Баҳорнинг серёғин келиши қишлоқ хўжалиги экинларига қандай таъсир қилиши айтилди
Ёғингарчилик миқдори ва республикадаги мавжуд сув омборлардаги сув захиралари, шунингдек, Амударё ва Сирдарё ҳавзаларида жойлашган тоғлардаги қор захираларини ҳисобга олиб, сув етишмовчилигининг 30-35 фоиз қисмини қоплаши кутилмоқда.
Мамлакатда март, апрел ва май ойларида ҳар доимгидан кўпроқ ёғингарчилик кузатилмоқда. Бу қишлоқ хўжалиги экинлари ривожига ижобий таъсир кўрсатади. Қолаверса, сув захираларини кўпайишига ва йил давомида қишлоқ хўжалиги экинларини парваришида сув тақчиллигига барҳам беришга ёрдам беради.
Қишлоқ хўжалиги вазирлигига кўра, бу қишлоқ хўжалиги экинларининг сувга бўлган талабини бир қисмини тўлдиришга, тупроқдаги намликни сақлаб туришда жуда катта аҳамият касб этади.
Республикадаги мавжуд суғориладиган майдонларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун жорий йил суғориш мавсумида жами 38,2 миллиард куб метр, жумладан, асосий экинларга 30,2 миллиард куб метр ҳамда аҳоли томорқалари ва такрорий экинларга 8 миллиард куб метр сув талаб этилиши ҳисоб-китоб қилинган.
Шунга асосан баҳор ойларида ёғиб ўтган ёғин миқдори ва республикадаги мавжуд сув омборлардаги сув захиралари, шунингдек, Амударё ва Сирдарё ҳавзаларида жойлашган тоғлардаги қор захираларини ҳисобга олиб, сув етишмовчилигини 30-35 фоиз қисмини қоплаши кутилмоқда.
Таъкидланишича, ушбу сурункали ёғингарчиликнинг қишлоқ хўжалигининг сабзавот, полиз ва картошкачилигига таъсирининг ижобий томонлари кўп. Жумладан, ёмғир сабзавот, полиз ва картошка ўсимликлари баргларини чангини ювиб, тозалайди. Бу эса ўсимликнинг нафас олишини яхшилайди ва фотосинтез жараёнини тезлаштиради.
Ўсимликлар ҳаво қуриб, ҳарорат кўтарилганда кучини тежаш жараёнига ўтишади. Нафас олувчи тешикчалари устида юпқа плёнка ҳосил қилиб, буғланиш жараёнини секинлаштиришади. Ёмғир ёғган даврда ҳаво намлиги ортади ва иссиқ ҳарорат пасаяди, шунда ўсимликларнинг нафас олувчи тешикчалари яна қайта очилади. Натижада ўсимликларда тезкорлик билан озуқа моддаларини сингдириш бошланади.
Ўсимликларга ёмғир томчилари орқали чақмоқ разрядлари ва қуёш нури таъсирида пайдо бўлган кучсиз азот унсурлари сингиб боради. Бу турдаги ташқи озиқлантириш жуда тез ўзлаштирилади.
Ёмғир суви – майин сув, чунки унда қаттиқ тузлар (гидрокарбонат, кальций сулфатлари ва магний хлоридлари) бўлмайди. Майин сувнинг афзаллиги шундаки, у сув ва газ алмашинувига таъсир кўрсатмайди.
Қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоқларидан бири - боғдорчилик ва узумчиликка серёғингарчиликнинг салбий таъсирларини кузатиш мумкин. Хусусан, бу йилги об-ҳавонинг барча зарарли организмлар учун, шу жумладан касаллик қўзғатувчи патоген микроорганизмлар ва зараркунандаларни ривожланиши учун қулай бўлмоқда. Сурункали ёғингарчилик ҳавонинг нисбий намлиги юқори бўлиши ва ҳаво ҳарорати +20...+25 даража бўлиши касаллик қўзғатувчилар учун мақбул шароит ҳисобланади.
Данак мевали боғларда (ўрик, шафтоли, гилос, олхўри ва бошқалар) олма ва олхўри қурти, қалқондорлар, ширлар, ўрик ва олча филчаси ва бошқа зараркунандалар ривожланиши мумкин.
Шунингдек, сурункали ёғингарчилик кўп бўлган вақтларда токзорларда ҳам антракноз, оидиум, милдю, церкоспороз касалликлари катта майдонларда тарқалиб, жиддий зарар етказиши кузатилади.
Бундан ташқари, токзорларда ток зараркунандаларидан узум барг ўровчиси, ток унсимон қурти, комсток қурти каби зараркунандаларнинг ривожланишига қулай шароит яратилади. Зараркунандаларга қарши индоксакарб, тиаклоприд, делтаметрин асосли препаратларни қўллаш тавсия этилади.