Президент Шавкат Мирзиёев 11 май кунги йиғилишда ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтилишини маълум қилиб, бу узоқ кутилган ислоҳот экани ҳамда қишлоқ хўжалигидаги қатор муаммоларга ечим бўлишини таъкидлади.

“Барча ҳокимлар бир нарсани аниқ тушуниб олиши зарур. Нима учун биз фермерни биржага олиб чиқяпмиз? Фермер биржага чиқиб, ўзи ғалласини мустақил сотса, унинг даромади ошади, ўз меҳнати натижасидан рози бўлади.

Келгусида давлат захирасига харид қилинадиган ғалла ҳам фақат биржадан сотиб олинади”, деди президент йиғилишда.

Мутасаддиларга икки ҳафта муддатда буғдой етиштирувчи фермер ва кластерларни биржадан рўйхатдан ўтказиш ҳамда брокерларни бириктириб, ўқитишни ташкил қилиш топширилди.

Бунда фермерлар 2022 йил буғдой ҳосили учун биржа тўловларидан озод қилинади.

Жорий йил жами ғалла ҳосили учун 7,6 триллион сўм ажратилади. Янги тизимни тўлақонли, адолатли ва очиқ-ошкора ишлаб кетиши, ҳар бир сўм фермер ва кластерга ўз вақтида, тўлиқ етиб бориши, нарх-навонинг ўсиши ва тақчилликнинг олдини олиш бўйича “кунбай” назорат тизими жорий қилинади.

Бунинг учун бош прокурор бошчилигида республика штаби ташкил этилади. Ҳудудий штабларга вилоят ҳокимлари ва прокурорлари раҳбарлик қилади.

Йиғилишда ғалла қабул қилиш пунктлари сонини камайтириш ва кейинги йилдан бошлаб уларни хусусийлаштириш чора-тадбирлари ҳам белгиланди.

“Ҳокимлар бир нарсани аниқ тушуниб олишлари зарур. Буғдойнинг ҳақиқий эгаси бу – фермер ва кластерлар.

Шунинг учун, бундан буён туманда режа бажарилмаяпти, чорва, парранда ёки балиқчиликка озуқа-ем керак, деган важлар билан фермерлар ғалласини олиб қўйиш қатъиян тақиқланади.

Бундан ташқари, биржа орқали сотилган буғдойга ҳудудлараро чеклов қўйилмайди. Марҳамат, қайси ҳудуддаги корхона биржада ютиб олса, ҳеч қандай тўсиқларсиз ғаллани олиб кетиши мумкин”, деди Шавкат Мирзиёев.

Бош прокурор, вилоят, туман ва шаҳар прокурорлари бу масалани шахсан назоратига олиб, фермерни норози қилган раҳбарларга қатъий чоралар кўриб бориши кераклиги кўрсатиб ўтилди.