Жаҳон | 18:46 / 24.04.2022
38688
10 дақиқада ўқилади

«Улар эгаллаганларининг барчасини қайтариб оламиз» — Зеленскийнинг метродаги матбуот анжуманидан асосий гаплар

Украина президенти Володимир Зеленский 23 апрель куни Киев метросидаги бекатлардан бирида маҳаллий ва халқаро журналистлар иштирокида катта матбуот анжумани ўтказди. У «Россия Федерациясидаги ҳаёт — компьютер ўйинидагидек экани, одамлар реалликка қайтиши кераклиги»ни айтиб ўтди.

Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA

Одессага ракета зарбалари

Бизда шунақа пасха кунлари. Бугун Одессага етти ракета учирилди, биз иккитасини уриб туширдик. Кўп қаватли уй биносига ракета келиб тушди. Саккиз киши ҳалок бўлди, 18 ёки 20 киши яраланди. Уч ойлик чақалоқни ўлдиришди. Бу чақалоқ ҳали бир ойлигида уруш бошланганди. Разиллар. Уларни яна қандай аташ мумкин? Бошқача сўз йўқ. Ва булар пасха байрами кунларида! Улар қандай қадриятлар, қандай рус дунёси, христиан олами ҳақида гапиришади? Ўрта асрлар. Уларнинг севимли Одессасига, улар келишни ёқтирадиган «Она-Одесса»га еттита ракета йўлланди.

Уруш ва унинг истиқболлари ҳақида

Бу урушни 21 аср ёки 1990-йиллардаги бирор уруш билан таққослаб бўлмайди. Россия бошқа мустақил давлатлар ҳудудларида олиб борган бошқа ҳеч бир урушда бундай вайронгарчиликлар бўлмаган. Бундай кўп оғир техникалар қўллаш ва бундай ҳарбий сурбетлик — қийноқлар, зўравонлик, зўрлашлар — ҳеч қачон бўлмаган. Келажакда ҳам бўлишидан худо асрасин. Буни тўхтатиш Украинанинг чекига тушди — афсуски, украиналиклар ҳаёти эвазига. Ва сизнинг мамлакатларингиз кўпроқ ёрдам бериши керак. Улар биз билан ишни ҳал қилиб — сизларга бориши мумкин.

Менинг президент сифатидаги позициям: улар эгаллаб олганларнинг барчасини қайтариб оламиз. Ва бу 2014 йилда бўлгани каби 8 йилга қоладиган иш бўлмайди. Бизда зарур қуроллар бўлгани ҳамоно, босиб олинган ҳудудларни қайтаришни бошлаймиз. Хорижликларнинг ёрдами тезроқ бўлиши керак. Мен бу тезлик Америка Қўшма Штатларида ўзгараётганини кўрмоқдаман. Аммо бу янада тезроқ бўлишини хоҳлайман.

Украинлар шунчаки доимий ҳарбий шароит ҳолатида 10-15-20 йил кутишга тайёр эмас - бизда бошқа йўл йўқ. Биз кўп йиллар мобайнида ўзимизни ҳимоя қилиб келаётган давлатмиз. Биз ғолиб бўлганимизда, бизда кучли ва тажрибали армия бўлади. Ва биз Европанинг энг қудратли давлатларидан бирига айланамиз.

Умид қиламанки, биз эгаллаб олинган шаҳарларни озод этамиз, аммо биз ҳозир буни қилишга тайёр эмасмиз. Мариуполда «Азовстал»ни ҳимоя қилаётган йигитлар, уларнинг командирлари буни тушунади деб ўйлайман.

Куч ва бу қадар ғайриинсонийлик билан Украинани енгиб бўлмайди. Улар Киев областида нима қила олишди? Барча улардан нафратланади. Ўз вақтида нацистлар Европани босиб олишганди. Улар нимага эришишди? Одамлар уларни ёқтириб қолдими? Йўқ. Улар бойиб қолишдими? Йўқ, гарчи бутун Европани талашган бўлишса-да. Улар фақат бир нарсага эришишди: немисларнинг бу жиноятларга алоқаси бўлмаган кейинги авлодлари ўзларини тарих учун айбдор ҳис қилади.

Мен Россияга Днестрбўйигача йўлак нега кераклигини тушунмайман. Улар Днестрбўйини олишди, улар Абхазияни олишди, Донбассни олишди. Энди бу ерлар — Ҳонгконг бўлиб қолдими? Дубайми? Бу ерларда цивилизация қандай? Бу ерларда ким бахтиёр яшамоқда?

Халқаро трибунал ҳақида

Мен РФ президенти билан учрашишни истамайман. Бунга мажбурман. Агар биз бу масалаларни дипломатик йўл билан ҳал қилишни режалаштирсак. Мен ҳисоблайманки, одамлар ва болаларни яксон қилишга буйруқ берганларнинг барчаси трибуналга тортилади. Бу йилларни олиши мумкин, аммо биз кутамиз. Биз кутамиз. Агар менинг авлодим бунга ета олмаса, болаларимиз аниқ етишади. Бундай трибунални қандай аташ муҳим эмас. Асосийси, қанча миқдордаги одам қанча муддатга панжара ортига равона қилинишидир.

Украина ва украинлар ҳақида

Ўйлайманки, украинлар [мудофаа нуқтайи назаридан Исроил каби бўлган] давлатда яшашга тайёр. Бизда бошқа танлов йўқ. Биз аллақачон шундай давлатмиз. Бу биз жанг қиламиз дегани эмас — бу бизда энг кучли ва тажрибали армия бўлади дегани.

Авваллари биз бувиларимиз ва буваларимизга узоқ умр тилардик. Болаларга ҳам узоқ яшаш ва соғлиқ тилашимизга тўғри келади деб ўйламагандим. Мен барчага имкон қадар ўз болаларини эҳтиёт қилишни тилайман. Мен фарзандларини йўқотганларнинг барчасининг дардига шерикман.

Ўйлайманки, Украина [урушда ғалаба қозониш] учун барча ишни қилди. Биз бирлашдик, ва асосийси, бу бирдамликни уруш охиригача ва урушдан кейин ҳам сақлаб қолишдир. «Ҳокимият» сўзи жамиятда кўнгилни айнитувчи рефлекс уйғотмаяпти. Ва мен бундан фахрланаман. Бирлашиш — бизнинг асосий қуролимиз. Ҳарбийлар, Миллий гвардиячилар, чегарачилар, турли даражадаги ҳокимият идораларини бирлаштириш. Медиа-ресурслар бирлиги, ОАВ — бугунги кунда иккинчи ҳокимиятдир. Европадагилар менга уларда ҳали ҳеч қачон бунчалик бирлик кузатилмаганини айтишмоқда.

Хорижий давлатлар етакчиларининг Киев ва Москвага ташрифлари ҳақида

Биз фожиали селфилар қилинадиган мамлакат эмасмиз. Бизда уруш кетмоқда. Келинг, аммо биз сиздан сўраётган ёрдам билан келинг. Биз ҳеч кимдан унда йўқ нарсани сўрамаяпмиз. Биз Германияга айтяпмиз: сизда ҳозир ўзингизга зарур бўлмаган нарса бор, лекин у бизга керак, чунки бизда уруш кетяпти.

Мен аввалига Россияга бориш, кейин Украинага келишни [худди БМТ бош котиби Антониу Гутерриш каби] хато деб ҳисоблайман. Нега? Бизга Россиядан сигнал юбориш учунми? Кўрадиган нима бор у ерда? Кутузовский проспектида жасадлар ётгани йўқ. Менимча, аввал Украинага келиб, бу ерни кўздан кечириб, кейин Россияга бориш мантиқан тўғри бўлади.

Гап сиёсий туризм ҳақида эмас, балки ёрдам ҳақида кетаётган бўлса, албатта.

Россия билан музокаралар ҳақида

Украина етакчиси Россия делегацияси билан олиб борилаётган музокаралар бўйича пессимистик фикр билдирган ва Путин билан тўғридан тўғри бўлмаган музокаралар кутилган натижани келтирмайди деган фикрда.

Мен президент билан учрашувдан қўрқмайман, агар гап суиқасд эҳтимоли ҳақида кетаётган бўлса. Шунчаки менда қўрқиш учун ҳуқуқ йўқ. Мен Владимир Путин билан музокаралар тарафдориман, чунки урушни бошлаган киши уни тугатиши мумкин деб ҳисоблайман. Мен урушни якунлашни истайман. Дипломатик йўл ва ҳарбий йўл мавжуд. Ҳар қандай соғлом фикрли одам дипломатик йўлни танлайди, чунки бу минглаб, балки миллионлаб одамлар ҳаётини сақлаб қолиши мумкин. Мамлакат етакчиси ўз хоҳиши билан дипломатик йўлдан воз кечишга ҳақли эмас.

Агар Мариуполдаги одамларимиз йўқ қилинса, агар псевдореспубликаларда псевдореферендумлар эълон қилинса, Украина музокаралардан чиқади. Бу музокарачиларнинг барча учрашувлари — ёлғон-яшиқ ва шунчаки жуда ёмон актёрлар рол ўйнаган театр саҳнаси эканини англатади.

Менда Путинга фақат Украина президенти сифатида саволлар бор. Бу саволлар ҳудудий яхлитлик масалалари бўйича. Бизнинг Украинанинг Донбасси, Қрими бу ёғига қандай яшаши ҳақида. Суҳбат мазмунли, ҳиссиётлардан холи бўлган бўларди.

Россия ҳақида

Бизнинг мустақиллигимиз аввалбошдан фақат биз учун — ва цивилизациялашган дунё учун муҳим эди. Бизни Россияда ҳукумат даражасида ҳурмат қилишмасди ва жамиятнинг катта қисми  бизни мустақил давлат деб ҳисобламайди, улар бизнинг мустақилликка, демак, яшашга ҳаққимиз бор деб ҳисобламайди.

Тарих китобларида янги сўз пайдо бўлмоқда — «рашизм». Бу сўз янги, аммо мазмуни 80 йил олдинги [Иккинчи жаҳон уруши давридаги] каби. Шу 80 йил давомида қитъамизда бундай варварликлар бўлмаганди. Мактабларда кичкина болалар ўрнидан туриб, ўқитувчиларга рашизм ва бу даҳшатли тушунчага қарши озодлик учун курашда ким ғалаба қозонгани ҳақида жавоб беришмоқда.

Россия Туркиядаги музокаралар ортидан билдирилган баёнотга дастлаб ижобий муносабат билдирганди, аммо кейин улар мамлакат ичидан юқори даражадаги танқидларни эшитган. Маълум бўлдики, у ердаги расмийлар одамларнинг миясини шундай ювганки, ўзлари ҳам буни кутмаган. Ўйлайманки, улар ўзлари ҳам Украинага бўлган нафрат даражасидан ҳайратда қолган, бу нафратни эса улар ўзи яратишди.

Россия Федерациясидаги ҳаёт — бу компьютер ўйини, бу виртуал реаллик. Нима бўлаётганини билишни хоҳлаган одамлар ундан чиқиши, 3D кўзойнакларни ечиши, реалликка, ажойиб цивилизация оламига қайтиши керак. Ядро қуроли соҳасида етакчи бўлиш шарт эмас – сиз «айтишниклар» сони бўйича етакчи бўлишингиз мумкин. Саратонга даво топишингиз мумкин. Уларда бу пуллар ва салоҳиятни сарфлаш зарур бўлган жой бор. Ахир у ерда иқтидорли одамлар бор.

Россияда норозилик билдирган одамлар унчалик кўп эмас, афсуски. Аммо шу озчилик бир кун келиб ушбу информацион деворни ёриб ўтишимизга ҳисса қўшади. Биз уларнинг қадамларини кўряпмиз. Уларнинг сўзлари аҳамиятли — ахир сўзлар кучли таъсир ўтказа олади, шунинг учун ҳукумат улардан қўрқади. Мен уларга фақат саломатлик тилайман, чунки панжара ортида уларга нима бўлишини тасаввур қиламан. Улар Россиянинг қутқарилишига ҳисса қўшишди.

Мавзуга оид