Жамият | 15:21 / 20.03.2022
42514
10 дақиқада ўқилади

«Отма таёқ», «Ғирбойди», «Дим-дим» – йўқолиб бораётган халқ ўйинларидан қайсиларини биласиз?

Халқ ўйинлари боланинг жамиятга қўшилиши, ўзига баҳо бера олишида асосий восита бўлган. Ўйинлар гаджетларга кўчгани сабаб яқин келажакда миллий ўйинларнинг тарихга айланиш эҳтимоли йўқ эмас. Kun.uz шундай ўйинлардан айримларини эслаб ўтади. 

Кўклам келиши билан ерлар, қир-адирлар танига иссиқлик югуради. Бундай пайтда қиш бўйи уйга беркинган болалар азалдан кўчаларга чиқиб ўйинлар ўйнашган. Бироқ охирги ўн йилликда болалар ўйнаган халқ ўйинлари гаджетларга кўчди ва улардаги жисмоний фаоллик аста-секин пасайиб боряпти.

«Пахтакор» спорт жамиятининг миллий кураш бўйича мураббийи Баҳриполвон Насриддинов неваралари. Наманган. 1985 йил / Фото ЎзАрхив

«Миллий ўйинлар болани жамиятга қўшади»

Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт институти филология факултети фолклор бўлими раҳбари Шомирза Турдимовнинг айтишича, миллий ўйинларнинг кўпи 2010 йилдан кейин деярли ўйналмай қўйган ва улар компютер, телефонларга кўчган.

Унинг фикрича, миллий ўйинларнинг болани жамиятга қўшишдаги ўрнини ҳеч нима билан тўлдириб бўлмайди.

«Ўйинлар – боланинг ҳам ақлан, ҳам жисмонан ривожланишига ёрдам беради. Ўйин болани жамиятга аралаштиради. Унинг жамиятдаги ўрнини топишига сабабчи бўлади. Чунки ўйинда бола ўйинбоши бўлади, иштирокчи бўлади, унга жамият, дунё ҳақида билим беради. Энг қизиғи бу билимлар болага мажбуран эмас, унга завқ уйғотиб ўргатилади. Бизнинг халқ педагогикамиз моҳияти ҳам шундан иборат», дейди у.

Гаджетлардаги ўйинлар тасаввурни, ақлни чархлаши мумкин, лекин компютер ўйинлари деярли ҳаракатсиз ўйинлардир. У ерда бола фақат кузатиш билан банд бўлади.

Шомирза Турдимов компютер ўйинларига маълум миқдорда инсонни ҳаракатга келтирадиган, уни фаоллаштирадиган шартларни қўшиш, ўйлаб топиш кераклигини айтади. Шунда эски ўйинларнинг моҳиятини сақлаб қолиб, янгилаш мумкин.

«Ҳеч нарса янгидан пайдо бўлган эмас. Бугун яратилаётган компютер ўйинларининг асоси ҳам ўйин қаердан келаётган бўлса, ўша халқнинг фолклори, адабиёти, санъатига таянади. Биз фақат истеъмолчи бўлишимиз керак эмас. Бизнинг ҳам санъатимиз, фолклоримиз бор. Шуларни компютер ўйинларига қўшиш керак», дейди у.

Ўзбекистон ҳудудида тарихан жуда кўп миллий болалар ўйинлари бўлган ва улар авлоддан авлодга ўтиб келган. «Оқ теракми-кўк терак», «Беркинмачоқ», «Ошиқ», «Бойчечак», «Хола-хола», «Қорхат», «Кўпкари» каби ўйинлар рўйхатини мингга етказиш мумкин. «Ўзбек халқ миллий ўйинлари» китоби муаллифи Рўзиқул Мустафоқулов ана шундай миллий болалар ўйинларининг юздан ортиғини йиғган. Улардан қачонлардир кенг тарқалган ва ҳозир кам ўйналадиган бир нечтасига мисол келтирамиз.

Ғирбойди

Бу ўйинда икки бола беллашади. Ўртага доира чизилади. Доира ўртасида ўйинчилардан бирининг қалпоғи қўйилади. Иккинчи ўйинчи 20 қадамлар чамаси узоқликдан туриб чилликнинг энасопи билан қалпоқни уриб доирадан чиқариши керак. Ёки қалпоғига неча марта тегса, шунча марта очко йиғади. Дўппига тегдира олмаса, навбат иккинчи ўйинчига берилади.

Ютган киши қалпоқни қирра ликопчадай қатлаб, беш марта ирғитади. Бешинчи марта ирғитганда қалпоқ қаерга бориб тушса, ютқазган ўйинчи ўша жойдан то пойга жойигача зувиллаб бориб келиши керак. Ўйин яна бошдан бошланади ва шу тартибда давом этади.

 «Рўмол ол» халқ ўйини. Тошкент Ипподром. 1965 йил / Фото ЎзАрхив

Чорпўчоқ

Бу ёнғоқ билан ўйналадиган ўйин бўлиб, у болаларни ҳисоб-китобга, аниқ мўлжал олишга, иноқлик ва иттифоқлик, ютса ҳам ютқазса ҳам, мардлик кўрсатишга ўргатади. Ўйин асосида осойишталик, саранжомлик ётади. Бу ўғил ва қиз болалар ўйини бўлиб, унда икки ёки ундан ортиқ киши қатнашади. Ҳар бир ўйинчи ўрик данаги ёки ёнғоқ уюмларига эга бўлади. Уларнинг иккитасини чақиб, икки палла пўчоғини олади. Ўйин қуроли ана шундай пўчоқ ҳисобланади.

Ютуққа иккитадан данак ёки ёнғоқ қўйилади. Ўйин барча ўйинчилар келишуви асосида бошланади. Биринчи ўйинчи пўчоқларни ерга ташлайди. Ерга пўчоқларнинг ҳаммаси ёки иккитаси ёпиқ ҳолатда тушса, ўйинчи ютган ҳисобланади ва ютганига иккинчи ўйинчидан икки данак ёки ёнғоқ олади. Ўйинни яна ўзи давом эттиради. Борди-ю, пўчоқларнинг аниқ учтаси ёки биттаси очиқ ҳолда ерга тушиб қолса, ўйинчи ҳеч қандай ютуқ ололмайди. Ўйинни эса навбатдаги ўйинчи давом эттиради.

Хеззов

Қувлашмачоққа ўхшаш ўйин. Унда бир бола югуради, иккинчиси унинг изидан қувади. Агар қувиб ета олмаса, ета олмагани учун хапачак бўлиб чопади. Хапачак деб бир оёғини кўтариб югуришга айтилади.

Андижон ва Ўш вилояти аҳолиси арқон тортишмоқда. Андижон. 1998/Фото ЎзАрхив

Сичқон ва мушук

Ўйиннинг асосий таркибида 10 нафар ва ундан ортиқ бола қатнашиши мумкин. Болалар қўл ушлашиб доира ҳосил қилади. Улар орасидан бири сичқон ва яна бири мушук сифатида танланади.Болалар айлана ҳосил қилиб, бир-бирларининг қўлларини занжирсимон ушлаб туришади. 

Мушук сичқонни давра айлантириб қувади. Сичқон болалар орасидан доира ичига ҳам кириб кетиши мумкин. Мушук учун бундай имконият йўқ. Мушукни киритмаслик учун болалар қўлини пасайтириб, унинг йўлини тўсишади. Мушук сичқонни қувиб етса, иккиси ўрин алмашади.

Кураш. Фарғона. 1949 йил / Фото ЎзАрхив

Отма таёқ

Бу ўйин иккитадан бўлиб ўйналади. Бир бола таёқни отади, иккинчи бола ўз таёғини отиб, олдинги отилган таёққа тегдириши керак. Тегдира олмаса, таёғи тегмаган бола олдинги отилган таёқнинг эгасини таёқ тушган жойгача кўтариб боради. Агар тегдирса, олдинги таёқ отган бола таёғи теккан болани таёғи тушган жойгача кўтариб боради. Таёқ навбатма-навбат отилади

Арқон тортиш

Ўйинни ўтказиш пайтида ўртага ҳакам тайинланади. Иккала гуруҳ ўйинчилари бир-бирлари билан юзма-юз турадилар. Ўртада кўндаланг чизиқ чизилади. Арқоннинг ҳам ўртасига қизил ип боғлаб қўйишади. Қайси гуруҳ аъзолари беллашувчиларни чегара чизиғидан олиб ўтса, ўйин тўхтатилади ва ғолиблик эълон қилинади.

Ғаллаорол туманида арқон тортиш баҳсида қизлар. Жиззах. 1995 йил / Фото ЎзАрхив

Гулчамбар

Бу ўйин баҳорнинг айни гуллар очилган пайтида ўйналади. Ўйинда 10-15 бола иштирок этади. Қатнашчиларнинг ҳар бирининг қўлида исталганча турли-туман гул бўлиши мумкин. Ўйинбоши доира шаклида турган болаларнинг ўртасига чиқиб, бир гулнинг номини айтади. Шу гулни ушлаб турган иштирокчи гулнинг ўсиш шароити ҳақида гапириб беради.

Бундай ўйинлар болаларнинг табиатга меҳр уйғотиш, қолаверса сўзларни тўғри талаффуз қилиш, кўпчилик орасида ўз фикрини қўрқмай айта олиш қобилиятларини шакллантиради.

Миллий улоқ ўйини томошабинлари. Навоий. 1999 йил / Фото ЎзАрхив

Дим-дим

Бу ўйинда болалар гапирмай жим туришади. Ўйинчилардан чидамлилик, кучлилик ва ирода талаб этилади. Болалар 2 гуруҳга бўлиниб, уларга бир нафар бошчи сайлашади. Бошчилар қайси гуруҳ ғолиб бўлса, бирор шарт бажаришига келишишади.

Шундан кейин гулдур-гуп дейилади ва ҳеч ким гапирмаслиги керак. Бир гуруҳ рақиб гуруҳни гапиртириш учун турли ҳаракатлар бажаради. Кимдир баландликдан сакрайди, кимдир ўзини сувга ташлайди. Қайси гуруҳ болалари биринчи гапирса, ўша гуруҳ мағлуб ҳисобланади.

Ҳосил байрамида қиличбозлик. Тошкент. 1973 йил / Фото ЎзАрхив

Қорхат

Ерга биринчи қор тушиши билан одамлар бир-бирига қорхат ёзади. Қорхатнинг тахминий мазмуни қуйидагича:

«Ҳурматли, ...  опа ёки ака. Авваламбор сизни шу биринчи қор билан қутлайман. Сизга узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилайман. Марраси ҳовлимиз эшигигача. Удумимизга кўра, сиз қуйидаги шартларни бажаришингиз керак:

дастурхон безатиб, бир қўлбола ош дамлаб, зиёфат қилиб берасиз. Зиёфатга фақат кўнглингизга яқин кишилар ташриф буюрадилар».

Қорхатни ёзган киши кимнинг номига бўлса, ўшанга олиб бориб бериши керак. Қорхат аталган одам хатни қўлига олса, қорахатга тушган ҳисобланади. Ёзган киши хатни бериб орқага қараб қочади. Ўз дарвозасига етгунича қўлга тушмаслиги керак. Қўлга тушса, хатда ёзган шартларини ўзи бажариши керак.  

Ҳосил байрами. Тошкент. 1973 йил / Фото ЎзАрхив

Зўр билак

Ўйинда кимнинг билаги кучлилиги аниқланади. Ўйин ётган ва ўтирган ҳолда ҳам ўтказилиши мумкин. Ўйинчилар ўнг ёки чап қўлларининг панжаларини бир-бирига кийиштирган ҳолда билакларининг кучини синайдилар. Кимнинг билаги ерга ботиб тегса, ютқазган ҳисобланади.

Юқорида номлари келтирилган ўйинларнинг аксари номи ёки шартлари бироз ўзгарган шаклда Ўзбекистон вилоятлари бўйлаб тарқалган.

Мустақиллик байрамида дорбоз ўйинлар. Ташкент, Янгийўл. 1997 йил / Фото ЎзАрхив
Қишлоқ чавандозлари мусобақаси. Тошкент, Ипподром. 1970 йил / Фото ЎзАрхив

Суратлар ЎзАрхив агентлиги таркибидаги «Кинофотофоно» ҳужжатлар архивидан олинди.

Зуҳра Абдуҳалимова тайёрлади.

Мавзуга оид