Эҳтимолий уруш, санкциялар ва Путиннинг империалистик орзулари — таҳлилчилар билан Украина инқирози атрофида суҳбат
Путин учун уруш давлатчилик инструментими? Украина инқирози бўйича воқеалар ривожи қандай тус олиши мумкин? Kun.uz бугуннинг долзарб мавзусида сиёсий ва иқтисодий таҳлилчилар Камолиддин Раббимов ва Отабек Бакиров билан суҳбат ташкил қилди.
— Путин бирин-кетин ўз мақсадларига эришиб келмоқда. Ғарб ҳаддан ташқари юмшоқлик қилиб юбормаяптими? Нега уни тийиш учун унинг ҳаракатларига мос жавоб қайтарилмаяпти?
Камолиддин Раббимов:
— Бундай деб ўйламайман. Ғарб Россияга нисбатан аллақачон жиддий инструментлар қўллаяпти. Масалан, 2014 йилда Қрим аннексия қилинганидан кейин Россияга нисбатан йиллар давомида жуда кучли санкциялар қўлланилди. Бу Россиядаги элитанинг ижтимоий-иқтисодий кайфиятига ҳам жиддий таъсир қилди.
Шунингдек, 2014–2015 йилларга қадар Россиянинг йиллик ялпи ички маҳсулоти тахминан 2 триллион 300 миллиондан ошган бўлса, санкциялар натижасида нефть нархи тушгач, 1 триллион 400 млрд долларга тушиб қолди. Яъни, Россия ЯИМи салкам 1 трлн долларга қисқарди. Бу Россиянинг умумий ўсишига, ижтимоий-сиёсий кайфиятига жиддий таъсир дегани.
Ғарбнинг маълум бир инструментлари бор ва улар орқали Россияга жиддий чоралар кўрилди ва бу ўзининг таъсирини кўрсатди.
— Ҳозирги воқеалар фонида Россия иқтисодиёти катта урушни кўтара оладими?
Камолиддин Раббимов:
— Путин ДХР ва ЛХРни тан олишдан аввалги салкам 1 соатлик важоҳатли нутқида геосиёсий дунёқараш ва тасаввурини барчага кўрсатиб берди. Унга кўра, Украина деган миллат дунёда мавжуд эмас, у сунъий давлат.
Умуман олганда, Владимир Путин томонидан: “Постсовет давлатларининг кўпчилиги катта майдонларни олиб чиқиб кетган, бу давлатлар кейинги 1–1,5 асрда рус давлатчилигининг таъсирида бўлган ва бундан кейин ҳам бўлиши керак”, деган концепция таклиф қилинди.
Яъни бугунги Путин 2000 йиллардаги Путин эмас. У ўзининг тасаввуридаги йирик геосиёсий лойиҳалар билан яшамоқда. Унинг учун энг муҳим нуқта бу совет иттифоқи ва унинг иккинчи жаҳон урушида қозонган ғалабаси.
Шунинг учун ҳам у ҳар йили ғалаба парадини алоҳида эътибор билан нишонлайди, чунки бу совет давлатчилигининг дунё ҳокимиятида турган юқори нуқта сифатида таърифланади. Бундан келиб чиқадики, Путин урушлардан қўрқмайди. Путин урушларни давлатчиликнинг энг самарали инструменти деб билади.
У шу кунгача кўплаб урушлар ва ҳарбий операцияларни амалга оширди. Ўйлайманки, Украинага босим бундан кейин ҳам давом этаверади.
— Ҳозирги воқеалар фонида йирик уруш бошлашга Путиннинг журъати етадими, рус қўшини қаергача бориши мумкин? Қандай реал сценарийлар бор, кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар бошланиб кетса, у қандай якун топади?
Камолиддин Раббимов:
— Ҳозир буни ҳеч ким тахмин қила олмайди. Чунки уруш қандай масштабда бўлишини олдиндан билмаймиз. Уруш шундай нарсаки, унда томонлар иштирок этади. Агар бир томон бошидан охиригача уни назорат қилганида ўша томоннинг сценарийси билан тугайди. Лекин бугунги кундаги урушлар якунини мутлақо тахмин қилиб бўлмайдиган урушлар ҳисобланади.
Ҳозир Россиянинг маълум бир техник имкониятлари бор, лекин Ғарбда ҳам Россияга таъсир қилиш имкониятлари юқори. Умуман, бугун томонлар 20-асрдаги каби йирик жисмоний урушларга бормайди, лекин гибрид урушлар ва маълум ҳарбий операциялар давом этаверади.
— Байден ваъда қилган “санкциялар онаси” борми? Агар у қўлланса, Россия иқтисодиёти қай аҳволга тушади? Бу постсовет давлатларга, хусусан Ўзбекистонда қандай оқибатларга эга бўлади?
Отабек Бакиров:
— Авваламбор, “санкциялар онаси” деган тушунчани яхши ифодаладингиз, бунда жуда кенг миқёсни тасаввур қилишимиз керак. Масалан, кеча АҚШ ўз санкцияларининг биринчи пакетини эълон қилди. Аммо уларни 2014 йилга нисбатан олсак, 2021 йилда пайдо бўлган кескинликдан сўнг кўрилаётган чоралар бўйича ҳам Ғарб, хусусан, АҚШ ҳали қўлидаги барча таъсир кучларини ишлатмаётгандек.
Бунинг биринчи сабаби бизнес ва молиявий доиралар ҳеч қачон йирик миқёсда йўқотишларга тайёр бўлмайди. Улар ўз тижорий мақсадлари йўлида доимо компромиссларга тайёр.
Иккинчи сабаб – сиёсий нуқтайи назардан кейинги ҳаракатлар учун қадам қолиши керак. “Санкциялар онаси” қўлланилгандан кейин уруш учунгина чора қолмаслиги керак. Яъни ҳар бир санкция пакетидан сўнг кейинги манипуляция ёки ўзгартиришлар учун вазият сақланиб қолсагина, музокараларни давом эттириш мумкин бўлади.
Бу санкцияларнинг Ўзбекистонга таъсири борасида парадоксли вазият бор: санкциялар қанчалик кучли бўлса, (бу 2014 йилда ҳам кўринган) у Россиянинг иқтисодиёти ва унинг савдо ҳамкорларига шунчалик зарар бўляпти. Яъни қанча кўп санкция қўлланса, Россияни тўхтатиш имконияти ҳам шунча ошади.
Лекин Ўзбекистонга Россиянинг катта зарар кўрмаслигидан ҳам манфаат бор, чунки иқтисодий алоқалар ва мигрантлар орқали унга маълум боғлиқликларимиз бор. Яъни Россия қанчалик катта иқтисодий зарар кўрса, Ўзбекистон ҳам шунча зарар кўради.
Аммо 5–10 йиллик ҳолатни таҳлил қилсак, санкциялар қанча кучсиз бўлса, бизга нисбатан босим шунчалик кўпайиб бораверади. Яъни кучсиз санкциялардан биз узоқ муддатда, кучли санкциялардан қисқа муддатда ютқазамиз.
Кечаги санкциялар ҳали бугунги Россиянинг позициясини тийиб туришга етарли эмас. Кейинги ҳаракатлар қандай бўлишини баҳолаш номаълум, иқтисодий уруш узоқ муддатда росмана урушдан кўра кўпроқ зиён келтиради.
— Бугунги Россия санкциялардан қанчалик қўрқади? Санкциялар Россия элитасидан кўра, миллионлаб россияликлар ва у ердаги ўзбек муҳожирларининг ҳаёт сифатини ёмонлаштиради. Россия элитасига босим ўтказиш учун иқтисодий санкциялардан бошқа инструментлар йўқми?
Отабек Бакиров:
— Масалани қўрқиш-қўрқмаслик нуқтайи назаридан қўймаслик керак. Россия ўзи қилган ҳар бир ҳаракат учун жавоб бериши кераклигини жуда яхши билади. Санкция жавоб бериши керак бўлган масалалардан биттаси холос. Лекин у кўп хатти-ҳаракатларни ўзгартиришга мажбур қилади.
Яна бир нарсани инобатга олиш керакки, Россиянинг агрессив ташқи сиёсати фақатгина империячилик, шовинистик хусусиятлар билан боғлиқ эмас, бу ички сиёсатга ҳам таъсир воситасидир. Кун тартибида ички ва иқтисодий масалаларни четлаштириш, Путиннинг танқидчиларини иложи борича иккинчи ва учинчи даражали масалага айлантириш ҳам бор.
Масалан, ҳозир Навалнийнинг суди бўлиб ўтяпти, суд қамоқхонада амалга ошириляпти. Аммо кун тартибида Навалнийнинг суди йўқ, Украина масаласи атрофида кескинлик бўлмаганда дунё ОАВлари эътиборида биринчи рақамли масала – Навалнийнинг суди бўларди. Ўша суд айни пайтда жуда адолатсиз ва ўйлаб топилган айбловлар билан давом этмоқда.
Биласизми, бугунги Россия жуда оғир ижтимоий-иқтисодий муаммолар билан рўбарў келган, лекин ҳозир бу рус ва федерал ОАВнинг кун тартибида йўқ. Умуман, кун тартибида иқтисодий масала йўқ.
Санкцияларни қўллаш кўпроқ персонал тарзда Путин ва унинг атрофидаги одамлар, Путинни қўллайдиган банкларга бошлангани учун айтишим мумкинки, ниҳоят Россия ва унинг элитасига таъсир қиладиган санкциялар бошланди. Чунки 2014 йилдан ҳозиргача қўлланиб келинган санкциялар оддий одамлар, кундалик ҳаёти Россиянинг аҳволига боғлиқ бўлган аҳоли қатламига кўпроқ зиён келтирганди. Россиядаги санкциялардан Россия ичидаги дунёқарашни ўзгартирадиган бирор нарса ўзгаргани йўқ.
Ҳозирги санкциялар бир вақтда ҳам элитага, ҳам Россиянинг оддий аҳолисига, ҳам меҳнат мигрантларига таъсир кўрсатади.
Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Илёс Сафаров ва Мадина Очилова суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси –
Абдуқодир Тўлқинов.
Мавзуга оид
17:55
WSJ: Украина ўзининг баллистик ракетасини яратиш устида иш олиб бормоқда
17:53
АҚШ разведкаси Путиннинг хориждаги мухолифлари ўлдирилишига оид махфий ҳужжатларни қисман очиқлади
16:33
Меркел: Менда ҳеч қачон Путин бўйича иллюзиялар бўлмаган
15:56