар «жонли» трансляция аслида бир неча соат олдин съёмка қилинганини фош этиб қўйди.
Гап шундаки, видеоларда иштирокчиларнинг қўлларидаги соатларда 12:10дан 14:10гача бўлган вақтларни кўриш мумкин эди. Мудофаа вазири Сергей Шойгунинг чиқиши вақтида соати 12:50ни кўрсатаётганди (у иккинчи марта саҳнага чиққанида соати 13:40 эди). Москва мэри Сергей Собяниннинг соати эса 12:10ни кўрсатган. Бу эса йиғилиш «трансляция»дан беш соат олдин бўлгани, эфирга эса Вашингтонда иш куни бошланган вақтда берилганини кўрсатади.
Бундан ташқари, йиғилишда аслида бош вазир Михаил Мишустиндан кейин бош прокурор Игорь Краснов чиқиш қилган, аммо эфирда Красновнинг чиқиши кўрсатилмади, лекин трансляцияда у саҳнани тарк этаётгани кўриниб қолган, «трансляция» Мишустиндан кейин Ташқи разведка хизмати директори Сергей Наришкиннинг нутқи билан давом этган.
Йиғилишда аслида қандай гаплар бўлгани ҳеч қачон очиқланмаслиги мумкин. Хавфсизлик хизмати ходимлари бу ҳақда қайғуришган: улар залга ўрнатилган кузатув камераларини қора полиэтилен пакетлар билан ёпиб қўйишган.
Лекин буларнинг барчаси россияликлар президентига маросим қизғин фикрлар алмашинуви билан кечганини таъкидлашига халал бермади.
Бундан келиб чиқадики, йиғилиш ЛХР ва ДХР раҳбарларининг Путинга республикаларни тан олишни сўраб қилган мурожаатидан олдин ўтказилган ва уларни тан олиш ҳақидаги қарор бу йиғилишдан олдин қабул қилиб бўлинган.
Бу трансляциядан бироз вақт ўтиб Путин изчил тайёрланган ва узун нутқ билан чиқиш қилиши эса барча қарорлар реал вақт режимида қабул қилингани ҳақидаги баёнотларни янада ишончсиз қилади.
«Катта эҳтимол билан, россияликлар президентининг шунчаки Украинанинг шарқидан бир қисм ҳудудни «тишлаб олиш» ва ўзи амалда назорат қилиб келган ушбу ҳудуд учун масъулиятни расман зиммасига олишдан кўра узоқни кўзлаган режалари бор», дея ёзади Guardian.
Путиннинг якуний сўзлари, агар Киев ҳарбий ҳаракатларни тўхтатмаса, Украина «қон тўкилиши давом этиши» учун жавобгар бўлиши ҳақида гапириши машъум аломатдир. «Бу шунчаки уруш эълон қилишдек эшитилди», дея қайд этади нашр.
Путиннинг «алмойи-жалмойи нутқи»
Ғарбга президент Путин нимани гапириши кўп ҳолларда ёқмаслиги мумкин, аммо унинг танқидчилари ҳам у яхши нутқ сўзлашини тан олишади, деб ёзади Times таҳлилчиси Марк Беннеттс.
Аммо кеча, у рус халқига Россия Украина шарқидаги Кремль томонидан қўллаб-қувватланувчи ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган республикаларни тан олиши ҳақида айтаётганида ўзининг нотиқлик қобилиятини йўқотгандек кўринган.
Нашр қарийб бир соат давом этган тушунарсиз нутқида россияликлар раҳбари ғалати тарзда тарихдан сабоқ бериш билан банд бўлганини қайд этади.
Кечаги нутқи унинг энг яхши чиқишлари, масалан, 2007 йилда Мюнхенда хавфсизлик бўйича халқаро конференциядаги (ўшанда у Россия АҚШнинг глобал гегемониясига қарши чиқишини маълум қилганди) нутқининг хиралашган кўчирмаси бўлган.
2018 йилда у Ғарб Россиянинг огоҳлантиришларини инкор этаётгани, шу туфайли Россия ўз арсеналини модернизация қилишини айтганида Москва элитаси уни олқишлаганди.
Энди Путин ёлғиз, дея қайд этади Times. Амалдорлар у билан учрашувдан олдин унга ковид юқтириб қўймаслик учун иҳоталанишига тўғри келмоқда. Пандемиянинг катта қисмини у шаҳар ташқарисидаги қароргоҳида ўтказди. Айрим мухолифатчилар унинг руҳий соғломлигига шубҳа қилмоқда. Нашр Кремлнинг танқидчиси Дмитрий Гудковнинг сўзларини келтиради: «Яхши психиатр керак. Гаагагача [халқаро трибунал] ёки ундан кейин - буниси очиқ қолаётган савол».
NYT: Путин Украина давлатчилигини сохта деб атади. Тарих эса бунинг аксини айтади
«Тарихий нюансларга қайғурмайдиган Владимир Путин Украинани Лениннинг кашфиёти деб атади, унинг сўзларига кўра, у янги ташкил қилинган советлар давлати доирасида автономия тақдим этиб, хатолик билан Украинага давлатчилик берган», дея ёзади New York Times.
Нашрнинг қайд этишича, ҳатто СССРнинг парчаланишини ХХ асрнинг энг асосий геосиёсий фалокати деб атаган КГБ собиқ зобити меъёрлари бўйича ҳам тарихнинг бундай бузиб талқин этилиши «ҳаддан ташқари»дир.
Замонавий Украинанинг бир қисми чиндан ҳам асрлар мобайнида Россия империяси таркибида бўлиб келган. Аммо бошқа қисмлари Австрия-Венгрия империяси, Польша ёки Литва юрисдикциясида бўлган.
«Путиннинг Украина тарихан Россияга тегишли бўлгани ҳақидаги аргументи шунчаки хато», дея сиёсий рискларни баҳолаш бўйича консалтинг компанияси Eurasia Group раиси Клифф Купчаннинг сўзларини келтирган New York Times.
Путинни норози қилган Ленин тузган советлар ҳукумати алалоқибат қайта туғилаётган мустақил украин давлатчилигини яксон этганди.
Советлар бошқаруви даврида украин тили мактаб дастуридан чиқариб ташланган, украин маданиятига эса фақат рақс тушган казакларнинг карикатура образларида мавжуд бўлишга рухсат берилган.
«1991 йилда Украинага мустақилликни Москва тақдим этмаган, балки демократик референдум орқали советлар иттифоқидан чиқиш учун овоз берган украин халқи ўзи мустақилликка эришган», дея эслатади New York Times.
Эндиликда, 190 000 рус аскари Украинани ўроқ шаклида ўраб турган маҳалда, Путиннинг Украинанинг суверен давлат сифатида мавжудлиги тарихий хато маҳсули экани ҳақидаги баёноти қачондир Москвадаги ҳокимият назоратида бўлган бошқа ҳудудларда ҳам сергаклик уйғотиши табиий.
«Уруш бўлмаслигига умид камаймоқда»
Daily Telegraph нашри ёзишича, президент Путиннинг миллатга мурожаати вақтидаги оҳанги ва Украинани хавфсизлик учун таҳдид сифатида кўрсатиши - урушдан сақланиш мумкинлигига деярли умид қолдирмади. Душанба куни у Донбассга «тинчлик сақланиши»ни таъминлаш учун россиялик ҳарбийларни жўнатди.
Daily Telegraph Ғарб махсус хизматлари вакилларидан иқтибослар келтириб, Россия ҳарбий бўлинмалари барча йўналишларда ҳужумга ўтишга шай тургани ҳақида ёзди.
«Биз кўраётган барча аломатлар бир неча йўналиш бўйлаб, бир неча нишонга қаратилган кенг кўламли босқин амалга оширилишидан дарак бермоқда», деган манба.
Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон ДХР ва ЛХР тан олинишини халқаро ҳуқуқ, Украина ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетининг қўпол тарзда бузилиши деб атади, президент Байден эса ДХР ва ЛХР билан савдо қилиш, ушбу ҳудудга инвестиция киритишни тақиқловчи алоҳида санкциялар жорий этди. Сешанба куни АҚШ Россияга қарши янги санкциялар ҳақида эълон қилиши кутилмоқда.
Аммо ҳозирча бу пакетга Жо Байден томонидан Россиянинг Украинага босқини рўй берган тақдирда қўллашни ваъда қилган «ҳалокатли» санкциялари кириш-кирмаслиги номаълум.
Нидерландия бош вазири Марк Рюттенинг маълум қилишича, ЕИ айирмачилар ҳудудларини тан олганларга қарши қаратиладиган «чекланган» санкциялар пакетини келишиб олган.
- Маълумот учун, Донбассдаги ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган республикаларни Россия ортидан фақат Куба, Никарагуа ва Венесуэла давлатлари тан олди, шунингдек, Ямандаги ҳусийчилар, Кавказдаги тан олинмаган республикалар (Жанубий Осетия ва Абхазия) ҳамда Сурия бу қарорни қўллаб-қувватлаган.
Айрим сиёсатчилар энг кучли санкцияларни Россия ҳарбийлари чегарадан ўтгунича захирада ушлаб туриш кераклигини айтишмоқда.
Кремлнинг «потемкинча сиёсати»
CNN’нинг Жо Байден маъмуриятидаги манбаси Кремлнинг ҳаракатларини «потемкинча сиёсат» деб атаган. «Бу потемкинча сиёсат (Potemkin Politics - BBC). Президент Путин ўзи юзага келтирган зиддиятни кескинлаштириш билан машғул», дейди нашр суҳбатдоши.
Журналистлар билан суҳбатда АҚШ президенти маъмуриятининг юқори мартабали амалдори Украина шарқига россиялик «тинчликпарвар» кучлар кириши Россия босқини юз берган тақдирда қўлланиши кўзда тутилган санкциялар пакети жорий этилишига олиб келмаслигини тахмин қилган ва «россияликлар 2014 йилдан бери шу ерда» эканини қайд этган.
«Шу туфайли биз улар яқин соатлар ва кунларда нима қилишини жуда диққат билан кузатиб борамиз ва шундан келиб чиқиб реакция қиламиз», деган амалдор. Унинг сўзларига кўра, «Афтидан, Россия энди бу минтақада очиқчасига ҳаракат бошлади ва Американинг муносабати шунга яраша бўлади».
Мавзуга оид
17:53 / 23.11.2024
АҚШ разведкаси Путиннинг хориждаги мухолифлари ўлдирилишига оид махфий ҳужжатларни қисман очиқлади
16:33 / 23.11.2024
Меркел: Менда ҳеч қачон Путин бўйича иллюзиялар бўлмаган
12:21 / 23.11.2024
Путин: Россия жангда «Орешник» ракетасини синовдан ўтказишда давом этади
23:44 / 22.11.2024