1977 йилда Эронда вазият кескинлашади. Одамлар мамлакат ҳукмдори шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавийга қарши намойишлар ўтказа бошлайди. Полиция намойишчиларга қарши аёвсиз кураш олиб боради ва кўплаб одамлар ҳибсга олинади. Бундан ташқари, намойишларда фаол қатнашаётган фуқаролар аниқланиб, қидирув бошланади. Ана шундай ҳолатда шоҳга қарши чиқиб намойишларда фаол қатнашганларнинг аксарияти хорижга қоча бошлайди.

Қўлга тушганларнинг айримлари қамалади. Бошқалари эса Эрондан бадарға қилинади. Ана шундай инсонлардан бири Миҳрон Каримий Носирий эди. Миҳрон 1942 йилда туғилган. Паҳлавийга қарши намойишлар бошланганда у 35 ёшда бўлган.

Миҳрон 1977 йилда шоҳга қарши ўтказилаётган намойишларда фаол қатнаша бошлайди ва у полиция эътиборига тушади. Уни ҳибсга олиб, мамлакатдан бадарға қилишади. Миҳрон Европанинг бир қанча давлатларидан қочқинлик мақоми беришни сўраганига қарамасдан унинг сўрови рад этилади.

1978 йил 7 январдан 1979 йил 11 февралгача давом этган намойишлар охири шоҳни тахтдан ағдариш билан тугайди. Шундай бўлса ҳам Европанинг турли давлатларида вақтинча яшаб турган Миҳрон ватанга қайтишни хоҳламайди. Шундан сўнг унинг Европадаги дарбадар ҳаёти бошланади.

Ниҳоят уч йиллик уринишлардан сўнг БМТ қошидаги Қочоқлар иши бўйича олий комиссиянинг Белгия бўлими унга қочоқлик мақомини беради. БМТдан олинган қочоқлик мақоми билан у Европанинг исталган мамлакатига жойлашиши мумкин эди. Аммо у Белгияда қолишни хоҳлаб шу мамлакатда яшай бошлайди.

Қарийб 10 йил Белгияда яшаган Миҳрон 1988 йилда Шотландия пойтахти Глазго шаҳрига кўчиб боришни мақсад қилиб йўлга чиқади. Глазгога бориш учун у аввал Франция пойтахти Париж шаҳрига боради ва у ерда темирйўл вокзалида ҳужжатлари солинган сумкани ўғирлатади. Самолётга амаллаб чиқиб олган Миҳрон Лондонга учади. Аммо «Хитроу» аэропортида шахсини тасдиқлайдиган ҳужжати бўлмагани учун Миҳронни Буюк Британия ҳудудига киритишмайди ва ортга қайтариб юборишади.

Миҳрон Париждаги «Шарл де Голл» аэропортига қайтиб келгач ҳужжатлари бўлмагани учун уни Францияга ҳам киритишмайди. У Франция ҳукуматига мурожаат қилиб ўзи тушиб қолган ноқулай вазият ҳақида хабар беради. Шунда ҳам унга ҳужжатларсиз аэропорт ташқарисига чиқишга рухсат беришмайди.

Ўша пайтда Миҳроннинг ҳужжатларини Белгияда тикласа бўларди, аммо бу учун унинг ўзи бориб ариза бериши керак эди. Миҳрон эса Париждаги аэропортдан ташқарига чиқа олмасди. Шу тариқа у аэропорт ичида қолиб кетади.