Тошкентда Эроннинг ШҲТга кириши тартиби келишиб олинди
2022 йил 11 март куни Тошкент шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ва Эрон ваколатли вакилларининг маслаҳатлашувлари якунлари бўйича протоколни имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, ҳужжатда Эрон томонининг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш бўйича мажбуриятлари тўғрисидаги меморандум лойиҳаси маъқулланди.
Билдирилишича, протоколнинг имзоланиши ўтган йили ШҲТнинг Душанбе саммитида саккиз давлат раҳбарларининг Эронни ташкилотга аъзоликка қабул қилиш тартибини бошлаш тўғрисидаги қарорини рўёбга чиқариш йўлида муҳим амалий қадам бўлди.
Ҳужжат Эрон томони аъзо бўлганидан кейин ШҲТ хартияси, халқаро шартномалар ва ташкилот доирасида қабул қилинган ҳужжатларнинг мақсад ва тамойилларига риоя қилиш, аъзо давлатлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда ШҲТнинг халқаро ва минтақавий масалалардаги нуфузини оширишга ўз ҳиссасини қўшишга тайёрлигидан далолат беради.
Мазкур жараённинг навбатдаги босқичи жорий йил сентябр ойида Самарқандда бўлиб ўтадиган ШҲТ саммити доирасида Мажбуриятлар тўғрисидаги меморандумни имзолаш ва ушбу мажбуриятларни бажариш бўлади. Шундан сўнг ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари Эронга ШҲТга аъзо давлат мақомини бериш масаласини кўриб чиқади.
Ташқи ишлар вазири ўринбосари Владимир Норов ўз нутқида Эрон 2005 йилдан буён кузатувчи давлат сифатида ШҲТ фаолиятида иштирок этиб келаётганига эътибор қаратди. Мамлакат минтақавий хавфсизлик масалалари бўйича асосий органлар йиғилишларида ва маслаҳатлашувларда мунтазам иштирок этади. Хусусан, Эрон ваколатли тузилмалари ШҲТнинг минтақавий аксилтеррор тузилмаси билан амалий алоқаларни ўрнатган ва олиб бормоқда.
«Эрон каби давлатнинг ШҲТга кириши ташкилотнинг «географик масъулият» ҳудудини кенгайтиради, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш учун янги истиқболларни очади. Ташкилотимиз Евросиё маконида кенг трансконтинентал ҳамкорлик сари ишонч билан бормоқда. Бу, шубҳасиз, минтақавий ва глобал кун тартибидаги долзарб масалаларга янгича қараш имконини беради», — деди В.Норов.