“Миркамолим ёлғиз қолган, мени унинг ёнига қўйинглар!” – Тўти Юсупованинг сўнгги васияти
15 март куни халқимизнинг суюкли фарзанди, театр ва кино санъатининг йирик намояндаси, ўзбек онасининг тимсоли бўлган санъаткор Тўти Юсупова 86 ёшида вафот этди. Ўзбекистон халқ артисти, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби Тўти Юсупова биргина “Келинлар қўзғолони”даги Сотти образи билан ўзбек томошабинининг кўнглидан жой олиб бўлган. Раҳматли актрисани ҳамкасблари, яқинлари илиқ хотиралар билан эслашади.
Эркин Комилов, Ўзбекистон халқ артисти:
– Кечагина театрга кириб келиб, кечагина Тўти опа билан танишгандаймиз. Ерга урса осмонга сапчийдиган аёл эди. Аллоҳ Ерда менинг халифаларим яшайди деб айтган, бандаларини халифаларим деб улуғлаган. Таъбир жоиз бўлса, Тўти опам театримизнинг халифаси эди. Онахонимиз эди. Яқиндагина оқ рўмолларда театрга кириб келганлари шундоққина кўз ўнгимда турибди.
Тўти опамни Аллоҳ жуда кўп синади. Аввал бир ўғлидан жудо қилди, кейин яна бир ўғлидан айирди. Ундан кейин Мирғиёс акам (актрисанинг турмуш ўртоғи, актёр ва дубляж режиссёри Мирғиёс Соатов назарда тутилмоқда – таҳр.) оламдан ўтдилар. 2019 йили турмуш ўртоқлари ўтганларидан кейин ўзларини анча олдириб қўйдилар. Лекин шундай бўлса ҳам ўлимидан бир ҳафта аввал саҳнага чиққандилар. Спектакль бошланишидан аввал парда олдига чиқиб, халққа мурожаат қилгандилар. Умр шунақа экан...
Тўти опам ҳаётда театрда овозларини баланд кўтариб гапирмаган. Мен эсимни танибманки, у киши бировнинг дилига озор бермайдиган қилиб гапирарди. Агар ёшларнинг орасида бирон нарса бўлса, ёнларига чақириб, жуда чиройли тушунча бериб қўярдиларки, ёшлар ҳам уларнинг айтганларини оғринмай қабул қилишарди. Кўпчилик Тўти опамни ўзининг онасидай ардоқларди. Фазилати, карами кенг, беғубор аёл эдилар.
Тўти опам билан саҳнада кўп спектаклларни бирга ўйнаганман. Айниқса, режиссёр Олимжон Салимов Саид Аҳмаднинг “Уфқ” романи асосида саҳналаштирган драма ёдимда қолган, ушбу асарда у киши Жаннатни ўйнардилар, мен эса Икромни ўйнардим. Жаннат ва Икром эр-хотин бўлишган. Икром урушда бир оёғидан ажраб уйга қайтадиган саҳна бор. Шу ерда ўз ролимни ўйнарканман чидаб туролмасдим. Тўти опамнинг бутун вужуди гапирарди. Мен партнёр сифатида буни сезиб турардим.
“Келинлар қўзғолони”даги Соттини олинг. Бутунлай бошқача образда намоён бўлганлар. Сақич чайнаб юрганда сақични олиб рўмолига ёпиштириб қўйиб, қўнғироққа жавоб бераркан, минг йиллик қадрдонлардай гаплашади-ку, шу пайт қайнонаси келиб: “Ким билан гаплашяпсан?” деб сўраса, “Вой, сўрамабман, ҳозир сўрайман. Ҳой, кимсиз” дейди-ку, шугина эпизод билан ўзбек характерини жуда чиройли қилиб очиб берган. Сотти деганда менинг кўз олдимга Тўти опам келарди.
У киши билан “Келинлар қўзғолони” спектаклида 800 марта бирга ўйнаганман. 800 марта! Ўрисларда “фалш” деган нарса бор, Тўти опам билан бирор марта бу ҳолат содир бўлмаган. Саҳнага нисбатан меҳр, масъулият жуда кучли эди. Театрнинг онаси эди у киши.
Тўти опам жуда оқибатли, меҳрли аёл эди. Бошқаларга доим меҳр-оқибат кўрсатганлари учун ҳам Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Лола Элтоева умрининг охиригача у кишига худди ўзининг онасидай ғамхўрлик қилди. Сўнгги нафасларигача Лола Тўти опамнинг бошида турган. У киши Лолага бутунлай бошқача меҳр қўйганди. Ўзи ҳамма актрисаларимизниям яхши кўрганлар, уларнинг ичида Лолага алоҳида меҳр қўйгандилар.
Лолаям у кишига алоҳида меҳр қўйганди. Бир кун бўлсин ёлғиз ташлаб қўймаган. Съёмкада, репетициядан бўш бўлган заҳоти Тўти опамникига чиқарди. Бўлмаса уларнинг ўз болалари бор, эри бор, уйларида ўзига яраша юмушлари, югурлари бор, рўзғорнинг камчиликлари бордир. Лола бунга қараб ўтирмасди. Ҳозир театримиздаги ҳамма уни дуо қиляпти.
Раъно Ярашева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:
– Тўтихон ая энг яқин устозимиз ва маслаҳатчимиз эди. Уйлари театрнинг шундоқ биқинида эди. Репетициялардан бўш вақтимиз бўладими, спектаклга эртароқ келиб қоламизми, чопиб уйларига чиқардик. Кириб борганимизда ҳамиша дастурхонлари ёзиғлиқ бўларди. Қўллари ширин эди.
У киши бутун мамлакат танийдиган, бутун мамлакат ардоқлайдиган, кўпчилик ҳавас қиладиган даражада эъзозли инсон эдилар. Икки нафар ўғилларидан айрилгандилар. Биттагина қизлари – Марҳабохон опамиз фарзандлик бурчларини жуда чиройли ўтадилар, фарзандлари билан биргаликда у кишини ардоқлаб, меҳр-муҳаббатларини дариғ тутишмади.
Лекин мен Тўти Юсупованинг қизлари битта эмас демайман. Тўти опамнинг Муяссархон, Манзурахон, Лола Элтоева деган қизлари бор. Бундан ташқари, Муҳаббатхон, Озодахон исмли ҳожи оналаримиз, шоирамиз Фарида Афрўз, устозим, Ўзбекистон халқ артисти Рихси Иброҳимова у кишини моддий-маънавий қўллаб-қувватлаб келишди.
Тўти опам мамлакатнинг қайси нуқтасига борсалар ҳамиша севимли бўлиб қолдилар. Юрагимга таскин берадиган яна бир нарса шуки, шунча ғам-ғусса, шунча йўқотишлар, шунча дард, шунча қийинчилик – ҳаммасини тик оёқда ўтказдилар. Умрларининг охирги нуқтасигача оёқлари ўзларига хизмат қилди, ақллари, тиллари, қўллари ўзларига хизмат қилди, ётиб қолмадилар. Буям инсон учун жуда катта бахт деб ўйлайман. Тўшакка михланиб қолиб, бошқаларнинг ёрдамига муҳтож бўлиб қолганлари йўқ. Дунёдан ўтишларидан бир ҳафта ўн кунча олдин ҳам саҳнага – томошабин қаршисига чиқдилар. Буни матонат дейди, буни бардош дейди.
Яна бир нарсани айтмоқчиман, бу нарсани айтиш қанчалик тўғри билмадим. Ўзбек аёли, ўзбек онаси охирги дақиқагача болам деркан-да. 2008 йилда кичик ўғиллари Миркамол дунёдан ўтганда Кўкча қабристонига қўйилганди. Ўлимларидан олдин: “Миркамолим ёлғиз қолган, мени унинг ёнига қўйинглар!” деб васият қилибдилар. Ҳаттоки жон бераётгандаям она болам деркан-да.
Лола Элтоева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:
– Ҳозир шунақа ҳиссиётдаманки, ота-онам раҳматлини бериб қўйганимда шунақа ҳиссиётни бошдан кечиргандим, худди ҳозиргидек жуда ёмон қийналгандим.
Раҳматли устозимиз дардга жуда чидамли инсон эдилар. Бунақа дардни ҳаммаям кўтара олмайди. У кишига давлатимиз томонидан кўрсатилган ғамхўрлик, эътирофлар ҳаммамизга насиб қилсин. Аллоҳга беҳисоб шукур, доимо эъзозда бўлдилар.
Тўти опам 10 март куни 86 ёшни қаршилагандилар. Шунақа хурсанд бўлгандим ўша куни. Туғилган кунларида шифохонага бордик. Ўша куни Кинематография агентлигидан Барнохон қўнғироқ қилиб раҳбаримиз Тўтихон аяни табриклашимиз керак, алоҳида табригимиз бор деб айтяптилар деганди. Шифохонанинг бош шифокори, даволовчи шифокорлардан рухсат олиб, катта гулдаста ва совға-саломлар билан палаталарига кириб бордик. Шунақа хурсанд бўлдилар, шунақа хурсанд бўлдилар.
Гулни яхши кўрардилар. Йўқлаб келганларнинг гулларини гулдонларга солиб қўйсам, уларни кўриб завқланардилар. “Қара, буларнинг чиройлилигини”, деб айтардилар менга. Раҳматли жуда дуогўй инсон эдилар. Кўп дуо қилардилар, ҳаммага узоқ умр тилардилар.
“Жаҳолат алангаси” видеофильмида онамнинг ролини Тўти опам ўйнайди дейишганда жудаям қаттиқ ҳаяжонланганман. Қанақа бўларкин, мени қабул қилармикинлар деб ўйлаганман. Чунки энди санъатга кириб келаётган ёш актриса эдим. Ўзимни актриса деб ҳисоблай олмасдим у пайтлар. Менга бу ролни беришганида хурсанд бўлиб кетгандим. Раҳматли ота-онам ҳам Тўти Юсупова билан роль ўйнашимни эшитишганида роса қувонишганди.
Тўти опам билан биринчи марта Намангандаги саҳнада кўришганимда жуда камтар, самимий, оддий инсон эканликларини кўриб қойил қолганман. У киши билан илк марта ҳеч қандай репетициясиз роль ижро этишимга тўғри келган. Шундан кейин у киши бу қизни албатта ўзимизнинг театрга олиб келаман, театримизда ишлаши керак, ҳар томонлама бизнинг театрга мос экан деб айтган эканлар. Буни кейинчалик менга режиссёримиз раҳматли Нуриддин ака Қосимов айтиб бергандилар. “Ҳали ҳаётингда жуда катта ўзгаришлар бўлади, сени мана шу театрга лойиқ деб кетдилар”, дегандилар ўшанда.
“Ҳеч ким касал бўлмасин” деб кўп айтардилар. Айниқса, охирги пайт шу гапни кўп-кўп такрорлардилар. Тўти опажоним нафақат биз санъаткорларнинг, балки бутун Ўзбекистоннинг меҳридарё онаси эдилар. Билардим, ўтган замонда гапириш оғир экан жуда. Менга билдирган ишончларини умрим охиригача оқлаш учун Аллоҳим менга куч-қувват берсин! Охиратлари обод, жойлари жаннатда бўлсин.
Элмира Боситхонова, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари:
– Ким биландир таниш бўлганим, бу билан ғурурланишим тўғрисида деярли ҳеч қачон гапирмаганман. Лекин Тўтихон опам билан таниш бўлиб, мулоқотда қилиб, Хотин-қизлар қўмитасида ишлаганимда миллий анъаналаримизни сақлаб қолиш, аёлларимиз ва қизларимизнинг ўзбек миллатига хос қадриятларини шакллантиришда у кишининг истеъдодларидан фойдаланиб, шу йўлда биргаликда ҳаракат қилганмиз. Бу ҳамкорлик мен учун жуда ҳам қимматли.
Тўтихон опа билан бирга ёнма-ён ўтириб кўп суҳбатлашардик. У кишини кўрган залдаги барча аёллар – улар турли хил даражада тарбия кўрган, уларнинг санъатга муносабати ҳам турлича бўлган – ҳаммасининг кўзи бир хил ёнишни бошларди. Бу уларнинг истеъдодларининг кучидан деб биламан. Бу ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Ва ҳаммага ҳам ўзбек аёлининг сиймоси бўлиш насиб этмайди. Мен ўзбек аёлининг сиймоси бўлган актриса билан бирга ишлаганимдан, жамиятимиздаги аёлларнинг маънавий дунёсини бойитишда иштирок этганимдан айниқса бахтлиман.
Соғлиқни сақлаш вазирлигига ишга ўтганимдан кейин хўжайинларининг касаллиги туфайли Тўтихон опамлар билан бир неча марта суҳбатлашдик. Ўзларининг ҳам саломатликларида муаммо бўлишига қарамасдан хўжайинларига жуда ғамхўр эдилар. Оилада кимдир касал бўлса, қандайдир бир бетартиблик, жонсараклик кузатилади. Тўти опамларникига борганимда бунинг аксини кўрардим. Саришта, озода, фариштали хонадонга кириб борганман. Уйларидан гул ҳиди келарди. Бемор бор хонадонга ўхшамасди. Бу – албатта вафодор, саранжом-саришта аёлнинг хизматлари. Мен Тўтихон опани нақадар кучли аёл, намунали уй бекаси эканликларини кўргандим.
Гулчеҳра Рустамова, Тўти Юсупованинг жияни:
– Холам билан жуда яқин эдик. Сўнгги марта гаплашганимизда: “Болам, келмайсанми?” деганлари қулоғимда қолиб кетди. Онамнинг вафотларидан кейин холамга суяниб қолгандим. Тушимда онамни кўрсам, бу ҳақда ҳеч кимга айтмасдан холамнинг ёнларига чопардим. Мени жуда яхши кўрардилар. “Гулчи” деганлари ҳеч қулоғимдан кетмайди.
Онам билан холам иккитагина опа-сингил эдилар. Жуда яқин бўлишган. Онам серфарзанд бўлганлари, қолаверса, йўл узоқ бўлгани учун холамни кўришга кўп келолмасдилар. Онам ҳаёт пайтлари мобил алоқа ҳам у даражада оммалашмаганди. Соғиниб-соғиниб яшардилар онам бечора.
Икки ўғил, бир келинларини йўқотдилар. Биз ҳам ҳайрон қоламиз шунча нарсага қандай чидаганларига. Бунга поччаям сабабчилар. Раҳматли жуда яхши инсон эдилар. Ҳеч қачон холамни хафа қилдириб қўймасдилар. Ширинсўз эдилар, доим яхши гапирардилар. Холамга хоним деб мурожаат қилардилар. Самарқандга пахтага ўрагандай олиб бориб келардилар. Кўриб ҳавасимиз келарди.
Бир-бирларига суяниб, бир-бирларидан куч олиб олиб яшашган бўлса керак. Зимдан қараганда шунча йўқотишни бошдан кечирган одамга ўхшамасдилар. Биз билан гаплашганларида ҳам буни билдирмасдилар, фақат яхши нарсаларни гапирардилар. Мен нималарни бошдан кечирганларини билардим, лекин бошқаларга айтиб ётмасдилар.
Оналари, яъни бувим чевар бўлганлар. Оналаридан ўтганми, жуда қизиққанлари учун актрисаликдан ташқари ўзлари ҳам эллик йилдан кўпроқ чеварчилик қилганлар. Айниқса, театрда энди иш бошлаганларида моддий томондан қийналганларида кечаси билан чеварчилик қилганларини айтиб бергандилар. Ҳатто бизга ҳам кийим тикиб берганлар. Бир уйларига меҳмонга келганимда тикув машиналарини менга совға қилгандилар. “Уйингга олиб бориб ишлат, чеварчилигимиз тўхтаб қолмасин”, дегандилар.
Нилуфар Насриддинова, Тўти Юсупованинг невара-келини:
– Шу хонадонга, бувижонникига келин бўлиб келганимга 12 йил бўлади худо хоҳласа. Уларнинг келинлари бўлганимдан жуда ҳам хурсандман. Шу аёлнинг қўлларига келиб, тарбиясини олдим, хизматларни қилдим. Йўқотганимга ҳалиям ишонолмаяпман.
Бувижонни қайнонам деб қабул қилганман. Мен ўзи қизларининг келинлариман. Бунақа инсонлар дунёга бошқа келмаса керак. Сабр-бардошни мен бувижондан ўргандим. Ҳаётга бувижоннинг кўзлари билан қарайдиган бўлдим. Ҳамма нарсага сабр қилардилар. Менгаям: “Сабр қилинг, болам, ҳаммаси яхши бўлади”, деб насиҳат қилардилар.
Сиқилсам, нимадир нохуш воқеа бўлиб қолса, сабрга чақирардилар, кечиримли бўлинг деяверардилар. “Ҳаётда ҳамма нарса бўлади. Кечиринг, Аллоҳ учун кечиринг, кўнглингиз хотиржам бўлади”, дердилар гаплашиб ўтирганимизда.
У ёқ – бу ёққа кетиб қолсалар, уйимиз ҳувуллаб қоларди. Хўжайиним билан уйга киргимиз ҳам келмасди. Шифохонага кетганларидан кейин уйимиз ҳувуллаб қолди-я деганимда: “Худо хоҳласа эртага чиқарман, яна гурунглашиб ўтирамиз”, дердилар.
Шифохонадан келганларида болаларим шунақанги хурсанд бўлиб кетишарди. Шифохонага тушиб қолсалар, менга худди бувижон бошқа қайтиб келмайдигандек бўлиб туюлаверарди. Шундай пайт: “Эй Худойим, эсон-омон тузалиб қайтсинлар”, дердим. Яхши бўлиб қайтсалар болаларим бувим келдилар деб роса хурсанд бўлишарди.
Жамшид Ниёзов ёзиб олди.
Журналист Юлдуз Файзий муаллифлигидаги «Ҳар нафасда уйғоқман: Тўти Юсупова яқинлари хотирасида» кўрсатуви асосида тайёрланди.