Ўзбекистон | 23:21 / 18.03.2022
33607
5 дақиқада ўқилади

«Балки сизга эски коррупциялашган тизим кўпроқ ёқар» — Алламжонов Кушербаевнинг танқидига жавоб қайтарди

Комил Алламжонов Олий Мажлис депутати Расул Кушербаевнинг давлат имтиҳон марказлари қарорларга зид равишда ёпилгани ҳақидаги фикрига жавоб қайтарди.

Фото: Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди

«Ҳурматли депутатимиз Расулжон Кушербаевнинг ёзган постларининг бизга тегишли қисмига ўз муносабатимни билдирмоқчиман.

Тошкент шаҳри учун хизмат кўрсатаётган ҳозирча ягона бўлиб турган «Имтиҳон маркази» тўлиқ Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мос равишда фаолият юритмоқда. Марказ бугунги кунда 800 дан ортиқ фуқародан имтиҳон олиш имкониятига эга. Марказ очилгунига қадар Тошкент шаҳридаги 3 та ГАИ имтиҳон олиш бўлимлари (кичкина-кичкина, ҳар хил туманда умумий шаҳар бўйича 4-5 тагина хонадан иборат бўлган) кунига 400 нафар одамдан имтиҳон олган.

Демак, бундан келиб чиқадики, бизнинг замонавий, барча стандартларга жавоб берувчи «Имтиҳон марказ» аввалги имкониятдан 2 баробар катта ва энг асосийси, катта автоматлаштирилган автодром, компьютерлаштирилган хоналарига эга. Навбатлар йўқ деярли. Кўп хоналари бўш ҳам турибди. Ва шу кунгача ҳали бирор марта аввалгидек 400 нафар уёқда турсин, ҳатто 200 нафар ҳам одам келмади.

Энди вилоятлар кесимига келсак, у масалага бизнинг алоқамиз йўқ ва аниқ биламанки, ички ишлар вазирлигининг асосланган ўз жавоби бўлса керак. Хуллас, у ерда бизнинг марказ йўқ. Ва ҳаммаси бутун Тошкент маркази учун деган шаъмали эътироз ўринсиз. Ҳеч қачон Қашқадарёдан ёки Сурхондарёдан келиб Тошкентда имтиҳон топширишмайди. Устига устак, бизда фақат билим талаб қилинади. Логикани тушуняпсиз, деган умиддаман», деган Комил Алламжонов.

У имтиҳонлардан ўтиш осон бўлган эскича тизимни қўмсаганларгина янги тизимдан норози бўлиши мумкинлигига урғу қаратган.

«Соққа» қилишга келсак, айнан «соққа» ҳар соҳанинг драйверидир. Сизнингча фикрланса, сиз ҳам фақат «соққа» учун ишлайсиз ва «соққа қиласиз», чунки текинга ишламайсиз-ку (ўзингиз айтгансиз шу гапни). Аслида «соққа» қилиш гуноҳ эмас. Жиноят ҳам эмас. Албатта, уни қандай қилиш муҳим. Масалан, биз ҳозирда ҳаммасини қонуний қиляпмиз. «Соққа» туфайли Марк Цукерберг Facebook, Илон Маск Tesla, Дуров Telegram, Стив Жобс iPhone’ни яратди. Агар «соққа» келмаса, бундай технологик ривожланиш бўлмас эди.

Сиз ёш ва замонавий, ватанпарвар, энг асосийси, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш партияси депутати сифатида бизни яхши тушуниб, хусусийлаштириш тарафида бўлишингиз керак деб ўйлайман. Яна билмадим. Балки сизга эски коррупциялашган тизим кўпроқ ёқар. Сайловчилар, тайинловчилар сизга мурожаат қилишса, дарров қилич кўтариб кетмай уларни кўпроқ ўқишга, билим олишга чақирсангиз, бугунги сиёсатнинг асл ёрдамчиси бўласиз деб ўйлайман. Сайловчиларингиз саволи менга жуда қизиқ. Худдики «Имтиҳон маркази»ни қўллаш эмас, қийналиб кетганидан эскисини қайтариб беринг, дейишаётгандек. Яна ким билсин!

Ишларингизга омад. Вақтингиз бўлса келинг бир айланиб. Жон деб кутиб олиб, энг замонавий, ҳақиқий имтиҳон марказини кўрсатамиз. Жуда кўпчилик ўта олмаяпти. Чунки билими йўқ. Сайловчиларингиз (улар Тошкент вилоятидан бўлса керак) қўмсаётган тизимда шулар балки юз фоиз ўтиб кетар эди. Кўчадаги аҳволни кўриб турибсиз. Сиз қайтариш керак деган тизим натижаси бу», дея постини якунлайди Алламжонов.

Аввалроқ депутат Кушербаев кенг жамоатчилик ва сайловчилардан бўлаётган мурожаатларни инобатга олиб, Тошкент шаҳрида ҳайдовчилар учун имтихон олувчи «Ягона имтиҳон маркази» фаолиятининг йўлга қўйилиши ва давлат имтиҳон марказлари ёпилишида истеъмолчилар ҳуқуқлари, рақобат ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига риоя этилиши масаласида Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси номига «депутатлик сўрови» киритгани ҳақида хабар берганди.

Ушбу сўровга қўмитадан келган жавобда республиканинг баъзи ҳудудларида (Қашқадарё вилоятида 2 та, Сурхондарё вилоятида 3 та ҳамда Тошкент вилоятида 6 та) давлат имтиҳон олиш марказлари ушбу соҳада етарли миқдорда хусусий сектор субъектлари ташкил этилмай туриб, президент қарори талабларига зид равишда ёпилгани айтилган.

«Демак, бундан хулоса келиб чиқадики, битта тадбиркорлик субъектининг тезроқ «соққа ишлаши»га имконият бериш учун шошиб-пишиб бошқа давлат имтиҳон марказларини ёпиш орқали президент қарори талаблари ҳам бузилган», деганди депутат.

Мавзуга оид