08:23 / 04.05.2022
9940

“Бу юқори ноаниқликдаги ҳолатлардан бири” – Наталя Зубаревич Россия нефт бозори тақдири ҳақида

Иқтисодчи Наталя Зубаревич ҳозирги Россия нефт бозоридаги вазият ҳақида гапирди.  

Фото: Глеб Ерёменко

Иқтисодчи, Москва давлат университети профессори Наталя Зубаревич “Ҳошимов иқтисодиёти”га берган интервюсида меҳнат бозорига нефт саноатининг таъсири ҳақида гапирди.

“Дисконт 2020/21 йилга қараганда юқорироқ. Шунинг учун нефт компаниялари кам маҳсулот сотаётганига қарамай  кўпроқ  даромад топмоқда. Компаниялар жаҳондаги нархлар ошиши туфайли чегирма билан ҳам кўпроқ даромад топмоқда. Шу сабабли ҳозирча кескин ўзгаришлар йўқ. Бошқа масалалар қийнаяпти: технологик жиҳатдан, қазиб олган ҳамма нефтингизни сота олмайсиз. Шунингдек, нефтни қайта ишлаш заводларида нефтни қайта ишлай олмайсиз. Чунки сиз ишлаб чиқарган мазутингизни сотолмайсиз ва уни сақлаш учун ортиқча жой йўқ, барча жойлар банд. Бу сиз нефт қудуқларини ва нефтни қайта ишлаш заводларини ёпишингизни англатади. Бу иш ўринлари (ёки бандлик) қисқариши дегани. Нефт ишлаб чиқариш қийин иш эмас, шу сабабли иш ўринлари кескин қисқариши юз бермайди. Нефтни қайта ишлаш нисбатан қийин иш, аммо ускуналарингизнинг бир қисмини таъмирлашга беришингиз мумкин бўлади. Одамларни эса тўлиқ бўлмаган бандлик ишларига юборишингиз мумкин – бу меҳнат бозорини мувозанатга келтиришнинг асосий усули. Шу боис ҳозирча меҳнат бозорида нефт саноати муаммолари катта таъсирини кўрсатмайди”, – деди у.

Профессорнинг таъкидлашича, нефт нархи экспортдаги йўқотишлар ўрнини қопламоқда.

“Ҳозирда рублда қисқариш рўй бергани йўқ, федерал бюджет даромади ўсди. Чунки бюджетнинг асосий даромад манбайи нефт ва газдан келадиган солиқлар, булар долларда ҳисоб-китоб қилинади, март ойидаги федерал бюджет даромадлари девалвация ҳисобига юқори даражада ўсди, бизда катта профицит кузатилиб, триллион рублга етди. Шу сабабли йил охиригача нефт экспорти жуда кескин қисқарса, унда биз даромадлар пасайишини муҳокама қиламиз. Ҳозирча нефт нархи экспортдаги йўқотишларни компенсация қилмоқда”, – деди у.

Зубаревичга кўра, нефтдан келадиган маблағларнинг аксарият қисми федерал бюджетга, нефт компанияларидан келадиган даромад солиғи маҳаллий бюджетларга йўналтирилади.

“Бу ҳам сотишга боғлиқ бўлади. Ҳеч ким сизга нефт ишлаб чиқариш ва сотиш қанчага қисқаришини айта олмайди, бу аниқ эмас. Аммо ҳудудларда нефт   даромад солиғи қисқариши эҳтимоли юқори. Чунки нафақат нефт савдосига, балки минерал ўғитлар, металл (рангли металлдан ташқари) савдосига ҳам чекловлар киритилган, бу борада ҳамма жойда каттагина муаммо бор. Чунки катта эҳтимол билан газ ва нефт ҳамда металл солиқлардан тушадиган фойдага боғлиқ бўлиб қолган ҳудудлар ютқазади, лекин биз аниқ йўқотишлар қанча бўлиши ҳақида бир нарса дея олмаймиз. Бу юқори ноаниқликдаги ҳолатлардан бири десак ҳам бўлади. Биз Россиядан нефт сотиб олишга санкция ёки чеклов қўйиладими ёки йўқ – буни аниқ билмаймиз. Ҳозирча фақат кўмир борасида битта Кемеровская области катта йўқотишларни бошдан кечирди. Бу борада аниқ гапиришим мумкин, бу ҳудуд 2022 йилда бюджетга жуда катта муаммо келтиради. Нефт билан боғлиқ тенденцияларни ҳозирча кузатиб турамиз”. 

Top