Тинч аҳоли қурбон бўлаётганда тарафкашлик қилиш — можарони қўллаш демакдир. Профессор бетарафликнинг зарурати ва аҳамияти ҳақида
Ўзбекистон – халқаро муносабатлар ва ташқи сиёсатнинг бетарафлик принципидан келиб чиқиб, барча давлатлараро можаролар фақат халқаро ҳуқуқ нормалари асосида тинч йўл билан ҳал қилиниши тарафдори.
Ўзбекистоннинг Украина ва Россия ўртасидаги ҳарбий-сиёсий можарога нисбатан нейтрал бўлиши, тарафкашлик қилмаслиги мамлакатимизнинг масалага ўта масъулият ва вазминлик билан ёндашаётганини кўрсатади. Ўзбекистон барча баҳс ва келишмовчиликлар фақатгина халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ҳал қилиниши лозим, деб ҳисоблайди.
Бетарафлик институти ташқи сиёсатнинг энг қадимги шаклларидан биридир. Асрлар давомида бетарафлик халқаро хавфсизликни таъминлаш, инқирозлар ва урушларни дипломатик воситалар орқали ҳал этиш вазифасини бажариб келган. Ташқи сиёсатни шакллантиришда бетарафлик тамойили тинчликни таъминлаш йўлида ҳозир ҳам муҳим роль ўйнашда давом этмоқда.
Ўзбекистон нима учун Украина ва Россия ҳарбий можаросида вазминлик ва бетарафлик позициясини танлади? Бунинг сабаби, фикримча, қуйидагилардан иборат:
Биринчидан, Украина ва Россия ўртасидаги ҳарбий тўқнашувлар оқибатида тинч аҳоли ҳалок бўлаётган бир пайтда улардан бирининг ёнини олиш ҳарбий можарони қўллаб-қувватлаш демакдир. Бу эса, нафақат Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати принципларига, балки инсонийликка, ўзбек халқининг эзгу қадриятларига ҳам мутлақо зиддир. Муқаддас Ислом динида ҳам тарафкашлик мутлақо қораланади. Ҳадиси муборакда шундай сатрлар бор: «Исломда тарафкашлик йўқ».
Иккинчидан, бетарафлик тамойили замонавий халқаро муносабатларнинг муҳим элементи бўлиб қолмоқда. Мамлакатимиз БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида халқаро ҳуқуқ нормаларига оғишмай риоя қилади. Зеро, Ўзбекистон ушбу ташкилотнинг тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, терроризмга қарши кураш, ҳарбий можароларда иштирок этмаслик каби қатор конвенцияларига қўшилган. БМТ Низомининг 33-моддасида «...халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлашга таҳдид солиши мумкин бўлган ҳар қандай низо музокаралар орқали тинч йўл билан ҳал қилиниши керак», дейилади.
Учинчидан, ҳозирги ўта қалтис шароитда тарафкашлик қилиш минтақамиздаги тинчлик ва хавфсизликка муайян даражадаги янги таҳдидларни пайдо қилиши мумкин.
Тўртинчидан, Украина ҳам Россия ҳам бизнинг яқин ҳамкор давлатларимиздир. Биз учун икки халқ ҳам дўст ва яқин ҳамкор. Украина ва Россия билан нафақат иқтисодий, балки маданий-маърифий, биродарлик алоқаларимиз бор. Бундай шароитда биз икки томонни ҳам тинчликка, келишишга чақирган бўламиз.
Бешинчидан, Ўзбекистон – кўп миллатли давлат. Ўзбек халқига хос бағрикенглик чуқур тарихий илдизга эга. Ҳар бир давлат, ҳар бир халқ аввало интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан кучлидир. Мамлакатимизда рус ва украин миллатига мансуб фуқароларимизнинг адади ҳам катта.
Шу ўринда Украина ва Россия ўртасидаги можарода тарафкашлик қилиш мамлакатимизда эмин-эркин яшаётган украин ва рус миллати вакилларига нисбатан ҳам камида беҳурматлик ҳисобланади.
Умуман олганда, бир томоннинг ёнини олиш можаро янада чуқурлашишига олиб келади, деган фикрдамиз. Нейтрал бўлиш, масалага ўта вазминлик билан ёндашиш эса, можаро авж олишига йўл қўймайди ва унинг бошқа давлатлар ҳудудига тарқалмаслигига замин яратади.
Бетарафлик – халқаро ҳуқуқда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш ва қўллаб-қувватлаш воситаларидан бири бўлиб, унинг моҳияти урушларда қатнашмаслик ва низоларни уруш йўли билан ҳал қилишдан бош тортишдан иборат эканлигини унутмаслик керак. Шу жиҳатдан, Ўзбекистоннинг бетарафлик, яъни нейтрал позицияси халқаро ҳамжамият учун муҳим стратегик аҳамиятга молик, деб ҳисоблаймиз.
Украина ва Россия ўртасидаги қуролли тўқнашувлар оқибатида вужудга келган гуманитар муаммо чуқурлашиб бормоқда. Нейтрал позиция эса, тинч аҳолининг инсоний муаммоларини ечиш, уларга ёрдам бериш, бошқача айтадиган бўлсак, гуманитар ҳалокатнинг олдини олишга ҳам ёрдам беради.
Ўзбекистон – тинчликпарвар давлат. Давлатимиз барча можароларни дипломатик восита ва механизмлар билан ечиш тарафдори ва бунга қатъий амал қилади. Барча можароларда бетараф бўлиб қолади. Бундай позиция халқимизнинг тинчликпарварлик, толерантлик ғояларига асосланади. Энг асосийси, Ўзбекистон Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиёт бўлиши учун ҳаракат қилади.
Ҳозирда жаҳон миқёсида хавфсизлик тизими йил сайин заифлашиб бораётганига гувоҳ бўляпмиз. Бундай шароитда ҳар бир давлатдан, ҳар бир халқдан юксак сиёсий ҳушёрлик ва маданият талаб этилади. Боболаримиз «Урушнинг номи ўчсин!» деб бежиз дуо қилмаган.
Биз воқеаларга билиб билмасдан, унинг моҳиятини чуқур англамай туриб баҳо беришдан қочишимиз керак. Гап шундаки, бугунги кунда халқаро ахборот майдонида Украина ва Россия ўртасидаги қуролли можарода кимнингдир ёнини олиш, унинг томонига ўтишга чақирувлар тарғиб қилинмоқда. Ҳозирги шароитда фуқароларимиз, айниқса, ёшларимизга вазиятни тўғри баҳолаш ва масалага ўта вазминлик билан ёндашиш лозимлигини тушунтириш муҳим вазифа бўлиб қолмоқда.
Сайфиддин Жўраев – Тошкент давлат Шарқшунослик университети профессори
Мавзуга оид
07:54
Украина Жаҳон банкидан деярли 5 млрд доллар олади
20:12 / 22.11.2024
«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
14:17 / 22.11.2024
Венгрия Украина билан чегарада ҲММ тизимларини ўрнатиш ниятида
09:12 / 22.11.2024