Шаҳрисабз туманининг чекка тоғли қишлоғи БМТ лойиҳаси доирасида сув билан таъминланди
Кўпчилик шаҳар аҳолиси сув мавжудлигини табиийдек қабул қиладилар – жўмракни бураса, оқиб тураверади. Аммо Чуқур қишлоғида яшовчи аёллар ва қизлар ундай фикрда эмас – яқин-яқингача улар кундалик маиший эҳтиёжлари учун сув олгани ҳар куни хавфли тоғ довонларини ошиб челакларда сув ташишга мажбур эдилар.
БМТ Тараққиёт дастури, Глобал экологик фонд ва Давлат экология қўмитаси “Глобал аҳамиятга эга биохилма-хиллик учун муҳим асосий тоғли ҳудудларда табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш ва ўрмонларни бошқариш” қўшма лойиҳасини амалга оширмоқда. Унинг доирасида Шаҳрисабз туманининг 1477 киши яшовчи Чуқур қишлоғида 6,5 километрли сув қувури ётқизилишига эришилди. Ҳозирда бу қувур орқали 285 та уй хўжалигига сув етиб бормоқда.
Қишлоқ оқсоқоли Норбово Шайманов бу фавқулодда машаққатли иш бўлгани, лекин саъй-ҳаракатлар узоқ истиқболда ўзини оқлашини айтади.
“Қувур ётқизиш ишлари анчайин оғир кечди, чунки сув олиш учун танланган жой денгиз сатҳидан 1650 метр баландликда, сув қувурининг қишлоқдаги якуний нуқтаси денгиз сатҳидан 1595 баландликда жойлашган. Қувурдан йил-ўн икки ой фойдаланиш кўзда тутилгани сабабли, уни музлашдан асраш муҳим эди, шу сабабли чуқурлиги ярим метрли тунель қазилди”, дея унинг сўзларини келтиради БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати.
Чуқур қишлоғининг ерлари ҳосилдор бўлиб, маҳаллий аҳоли боғдорчилик ва сабзавотчилик билан шуғулланишади ва суғориш ҳамда хўжалик эҳтиёжлари учун Қирққиз Азизлар булоғидан сув олишади. Бу чорвачиликнинг муқобили бўлиб, яйловларга юкламани камайтириши мумкин эди, бироқ, сувдан, жумладан боғлар ва сабзавотчилик участкаларини суғоришда фойдаланишнинг чеклангани ушбу турдаги фаолият ривожланишида жиддий тўсиқ бўлмоқда.
Чуқур қишлоғи ичимлик ва суғориш учун сув билан қисман таъминланган, аммо уйлари юқорироқда жойлашган аҳоли бундан мустасно, бу эса 70 та уй хўжалигида яшовчи тақрибан 320 нафар аҳоли демакдир. Улар сув учун қишлоқдан 100 метр пастликдаги дарёга тушишларига тўғри келади. Бу кўп вақт ва куч-ғайрат талаб қилади, қишда ва ёғингарчилик пайтида саломатлик учун ҳам хавф туғилади, чунки бу пайтда мослашмаган йўллар орқали ҳаракатланиш жуда мураккаблашади.
Сув ташиш бўйича барча оғирлик аёллар ва қизлар зиммасига тушади, чунки, анъанага кўра, оилани сув билан таъминлаш (айниқса маиший эҳтиёжлар учун) – бу уларнинг вазифаларидир. Шу билан бирга, аёллар ва қизлар дала ишларида қатнашадилар, молга қарайдилар, уй хўжалигини юритадилар, болаларни парваришлайдилар, оиланинг бошқа аъзолари хизматларини қиладилар.
Қишлоқ аҳолисидан бири, бутун умри Ҳисори қишлоғида ўтган, ўзи маҳаллий мактабда адабиётдан дарс берувчи, ҳозирда маҳалла фуқаролар йиғини раисининг ўринбосари бўлмиш Файзиддинова Шарофат Савриддиновна шундай дейди:
“Олдинлари булоқдан сув олишда кўплаб қийинчиликларни бошдан кечирардик. Қишда ҳам, ёзда ҳам булоққача эшакларда борардик ёки бир неча километр яёв юрардик. Одатда челаклар жуда оғир бўлиб, улар билан юқорига кўтарилишнинг ўзи бўлмасди. Шунингдек, сувни қозонларда иситиб, кийим-кечакни ўша жойнинг ўзида ювишимизга тўғри келарди. Совунли сув булоққа тушарди, бу, шубҳасиз, ҳам биз – аҳолига, ҳам маҳаллий табиатга зарар келтирарди. БМТ ТД лойиҳаси томонидан қувурлар ўрнатилганидан кейин ҳаётимиз сезиларли енгиллашди, олдинлари хаёлимизга ҳам келмаган имкониятлар очилди, аҳолининг кундалик-маиший шароитлари 100 фоизга яхшиланди”.
Қувурларни ётқизиш бўйича барча ишлар маҳаллий аҳоли томонидан ҳашар йўли билан амалга оширилди, баҳамжиҳат ишлашда уларнинг қийинчилик олдидаги собитликлари намоён бўлди, чунки биз-у сиз учун одатий кўринган сув таъминоти –аҳоли учун ҳақиқий байрам бўлиб, уларнинг сувга бўлган хўжалик-маиший эҳтиёжларини қоплайди ва уларнинг турмуш даражасини яхшилайди.
Мавзуга оид
16:16
Экспертлар: БМТнинг иқлим бўйича конференциялари «мақсадларга мос келмайди»
17:11 / 15.11.2024
Илон Маск Эроннинг БМТдаги элчиси билан махфий учрашув ўтказгани маълум бўлди
17:58 / 08.11.2024
Қашқадарёда 28 ёшли аёл антибиотикдан кейин вафот этди
17:39 / 07.11.2024