20:18 / 23.02.2022
7294

«2021 йилда портлаган 16 та машинанинг 12 тасида газ баллон 7-12 йил олдин ўрнатилган» – вазир ўринбосари

Ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаевнинг таъкидлашича, автомобилларга газ баллонларини ўрнатиш, уларга хизмат кўрсатиш жараёнида техник регламент ва давлат меъёрларига риоя қилинишини таъминлаш учун назорат органларида етарли даражада ваколат йўқлиги фожиаларнинг олдини олишга имкон бермаяпти.

Вазир ўринбосари 2022 йилнинг январь ойида 35 та газ тўлдириш шохобчасида ўтказилган текширувларда умумий техник регламент ва давлат меъёрларига риоя қилинмаган 233 та камчиликлар аниқлангани, шу боис то уларни бартараф этмагунча, 12 та шохобчанинг фаолияти 10 кунга тўхтатиб қўйилганини маълум қилди.

«Техник регламентни бузган ҳолда ноқонуний равишда газ баллонларини синовдан ўтказаётган 4 та юридик шахс аниқланиб, бу ҳақда тегишли ҳужжатларни расмийлаштирган ҳолда тергов идораларига тақдим этилди.

Автомобилларга ўрнатилган газ баллонлари билан боғлиқ нохуш ҳолатларнинг аксарияти газ тўлдириш шохобчаларида ёки у ердан чиққан вақтда содир бўлмоқда. Шу билан бирга нохуш ҳолатларнинг келиб чиқишига газ тўлдириш шохобчаларининг ўз манфаатларини кўзлаб, кўпроқ даромад олиш мақсадида баллонларга меъёридан ортиқ (200 атмосфера босимидан зиёд) газ тўлдириш, газ ускуналари ўрнатувчи ва техник синовдан ўтказувчи ташкилотлар томонидан тегишли регламент талабларига риоя этилмагани сабаб бўлмоқда

2021 йилда автомобилларга ўрнатилган 16 та газ баллони портлаган. Портлашларнинг 12 таси баллонлардан 7–2 йилгача бўлган муддат давомида фойдаланиб келинаётгани оқибатида содир бўлганини кўрсатмоқда», – дейди Бекмурод Абдуллаев.

Вазир ўринбосари автомобилларга газ баллонларини ўрнатиш, алмаштириш ва уларга техник хизмат кўрсатиш жараёнида техник регламент ва давлат меъёрларига риоя қилинишини таъминлаш учун назорат органларида етарли даражада ваколат йўқлиги, шу сабабли фожиаларнинг олдини олиш имкони бўлмаётганини айтмоқда.

Бекмурод Абдуллаев, ички ишлар вазири ўринбосари. Фото: Kun.uz

“Техник регламент талабларини бузиш ҳолатлари юзасидан газ қуйиш шохобчаларида ҳамда газ баллон ускуналарини ўрнатувчи ва техник синовдан ўтказувчи ташкилотларга кескин чоралар кўриш учун назорат қилувчи органларнинг ваколати чекланган. Корхона ва ташкилотларнинг газ баллон ўрнатилган транспорт воситалари хавфсизлигини таъминлаш ва назорат қилиш бўйича электрон тизим мавжуд эмас. Ташкилотларда газ баллонлари техник синовдан ўтказилган автомобиллар тўғрисидаги маълумотлар сақланмайди ва хизмат кўрсатиш жараёни устидан умуман назорат ўрнатилмаган.

Газ қуйиш шохобчаларида газ баллонларига меъёрдан ортиқ, яъни 200 ўрнига 230, ҳатто 250 гача атмосфера босимида газ билан тўлдириб берилмоқда. Бундан ташқари, газ қуйишда автомобилнинг газ баллонида муҳр мавжудлиги ва газ ускунаси техник талабларга жавоб бериши ҳақида ҳужжатлар борлиги текширилмаяпти. Бунинг натижасида фуқаролар ўртасида шахсий автомобилларига қўлбола равишда газ баллон ўрнатиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Шу йил январь ойида Андижон вилоятида машинага қўлбола усулда ўрнатилган газ баллон портлаши оқибатида бир киши ҳаётдан кўз юмди”, – дейди Бекмурод Абдуллаев.

Аввалроқ, Сенат раиси Танзила Норбоева сўнгги уч йилда газ баллон билан жиҳозланган 34 та транспорт воситаси портлагани, 23 киши ҳалок бўлгани ва 18 киши оғир жароҳат олганини маълум қилганди.

Top