Украиналик оила: «Уч кундирки йўлдамиз, ватанимизни иккинчи бор тарк этяпмиз»
Алексей ва Олеся Зарожевскийлар оиласи Ўзбекистонга бир неча марта меҳмон бўлиб келишганди. Қрим Россия томонидан эгаллаб олинган 2014 йилда улар шу ерда эдилар ва бўлган воқеаларни шу ерда туриб кузатишган. Улар билан бугунги вазият ҳақида суҳбатлашдик.
– Алексей, Олеся, аввало мана шу кунларга сабаб бўлган ҳолатлар бўйича ўз фикрингизни билдирсангиз.
– Асл ватанимиз, она шаҳримиз Донецк. Ўзимиз украинлармиз, лекин азал-азалдан русча гаплашиб келганмиз. Мактабда дарслар табиийки, давлат тилида олиб борилган, биз икки тилни бирдай ўзлаштирганмиз ва ҳар икки тил биз учун она тилидай эди. Орамизда ҳеч қачон зиддият бўлмаган, руслар орасида жуда кўп дўстларимиз, қариндошларимиз бор. Умуман, бу икки миллат ўртасидаги зиддият сунъий яратилди, назаримда.
Яна бир жиҳатни айтмоқчиман – ўша пайтда Донецкда биз жуда яхши яшаганмиз. Аниқ биламан, ўртача ҳисобда Россиянинг кўп шаҳарларига нисбатан турмушимиз яхши эди.
Ўзбекистонга илк бор борганимда Украинада, хусусан Донецкдан эканлигимни айтганимда ватандошларингизнинг кўпчилиги «Сизларда доим уруш бўларкан, миллий адоват жуда кучли экан, нега унақа?» деб сўрашганди ва бундан жуда ҳайрон қолгандим. Ахборот кучини ўшанда ҳис қилгандим.
– Ватанимизни иккинчи марта тарк этяпмиз, дедингиз. Бу нимани англатади?
– 2014 йилда Янукович ағдарилди, Майдон воқеалари бошланди, Қрим аннексия қилинди. Кўп ўтмай Донецк ва Луганскда айирмачилар бош кўтаришди. Кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар бошланиб кетди. Ўшанда шаҳар вайрон қилинганини ўз кўзимиз билан кўрдик, жуда кўпчилик ҳалок бўлди, яраланди. Оиламиз тинчлиги учун ўз юртимизни ташлаб кетишга мажбур бўлдик. Жуда кўп жойларда бўлдик, Германияда ҳам маълум муддат яшадик. Орадан 4 йил ўтиб, Германия Донецкда уруш расман тугади, ҳарбий ҳаракатлар йўқ, деб ҳисоблаб, бизнинг қочқинлик мақомимизни бекор қилди. Шундан кейин дастлаб Запорожьеда, кейин Харьков шаҳридан қўним топдик. Тақдирни қарангки, бу ерни ҳам тарк этишга мажбур бўляпмиз. Чунки Харьков ҳам хавф остида.
– Уруш сизнинг нигоҳингизда қандай бошланди?
– Уруш ҳақидаги гап сўзлар бир неча ҳафтадан бери давом этиб келаётган, лекин бунга кўпчилик ишонмаётган, ишонгиси келмаётганди. 24 февраль тонгги соат 5 да илк бор яқинимизда портлаш овози янгради. Харьковнинг Москва районида яшаймиз. Олдинги урушдаги тажрибамиз иш берди ва дарҳол болаларни олиб, зиналар тагига яшириндик. Чунки портлашлар пайтида уйда, деразалар ёнида қолиш жуда хавфли. Портлаш тўлқинидан ойналар парчаланиб, оғир жароҳат етказади.
Ўша пайтда кимдир итини сайр қилдириб юрар, кимдир умуман нима бўлаётганини тушунмасди. Харьков билан Россиянинг энг яқин чегараларига 35-40 км масофали жойлар бор, бу ерга танкда ҳам кириш шарт эмас. Кейинчалик билишимизча, нафақат Харьков, балки Днепр, Херсон, Одесса ва ҳатто Киев ҳам айни шу пайтда ракета зарбаларига учраган. Дастлаб ҳарбий объектлар нишонга олинган бўлса, кейинчалик тинч аҳоли турар жойлари ҳам вайрон қилинди.
– Айни пайтда қайси томонга йўл оляпсизлар?
– Биз кетишимиз билан шаҳримиз зарбага учраганини эшитдик. Бу сафар Украинани бутунлай тарк этишга мажбур бўляпмиз. Ҳозир Европа, аниқроғи Польша сари ҳаракатланяпмиз. Деярли уч кундирки йўлдамиз. Йигирма биринчи асрда, бир кунда дунёнинг нариги четига етиш мумкин бўлган бир пайтда биз уч кундан бери хавфсиз ҳудудга бора олмаймиз. Йўллар тирбанд, чегара олдида жуда кўп одам тўпланган, хавфсиз йўналишни топгунча вақт кетади, кимга рўпара келаётганингни билмайсан. Бунинг устига кичик ўғлимиз 5 ёшда, тез ҳаракатлана олмайди, транспорт катта муаммо. Икки боламиз тақдири ўйлантиради... Қачонгача давом этади бу?! Урушнинг оти ўчсин!
Йўлларда жуда кўп рус танкларини учратдик, чунки шунчаки уларнинг ёнилғиси тугаган ёки ташлаб кетилган. Россия аскарлари ҳудудни яхши билишмайди, аксарияти уруш эканлигини билдирмай алдаб олиб келинган, жиддий қаршиликка учрашган. Шу боис қуруқликдаги ҳарбий ҳаракатлар кутилган натижани бермагани учун ракета зарбаларига зўр берилмоқда. Буниси жуда даҳшатли.
Ўзбекистонни яхши эслаймиз. Ўзбек халқига тилагимиз, тинчликнинг қадрига етинглар. Биз бошдан кечираётган кунлар сизнинг бошингизга тушмасин.
Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.
Таҳририятдан: БМТ маълумотларига кўра дастлабки уч кун ичидаёқ Украинани тарк этган қочоқлар сони 400 минг кишига яқинлашган. Умуман, бир неча миллион инсон ватанини тарк этишга мажбур бўлмоқда.