Ўзбекистон | 09:55 / 22.04.2022
4268
2 дақиқада ўқилади

Касаначиликни ташкил этган тадбиркорларга субсидия берилади

Фото: Kun.uz

“Касаначиликни ривожлантириш асосида аҳоли бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.

2022 йил 1 июлдан касаначиликни фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар, шу жумладан пудрат шартномаси асосида ташкил этишга рухсат этилади. 2022 йил 1 июлдан 2025 йил 1 январгача:

  • касаначиларга даромад солиғи касаначиликдан олинадиган жами даромадни 50 фоизга, 1 ойда кўпи билан 1 миллион сўмгача камайтирган ҳолда ҳисобланади;
  • касаначилар ижтимоий солиқ тўловини ўзини ўзи банд қилган шахслар учун белгиланган тартибда амалга оширади;
  • олис ва чекка ҳудудлардаги маҳаллаларда (жами 252 та) касаначиликни ташкил этган тадбиркорларга дастлабки 3 ойдаги фаолияти учун 1 ойлик ўртача даромади миқдорида бир марталик субсидия ажратилади.

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан касаначилар сони камида 10 нафар бўлган тадбиркорларга кредит суммасининг 75 фоизи миқдоригача кафиллик берилади. 

2022 йил 1 июлдан 2025 йил 1 январгача “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган ёки “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”да бўлган ва касаначилик билан шуғулланаётган фуқароларга асбоб-ускуналар харид қилиб бериш харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисми, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача (2 млн 700 минг сўмгача) миқдорида субсидия ажратилади. 

“Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси таркибида мавсумий ва касаначилик ишлари портали ишга туширилади.

Бундан олдин касаначилар билан ишлайдиган тадбиркорларга 500 млрд сўм йўналтирилиши хабар қилинганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид