Жаҳон | 13:48 / 02.03.2022
32663
10 дақиқада ўқилади

Рус олигархиясига санкциялар: рўйхатда кимлар бор?

Россиянинг Украинадаги агрессияси рус олигархлари ва амалдорларини Европа, Британия ва АҚШ санкциялари остида қолдирди. Босқиннинг илк кунидаёқ улар 39 миллиард доллар пулларини йўқотди. Хўш, санкцияга учраганлар кимлар?

Фото: KUN.UZ

Президентдан бошлаб...

Европа Иттифоқи, АҚШ ва Буюк Британия РФ президенти Владимир Путиннинг ҳисобрақамларидаги маблағ музлатилишини маълум қилган. Бунга жавобан расмий Москва давлат раҳбарининг хорижда бирорта ҳам активи йўқлигини билдирди.

Сергей Лавров

18 йилдан бери Россия ташқи ишлар вазири лавозимини эгаллаб турган Сергей Лавров “Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига, шунингдек, Украинадаги барқарорлик ва хавфсизликка путур етказувчи ҳаракатлар” учун жавобгар деб қаралмоқда. Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва АҚШ унинг активларини музлатган.

Александр Бортников

Бортников Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) директори лавозимига 2008 йилда тайинланган. У советлар пайтида КГБда ишлаган. Армия генерали ҳарбий унвонига эга Бортниковнинг Европа Иттифоқи ва АҚШга саёҳат қилиши тақиқланган, активлари музлатилган.

Бу Бортниковнинг Ғарб санкциялари билан биринчи тўқнашуви эмас. 2020 йил октябр ойида Бортников ва Россия ҳукуматининг яна беш нафар юқори мартабали амалдорининг активлари россиялик мухолифатчи, ҳозирда ҳибсда сақланаётган Алексей Навалнийнинг заҳарланиши муносабати билан музлатилган эди.

Денис Бортников

ФСБ раҳбарининг ўғли Денис ҳам санкциялар остида қолган. Кичик Бортников – Россиядаги активлари бўйича иккинчи йирик банк бўлган давлат ВТБ банки президенти ўринбосари. Шунингдек, у банк бошқаруви раиси ҳисобланади.

Сергей Кириенко

Сергей Кириенко – президент маъмурияти раҳбарининг биринчи ўринбосари ва Путиннинг энг яқин маслаҳатчиларидан бири.

АҚШ Молия вазирлигига кўра, Россия ички сиёсатини шакллантиришда Кириенко катта ўрин тутади. У ҳам санкциялар остида.

Сергей Шойгу

Россиянинг қарийб 10 йиллик мудофаа вазири. Шойгуга Европа Иттифоқи ва АҚШда саёҳат қилиш тақиқланган ва унинг активлари музлатилган.

Валерий Герасимов

Россия қуролли кучлари бош қўмондони ҳам айни дамда Буюк Британия ва АҚШга кириши тақиқланган ва активлари музлатилганлар рўйхатида. У 2014 йилдаёқ Европа Иттифоқининг “қора рўйхати”га киритилган.

Умуман, Россия Хавфсизлик кенгашининг барча аъзоларига Европа Иттифоқи ва АҚШга кириш ва бу мамлакатларда ҳисобрақам очиш тақиқланган, бор ҳисобрақамлар музлатилган.

Россия парламенти

Европа Иттифоқи Россия Думасининг 351 нафар депутатига санкция қўллади, улар ЕИ ҳудудига кириши тақиқланган ва активлари музлатилган. Буюк Британия эса фақат Донецк ва Луганск мустақиллигини тан олишга овоз берган Дума ва Федерация Кенгаши аъзоларини санкция қилган. Аввалроқ АҚШ Дума раиси Вячеслав Володинга нисбатан санкциялар киритган эди.

Рўйхатга тушган рус олигархлари

Кирилл Шамалов

Шамалов – Россиянинг энг ёш миллиардери. Аввалроқ Путиннинг қизи Катарина билан турмуш қурган. Унга Буюк Британияга кириш тақиқланган ва у ердаги активлари музлатилган.

Пётр Фрадков

“Промсвязбанк” раҳбари. Россия ташқи разведкаси собиқ раҳбарининг ўғли. Унинг Буюк Британиядаги активлари музлатилган ва саёҳат қилиш тақиқланган.

Денис Бортников

Россиянинг иккинчи йирик кредитори ВТБ вице-президенти. ФСБ директорининг ўғли. У ҳам  Буюк Британия, Европа Иттифоқи ва АҚШ қора рўйхатига киритилган.

Владимир Кириенко

Президент маъмурияти раҳбарининг биринчи ўринбосари Сергей Кириенконинг ўғли. Россиядаги энг йирик ижтимоий тармоқ ва интернет компанияси VK бош директори. VK гуруҳи Вконтакте, шунингдек, тезкор хабар алмашиш ва электрон почта дастурларини бошқаради.

Денис Бортников сингари, Кириенкога нисбатан қўлланилган санкциялар унинг оиласини ҳам ўзига тегишли компания орқали халқаро бозорларга чиқишдан маҳрум қилади.

Геннадий Тимченко

Энергетика, транспорт ва қурилиш соҳаларида манфаатларга эга Volga Group хусусий сармоя ширкатини назорат қилувчи Россиянинг олтинчи энг бой олигархи. Буюк Британия санкциялари остида.

Британия ҳукуматининг даъво қилишича, Тимченко 2014 йилда Қрим Россия томонидан аннекция қилинганидан кейин Украинадаги беқарорликни қўллаб-қувватлаган Россия банкининг асосий акциядори бўлган.

Евгений Пригожин

Европа Иттифоқи ресторатор Евгений Пригожинни “Вагнер гуруҳи” ёлланма аскарларининг Украинага жўнатилишига алоқадор деб ҳисобламоқда. Унинг онаси ва рафиқаси ҳам Европа Иттифоқига кириш тақиқланади ва активлари музлатилади.

Сергей Иванов

Россиялик юқори мартабали амалдор ва сиёсатчи, муқаддам мудофаа вазири бўлган, КГБда ҳам ишлаган. Ўғли Сергей Иванов олмос қазиб олувчи “Алроса” давлат ширкати раҳбари ва “Газпромбанк” бошқаруви аъзоси ҳисобланади. Исм-фамилияси бир хил ота-ўғилларнинг иккаласи ҳам АҚШ санкциялари рўйхатига киритилган.

Патрушев, Сечин, Слюсар, Георгиева

Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев, унинг ўғли Андрей, “Газпром нефт”нинг собиқ раҳбари, олигарх Игор Сечин ва унинг ўғли “Роснефт” директори ўринбосари Иван ҳам санкциялар остида.

Давлат банкларининг топ-менежерлари Александр Ведяхин (Сбербанк), Андрей Пучков ва Юрий Соловёв (ВТБ) АҚШ санкциялари рўйхатига киритилган.

United Aircraft Corp директори Юрий Слюсар ва давлат мудофаа конгломерати – Новикомбанк бошқаруви раиси Елена Георгиевага Буюк Британияга кириш тақиқланди.

Пётр Фрадков

Петр Фрадков – “Промсвязбанк” бошқаруви раиси. Россиянинг собиқ бош вазири ва Россия ташқи разведка хизмати (СВР) собиқ директори Михаил Фрадковнинг ўғли.

Борис Ротенберг

Борис Ротенберг, унинг жиянлари Игор ва Геннадий Тимченко Британия санкцияларига дучор бўлган. Учала миллиардернинг ҳам Буюк Британиядаги активлари музлатилиши, Буюк Британияга кириши ва жисмоний ва юридик шахслари билан бизнес юритиши тақиқланиши белгиланган.

Бу Ротенбергга биринчи марта санкция қўлланилиши эмас. У 2014 йилда Россия Қримни аннекция қилганидан кейин АҚШ санкциялари ва активлари музлатилган 16 нафар россиялик амалдордан бири бўлган ва АҚШ Молия вазирлиги маълумотларига кўра, Путиннинг яқин доиралари аъзоси сифатида белгиланган.

Forbes маълумотларига кўра, Борис Ротенберг акаси Аркадий билан бирга йирик корпоратив қурилиш компанияси бўлган SGM гуруҳининг ҳам эгасидир ва у 1,2 миллиард доллар бойликка эга. АҚШ Молия вазирлиги маълумотларига кўра, ака-ука Ротенберглар Россияда Путин ҳукмронлиги даврида катта бойлик тўплаган ва Сочи Олимпиадаси учун 7 миллиард долларга яқин шартномалар олган.

Айни пайтда Аркадийнинг ўғли Игор ҳам санкциялар рўйхатига тушган.

Европа иттифоқининг янги санкциялари

28 феврал куни Европа иттифоқи янги санкциялар пакетини эълон қилди. У Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков, россиялик тадбиркорлар, компаниялар раҳбарлари ва телебошловчиларга нисбатан чекловларни ўз ичига олади.

Алишер Усмонов

USM ҳолдинг асосчиси, келиб чиқиши ўзбек бўлган рус миллиардери Алишер Усмонов ҳам “қора рўйхат”дан жой олди. Европа Иттифоқи Усмонов молиявий оқимларни сақлаш ишониб топширилган россиялик ишбилармон-мансабдор шахслар орасида Путиннинг “энг севимли олигархи” деб таърифлаган. Бу “мавқе”ни ким эгаллаши Путиннинг хоҳиш-истакларига боғлиқ. Усмонов бизнес муаммоларини ҳал қилишда Путиндан ёрдам олиб келишда гумонланади.

Усмонов темир рудаси ва пўлат ишлаб чиқариш, оммавий ахборот воситалари ва интернет компанияларида улушларга. Энг катта ҳолдинги – пўлат гиганти “Металлоинвест”.

Келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган миллиардер охирги йилларда Ўзбекистонда қатор лойиҳаларга ҳомийлик қилмоқда. Шунингдек, унга тегишли компаниялар сўнгги вақтларда “Капиталбанк” ва “Оҳангаронцемент” акциядорига айланди.

Европа Иттифоқининг 28 февралдаги санкциялари остида қолган россиялик амалдор ва тадбиркорларининг тўлиқ рўйхати:

  • президент матбуот котиби Дмитрий Песков;
  • бош вазир ўринбосари Дмитрий Чернишенко;
  • қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ирек Файзуллин;
  • транспорт вазири Виталий Савелев;
  • Федерация кенгаши биринчи вице-спикери Андрей Турчак;
  • ёзувчи Захар Прилепин;

тадбиркорлар:

  • пўлат ишлаб чиқарувчи “Северсталь” таъсисчиси Алексей Мордашов;
  • молиявий соҳадаги “Альфа-Групп” эгаларидан бир Михаил Фридман;
  • USM Holdings ва бошқа компаниялар асосчиси Алишер Усмонов;
  • “Альфа банк” президенти Петр Авен;
  • мусиқачи Сергей Ролдугин;
  • Шереметево  аэропорти директорлар кенгаши раиси Александр Пономаренко (бир неча соат олдин истеъфо берди);
  • Volga Group инвестицион гуруҳи таъсисчиси Геннадий Тимченко;

компания раҳбарлари:

  • “Роснефт” раҳбари Игор Сечин;
  • “Транснефт” раҳбари Николай Токарев;
  • “Промсвязбанк” раҳбари Петр Фрадков;

ОАВ ва етакчи давлат каналлари ходимлари:

  • Тигран Кеосаян;
  • Антон Красовский;
  • Аркадий Мамонтов;
  • Олга Скабеева;
  • Модест Колеров;
  • Роман Бабаян;

ҳарбийлар:

  • Қора денгиз флоти штаб бошлиғи Сергей Пинчук;
  • Жанубий ҳарбий округ қўмондони ўринбосари Алексей Авдеев;
  • Жанубий ҳарбий округ қўмондони ўринбосари, Россия Қаҳрамони Рустам Муродов;
  • Жанубий ҳарбий окрук 8-гвардия умумқўшин армияси қўмондони Андрей Сичевой.

28 февралдаги рўйхатга тушганларга нисбатан айнан қандай тақиқлар қўйилгани ҳозирча тўла аниқ эмас. Бу санкциялар эълон қилинишидан бир кун олдин Европа Иттифоқи Кремлга яқин олигархларнинг активлари аниқланиши ва музлатилиши, уларга “олтин паспортлар” сотилиши тақиқланишини маълум қилганди.

1 март куни АҚШ президенти Жо Байден АҚШ ўз иттифоқчилари билан махсус гуруҳ тузиши, бу гуруҳ “Россия олигархларининг жиноятларини тергов қилиш” билан шуғулланишини эълон қилганди.

Мавзуга оид