Бухоро муҳандислик-технология институти манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилмаганини айтмоқда
Бухоро муҳандислик-технология институти Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан эълон қилинган хабар – институтда 4 млрд сўмга яқин молиявий хато ва камчиликлар аниқланганига муносабат билдирди.
Муносабатда келтирилишича, 2019 йилда Бухоро вилояти ҳокимлиги томонидан қурувчи ташкилот “Fast Quality Building” МЧЖга институт биносининг иккинчи корпус фасад қисмини тўлиқ таъмирлаш топшириғи берилиб, ушбу маблағлар маҳаллий бюджет ҳисобидан қопланиши айтилган. Пудратчи ташкилот томонидан 2019 йилнинг июль-декабрь ойларида таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Лекин “Fast Quality Building” МЧЖга 2020 йилга қадар шартномада кўрсатилган маблағлар ҳокимлик томонидан ўтказиб берилмаган.
Шундан сўнг қурилиш ташкилоти маблағни ундириш даъвоси билан институтни судга берган. Бухоро туманлараро иқтисодий судининг 2020 йил 6 ноябрь кунги ажримига асосан, ушбу маблағлар жавобгар институт томонидан тўлаб берилиши кўрсатиб ўтилган. Гарчи ушбу маблағ (1,27 млрд сўм) қурувчи ташкилотга вилоят ҳокимлиги томонидан тўланиши кўзда тутилган бўлса-да, олий ўқув юртидан даъвогар МЧЖ ҳисобига мажбурий ундирув амалга оширилган.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, тарқатилган хабарларда 1,4 млрд сўмлик қурилиш ишлари тўғридан тўғри тендер танловларисиз бажарилгани кўрсатиб ўтилган. Аслида эса, институт амалга оширилган қурилиш-таъмирлаш ишлари учун ҳокимлик тўлаб бериши керак бўлган маблағни иложсизликдан, суд қарорини ижро этиш мақсадида тўлаб берган. Бу эса мавжуд қонунчилик талабларидан четга чиқилмаганлигини кўрсатади.
Шунингдек, агентлик томонидан эълон қилинган маълумотда “Вобкент Сан-тех строй монтаж сервис” МЧЖ томонидан амалга оширилган 2,4 млрд сўмлик қурилиш ишлари якунланганлиги, бироқ тугалланган ишлар комиссия томонидан қабул қилинмай, унинг кафолат муддати тугамаган бўлса-да, пудратчига 91,5 млн сўм маблағ олдиндан тўлаб берилганлиги келтирилган.
Биринчидан, “Вобкент Сан-тех строй монтаж сервис” МЧЖ ушбу қурилиш объектини тендерда иштирок этган ҳолда ютиб олган. Иккинчидан, “Вобкент Сан-тех строй монтаж сервис” МЧЖ томонидан амалга оширилган қурилиш-таъмирлаш ишлари давомида лойиҳа-смета ҳужжатларида кўрсатилган ёнғин хавфсизлигини таъминловчи тизим, ёнғин хавфсизлиги қутилари (шит) ва бошқа айрим иш турлари қолиб кетганлиги сабабли ушбу иш ҳажми тадбиркор томонидан бажариб берилгандан сўнг, мазкур объект қабул комиссияси томонидан ўрнатилган тартибда қабул қилиб олиниб, далолатнома расмийлаштирилган.
Бундан ташқари, хабарда институтда маблағларни ортиқча сарфланишига йўл қўйилгани ҳақида сўз боради. Таъкидлаш ўринлики, ушбу маълумотлар айнан институтнинг бош аудитори томонидан ўтказилган ички аудит текширувлари натижасида аниқланган.
Жумладан, масъуллар томонидан 18 нафар магистрант ва 7 нафар талабанинг имтиҳонда олган «4» баҳолари қайдномаларга кўчирилишида «5» баҳога ўзгартирилганлиги натижасида 14,7 млн сўмдан зиёд стипендиялар ортиқча тўланган. Мазкур маблағлар ўрнатилган тартибда ундирилиб, ўз вақтида масъулларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган.
Тарқатилган хабарда институтда меҳнат қонунчилиги талабларининг бузилиши, қариндош-уруғчилик алоқалари борасида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилгани, табақалаштирилган тўлов, таълим дастурлари ҳамда стажёр-тадқиқотчиликка қабул қилишдаги камчиликлар юзасидан қонуний чора кўриш учун Бош прокуратурага маълумот киритилгани ҳақида сўз боради.
Шуни ҳам таъкидлаш ўринлики, тақдим этилган материаллар Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан ўрганилиб, бирор-бир шахснинг ҳаракатларида жиноят таркиби аниқланмаганлиги сабабли жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган. Фақатгина кафедра мудирининг ҳаракатларида оз миқдорда бюджет маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш аломатлари аниқланганлиги боис, ҳолат бўйича маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судига юбориш чоралари кўрилган.
Бухоро муҳандислик-технология институти матбуот хизмати