Нархлар ошишига нималар таъсир кўрсатди? МБ инфляция динамикаси шарҳини тақдим этди
Марказий банк маълумотларига кўра, нархларнинг қимматлашишига ташқи иқтисодий хатарларнинг кучайиши ва ўтган ойда кузатилган миллий валюта курсининг қадрсизланиши сезиларли таъсир ўтказган.
Марказий банк томонидан 2022 йил март ойи учун инфляция динамикаси шарҳи тақдим этилди.
Маълум қилинишича, ўтган ойда озиқ-овқат нархларининг 2,5 фоизга қимматлашиши умумий инфляцияга 1 фоиз бандлик, ноозиқ-овқат товарлари нархининг ўртача 1,1 фоизга ошиши 0,4 фоиз бандлик ҳамда хизматлар нархининг 0,4 фоизга ошиши 0,1 фоиз бандлик таъсир кўрсатиб, инфляция даражаси Марказий банкнинг мақсадли кўрсаткичлари траекториясидан юқорироқ шаклланган.
Инфляциянинг кескин ошишига қуйидаги омиллар таъсир кўрсатган:
- ташқи иқтисодий хатарларнинг кучайиши;
- юқори ноаниқликлар шароитида март ойида кузатилган миллий валюта курсининг қадрсизланиши;
- мамлакат миқёсида кенг нишонланган байрамлар сабаб аввалги ойларга нисбатан иқтисодий фаоллик ва ялпи талабнинг сезиларли ошиши.
Озиқ-овқат маҳсулотлари
Буғдой уни, ёғ, гўшт, сут маҳсулотлари, шакар ва салқин ичимликлар нархлари март ойи давомида сезиларли даражада қимматлашган бўлса, банан ва картошка нархлари арзонлашган. Тухум нархлари кузатув ўтказилаётган пайтда ўтган ойга нисбатан пасайган бўлса-да, март ойининг охирига келиб яна ўсувчи динамика ҳосил қилган.
Шунингдек, шакар ва ун нархининг ошиши ушбу маҳсулотлардан ишлаб чиқариладиган қандолат маҳсулотлари, салқин ичимликлар нархлари ўсишига сабаб бўлган. Гречка, пишлоқ, кунгабоқар ёғи нархларининг экспортёр давлатлардаги (Россия ва Қозоғистон) ишлаб чиқарувчилар томонидан кескин оширилиши ички бозорларда ушбу маҳсулотлар нархига қўшимча босимни юзага келтирмоқда.
Ўз навбатида, кунгабоқар ёғи нархидаги ўзгаришлар натижасида маҳаллий ишлаб чиқариладиган пахта ёғи нархи ҳам кўтарилган.
Кузатувларга кўра, улгуржи савдоларда йил бошига нисбатан кунгабоқар ёғи 25 фоизга ва пахта ёғи 12 фоизга қимматлашган.
Мева ва сабзавотлар нархларидаги ўзгаришлар эса мавсумийлик билан характерланган. Бунда сўнгги ҳафталарда кузатилган салқин об-ҳаво баҳорги сабзавотлар янги ҳосилининг вегетатив даврини маълум муддатга секинлаштириб, таклиф томондан бозор коньюнктурасига таъсир қилган.
«Бройлер етиштиришда зарур бўлган озуқа маҳсулотлари асосан Аргентина, Россия ва Қозоғистондан қуруқлик транспорти орқали, музлатилган товуқ гўшти эса кўпроқ Туркиядан импорт қилинади. Бунда январь-март ойларида озуқа нархларининг ўсиши, Туркия ва Европа давлатларида парранда гриппининг кенг тарқалиши жаҳон бозоридаги нархларга ва маълум кечикиш билан маҳаллий бозорларга таъсир эта бошлади», дейилади Марказий банк шарҳида.
Бундан ташқари, озуқа нархлари қимматлиги сут маҳсулотлари нархи ўсишидаги муҳим омиллардан бири бўлиб қолаётгани айтилган.
Март ойининг дастлабки ҳафтасида янги автомобиллар нархининг оширилиши глобал яримўтказгичлар тақчиллиги ва бутловчи эҳтиёт қисмлари етишмаслиги билан изоҳланган.
Шунингдек, Украинадан фармацевтика маҳсулотлари етказиб берилишидаги узилишлар фонида дори воситалари нархи қимматлашган.
Қурилиш мавсуми бошланаётганлиги сабабли цементга бўлган талабнинг кўпайиши, шунингдек, айрим корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватлари тўлиқ ҳажмда ишламаслиги ҳолатлари кузатилиб, бу ички бозорларда цемент нархининг қимматлашишига сабаб бўлган.
Мавзуга оид
08:10 / 02.11.2024
Октябр ойида инфляция 1 фоиздан паст бўлди
11:23 / 01.11.2024
«Биз учун қизиқлиги унинг қайси нархда кириб келиши» – МБ раиси энергетика ресурслари импортида Россияга қарамлик ҳақида
19:37 / 31.10.2024
«Валюта курсининг 1 фоизга қадрсизланиши инфляцияга 0,3-0,4 фоиз таъсир кўрсатиши мумкин» - МБ раиси
22:15 / 29.10.2024