АҚШда юрак хуружи билан шифохонага ётқизилган беморга америкалик шифокорлар унга ҳаёти хавф остидалиги, унда юрак трансплантацияси амалга оширилиши зарурлигини айтишади.

Бемор операция учун нисбатан камхаржроқ деб Туркияни танлайди. Аммо бу мамлакатдаги шифокорлар иккиланиб қолишади. Улар стентлаш амалиётини ўтказиш масъулиятидан чўчишади. Иложсиз қолган бемор Ўзбекистонга қайтишга мажбур бўлади. Бироқ бу ерда навбатдаги юрак хуружини бошдан ўтказади.

Асоратлар янада хавфли тус олади: юракнинг қисқарувчанлик фаолияти 4 баробар тушиб, қон томирлари йўли ёпилиш арафасига келиб қолади. Шу тариқа, икки баробар катталашиб кетган юракда шошилинч операция амалга оширилади. Юракнинг учта томирига жарроҳлик йўли билан томир уланиб, бемор ҳаёти сақлаб қолинади. 

Орадан уч йил ўтади. Бемор АҚШда сафардалигида кутилмаганда яна юрак хуружи қайталайди. Америкалик жарроҳлар юракни очишгач, буюрилган дори воситалари вақтида қабул қилинмагани учун яна бир томир беркилиб қолгани аниқ бўлади. 

Операциядан сўнг америкалик малакали хирурглар аввалги жарроҳлик амалиёти маҳорат билан қилингани, уланган томирлар бекам-у кўст ишлаб турганини эътироф этишади. Хирургнинг ишига «заргарона» деб тан беришади. ССВ матбуот хизмати бу ноёб операция муаллифи тиббиёт фанлари доктори, кардиохирург Алишер Мелиқулов билан суҳбатлашди.

«1000 дан зиёд юрак операциясини мустақил ўтказдим»

Алишер Мелиқулов Россиянинг А.Н.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги марказида 15 йил ишлаган. Ўша ерда фан доктори ва етакчи хирург даражасигача етган. 

— 2004 йилда Тошкент давлат тиббиёт институтини битириб, Москвадаги Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги марказида ординатурада таҳсил олгани кетганман. Таҳсилдан кейин аспирантурага олиб қолишди. 2009 йилда «Ишлаб турган юракда конверсия ҳолатларини ўрганиш» мавзусида номзодлик диссертацияси ёқладим.

Кейинги режаларим кутилмаган томонга кетди. Илмий раҳбарим ва муассаса директори илмий ва касбий фаолиятимни шу ерда давом эттиришни таклиф қилди. Натижада фаолиятимни марказда давом эттирдим.