Қайд этилишича, республика ишчи гуруҳи икки ой давомида ҳудудларда ерости чучук сувлардан фойдаланиш, дарё ўзанларида қум-шағал қазиш ишларининг ерости чучук сувларга салбий таъсирини ўрганиб чиқди.
Тошкент вилоятидан оқиб ўтган Чирчиқ дарёси Чирчиқ ерости чучук сувлар конини доимий тўйинтириб туради. Ушбу конда 5 та ерости гуруҳли ичимлик суви олиш иншоотларидан 3 таси (Қибрай, ВУ-1, Ниёзбош) дарё ўзанида жойлашган. Сувли қатлам тўртламчи давр ётқизиқларига тегишли бўлиб, қатламнинг қалинлиги 20-70 метр, Янгийўл ва Чиноз шаҳарлари атрофида 120-350 метрни ташкил қилади. Ичимлик суви таъминоти учун фойдаланилаётган мазкур иншоотлардаги қудуқлар чуқурлиги Тошкент шаҳригача бўлган ҳудудда 20-70 метр, Янгийўл ва Чиноз шаҳарлари оралиғидаги ҳудудда 70-350 метрни ташкил этади. Ўрганиш давомида кузатув қудуқларидаги ерости сув сатҳи 2-5 метрни ташкил қилиб, йил давомида тебраниши 1-3 метрни ташкил этган.
Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида жойлашган «ВУ-1» сув олиш иншооти, 180-сонли кузатиш қудуғида сув сатҳи пасайиши кузатилган.
Маълумот учун: ўртача йиллик ерости сув сатҳи 2014 йилда 2,15 метр бўлган бўлса, ҳозирда 5,38 метр бўлиб, 3,23 метр сатҳ пасайгани аниқланган. Иншоот яқинида қум-шағал карьерлари мавжудлиги ҳам сизот сувлари 1-2 метр пасайишига таъсир этган.
Зарафшон дарёсининг мамлакатга кириб келиш нуқтаси – «Раватхўжа» тўғонидан Каттақўрғон шаҳригача бўлган оралиғида «Зарафшон дарёсининг ҳозирги ҳавзаси» ерости сув кони жойлашган. Ушбу конга жами 16 та гуруҳли ерости сув олиш иншоотлари боғланган бўлиб, шундан 4 таси (Чўпонота, Дагбид, Муртак, Дамхўжа) Зарафшон дарёси ўзанига жуда яқин жойлашган.
Ўрганиш ишлари давомида ушбу иншоотларнинг кузатув қудуқларида ерости сув сатҳи 4,6-10,8 метр чуқурликда бўлиб, йил давомида мавсумий тебраниши 1,0-2,5 метрни ташкил қилгани аниқланган.
Дарё ўзанида ерости сувли қатламларининг кўпроқ очилиши, 100-500 метр радиусдаги ҳудудда, биринчи сувли қатлам – грунт сувлари сатҳининг 1-2 метр пасайишига олиб келган. Аҳолининг шахсий эҳтиёжлари учун ишлатаётган қўлбола қудуқлар (качалка, ерости қудуқлар)даги сув сатҳига таъсир этмоқда.
«Ўзгидромет» хизматининг 2012-2021 йиллар оралиғида кузатувлар таҳлилига кўра, иқлим ўзгариши туфайли ёғингарчиликнинг кам бўлиши, айрим йилларда вегетация даврида қурғоқчилик рўй берган, Чорвоқ сув омборига (Чирчиқ дарёсига) ва Зарафшон дарёсига 2013-2014, 2018, 2020 ва 2021 йилларда меъёрдан 10-15 фоиз кам сув келиши кузатилган.

















