Жаҳон банки Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши йўлидаги асосий муаммолар ва имкониятлар таҳлил қилинган янги тадқиқотини эълон қилди. Унда хусусий сектор ўсиши йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини чеклаш, инсон капиталини ривожлантириш ва мамлакатнинг яшил иқтисодиётга ўтиши бўйича тавсиялар мавжуд.
«Расмийлар улкан мақсадларни кўзлаб, ислоҳотларнинг кейинги босқичига ҳозирлик кўрмоқда. Хусусан, 2026 йилгача аҳоли ўртасида камбағалликни икки баравар камайтириш, шунингдек, 2030 йилга бориб даромад даражаси ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига қўшилиш кўзда тутилган. Бунга эришиш учун ЯИМнинг ўсиш суръатлари ҳозирги даражадан анча юқори бўлиши талаб қилинади. Ушбу мақсадларга иш ўринларини янада кўпроқ яратиш ҳамда фуқароларнинг, жумладан, ёшлар, аёллар ва ногиронлиги бор шахсларнинг иқтисодий жараёнларда иштирок этиш имкониятларини ошириш орқали эришиш мумкин», дейилади ҳисоботда.
Ўзбекистонга юқоридаги мақсадларга эришиш учун қуйидаги тўртта йўналишда ривожланиш ёрдам бериши мумкин:
1) хусусий сектор ўсишини рағбатлантириш ва барқарор иш ўринларини яратиш;
2) давлатнинг иқтисодиётдаги ролини ислоҳ қилиш;
3) фуқаролар манфаатларига ва инсон капиталини ривожлантиришга хизмат қиладиган дастурларга инвестиция қилиш;
4) экологик барқарор келажакни барпо этиш.
Шунингдек, ҳисоботда расмийлар учун тавсиялар берилган ва юқорида келтирилган йўналишларда қуйидаги устувор ислоҳотларга эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилган:
Мамлакатда хусусий сектор ўсишини рағбатлантириш учун:
- ер, меҳнат ва молиявий ресурсларни тақсимлаш механизмларини такомиллаштириш;
- хусусий секторда рақобатни ривожлантиришга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий базани ислоҳ қилиш;
- хусусий секторнинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашишига кўмаклашувчи ташқи савдо ва инвестиция сиёсатини олиб бориш;
- хусусий сектор корхоналарини қўллаб-қувватлаш бўйича самарали хизматларни ривожлантириш;
- қишлоқ хўжалиги бозорларидаги ислоҳотларни жадаллаштириш, бу эса давлатнинг уларнинг фаолиятига аралашишига чек қўяди.















