Жаҳон | 19:46 / 29.03.2022
72897
7 дақиқада ўқилади

Путин ва Зеленский ўзаро учрашиши мумкин. Истанбул музокаралари якунлари

Украина Россияга Қрим масаласида 15 йил давомида ҳарбий ҳаракатларсиз музокара ўтказишни таклиф қилди.

Фото: Сергей Карпухин / ТАСС

Россия ва Украина делегациялари бир муддат танаффусдан кейин Истанбулда музокараларни тиклади. Музокаралар арафасида Киевдагилар минимал мақсад – гуманитар масалаларни ҳал қилиш, максимум дастур эса – ўт очишни тўхтатиш эканини айтганди.

Музокаралар қарийб уч соат давом этди.

«Музокаралар конструктив руҳда ўтди», деди учрашув якунида Россия делегацияси раҳбари Владимир Мединский журналистларга.

У Россия томони Украина томонининг сулҳ тузиш бўйича позицияси ифодаланган таклифларни қабул қилгани ҳақида хабар берди. «Бу таклифлар яқин вақт ичида кўриб чиқилади, президентга етказилади ва тегишли жавоб қайтарилади», деди Мединский.

Қайси масалаларда келишилди, қайсилари очиқ қолди?

Музокараларда Украина делегацияси сафида иштирок этган Александр Чалий Украина тинчлик сулҳи тузиши учун референдум ўтказилиши ва унда фуқаролар таклиф этилган келишув вариантини маъқуллаши кераклигини айтиб ўтди.

Тинчлик сулҳи фақат ўт очиш тўлиқ тўхтатилганидан кейин имзоланиши мумкин. Кейин келишувни Украина парламенти ва гарант-давлатлар парламентлари ратификация қилади.

Ўз навбатида, Владимир Мединский икки давлат ташқи ишлар вазирликлари келишувни тасдиқлаган вақтда Владимир Путин ва Владимир Зеленскийнинг учрашуви ўтказилиши мумкинлигини айтди.

Шу вақтгача Россия томони Украина президенти Владимир Зеленскийнинг Россия раҳбари Владимир Путин билан учрашув ўтказиш борасидаги таклифини эътиборсиз қолдириб келаётганди.

Шунингдек, томонлар Қрим ва Донбасс масаласини алоҳида муҳокама этишга келишишган. Украина томони шундай схема таклиф этган:

  • Қрим ва Севастопол мақоми бўйича музокаралар кейинги 15 йил мобайнида олиб борилади, томонлар бу масала ечими учун қурол қўлламайди;
  • Донбассдаги «халқ республикалари» мақоми ва тақдири масаласи алоҳида пунктга киритилади, уни икки мамлакат президентлари ўзаро учрашувда алоҳида муҳокама қилишлари мумкин;
  • Украина қатор давлатларнинг аниқ ва қатъий кафолатлари мавжуд бўлган тақдирда, ядровий бўлмаган ва блоклардан холи бўлган давлат мақомига рози бўлади.
  • Олдинги пункт (агар бу бўйича келишувга эришилган тақдирда) амалда Украина ҳудудида хорижий ҳарбий базалар ва ҳарбий контингентлар жойлаштирилмаслиги шартини назарда тутади. 
  • Украина ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий иттифоқларга кирмаслиги керак. Украина ҳудудида халқаро ҳарбий машғулотлар фақатгина кафил-давлатлар розилиги билан ўтказилиши мумкин бўлади.

Украина бундай кафил-давлатлар сифатида Буюк Британия, Хитой, АҚШ, Туркия, Франция, Канада, Италия, Польша ва Исроилни кўрмоқда. Уларнинг айримлари олдиндан ўз розиликларини билдириб бўлишган.

Украина таклифига кўра, келишувда кафил-давлатларнинг ўзаро ҳамкорлигининг самарали механизми ҳам белгиланиши керак. Бу моҳиятан НАТО низомидаги 5-модда билан ўхшаш (альянснинг бирор аъзосига ҳужум бутун альянсга ҳужум сифатида қаралади).

Украинага қарши уруш ёки қуролли агрессиянинг бошқа шакли кузатилса, кафил-давлатлар уч кун ичида маслаҳатлашув ўтказишади, кейин эса Украинага ёрдам кўрсатиш уларнинг юридик мажбуриятига айланади.

Украина делегацияси вакили Давид Арахамиянинг аниқлик киритишича, бу таклифлар ҳозирча Россия томонига топширилган ва энди Киев Москвадан жавоб кутади.

Мединский эса Украина томони таклифларини муросага элтувчи конструктив қадам деб атади ва Россия уларни кўриб чиқиб, тегишли жавобни беришини маълум қилди.

Мединский Россия Украина Евроиттифоққа аъзо бўлишига қарши эмаслиги, Киевнинг таклифлари Украинани халқаро ҳуқуқий кафолатлар остида доимий бетараф давлат деб эълон қилишни назарда тутиши, Украина Қрим ва Донбассни ҳарбий йўл билан қайтаришга интилишларидан воз кечиши, Украинанинг хавфсизлик кафолатлари бўйича таклифлари Қрим ва Донбасс ҳудудлари учун тааллуқли эмаслиги ҳақида гапирган.

Ҳарбий ҳаракатларнинг қисқариши

Музокараларнинг илк натижаларидан бири Россия мудофаа вазирлиги Киев ва Чернигов йўналишларида ҳарбий ҳаракатларни кескин қисқартиргани бўлди, Украина қуролли кучлари ушбу ҳудудлардаги россиялик ҳарбийларнинг бир қисми олиб кетилганини маълум қилган.

Мудофаа вазири ўринбосари Александр Фоминнинг сўзларига кўра, бундай қарор «ўзаро ишончни ошириш ва кейинги музокаралар учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида амалга оширилган». Фоминнинг таъкидлашича, Киевдагилар ҳам «келгусида нормал ишлаш учун шарт-шароитлар яратиши керак».

Ўз навбатида, Мединский бу йўналишлардаги деэскалация ўт очишни тўхтатишни англатмаслигини айтиб ўтди.

«Бу ўт очишни тўхтатиш эмас. Аммо бизнинг ҳеч бўлмаганда ушбу йўналишларда вазиятни аста-секин юмшатиш истагимиздир. Биз тушунамизки, Киевда қарор қабул қилиши керак бўлган шахслар бор. Биз бу шаҳарни ортиқча хавф остига қўймоқчи эмасмиз», — деган Мединский.

Музокаралар арафасида Financial Times Россиянинг позицияси юмшагани ҳақида ёзганди. Нашр маълумотига кўра, Москва дастлабки талабларининг бир қисмидан, жумладан Украинани «денацификация» қилишдан воз кечган. Шунингдек, FT Россия Украина ЕИга аъзо бўлишига қарши эмаслиги ва НАТОга кирмаган тақдирда, халқаро хавфсизлик кафолати тақдим этишга рози бўлиши ҳақида ёзганди.

Музокаралар қандай ўтди?

Бу музокаралар икки ҳафтадан ошиқ вақтдан кейинги илк ўзаро учрашув бўлди. Туркияга аввал Россия делегацияси, кейин украинлар етиб келишди.

Музокараларнинг бу босқичи Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған воситачилигида ўтказилди. Долмабахчедаги музокаралар майдонига ташриф буюрган Эрдўған икки делегация вакиллари билан учрашди ва музокараларни очиб берди ва Украина ҳамда Россия президентлари ўзининг қадрдон дўстлари эканини айтди.

«Адолатли дунё — барча томонлар учун ғалабадир, тўқнашувларнинг давом этиши томонларнинг ҳеч бирига фойда келтирмайди. Дунё ҳамжамияти Истанбулдаги учрашув иштирокчиларидан ижобий қарор кутмоқда», деди у.

Туркия президенти икки томон делегацияларига мурожаат қилиб, уларни ўт очишни тўхтатиш режимини ўрнатишга чақирди. «Туркия музокаралар олиб бораётган делегацияларнинг ишини соддалаштириш учун барча зарур ёрдамни кўрсатишга тайёр», деди у.

Музокараларда россиялик миллиардер Роман Абрамович ҳам иштирок этди. Туркия телевидениеси кадрларида Абрамович Эрдўғаннинг матбуот котиби Иброҳим Қалин билан ёнма-ён ўтирганини кўриш мумкин.

Уруш бошлангач, Абрамович воситачилик ролини бажариб, Москва ва Киев ўртасида бир неча бор қатнагани маълум.

Душанба куни март ойи бошида Абрамович ва музокараларнинг яна икки иштирокчисида заҳарланиш симптомлари кузатилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.

Кейинроқ Абрамовичнинг Россия делегацияси билан тушган сурати РИА Новости томонидан эълон қилинди. Абрамовичнинг музокаралардаги роли аниқ эмас, аммо унинг вакили бизнесменнинг музокаралар боришига таъсири чекланган даражада эканини айтган.

Мавзуга оид