Вирус тарихи

Маймун чечаги номини олган бу касаллик катта эҳтимол билан табиатда азалдан бўлган. Лекин илк бор 1958 йилда Даниядаги лаборатория маймунларидан ажратиб олинган ва шу номни олган. Одамда эса биринчи марта 1970 йилда Конгода қайд қилинган ва шундан сўнг Африка ҳудудида мунтазам учраб турган. 1981–1986 йилларда ўтказилган тадқиқотлар натижасига кўра ҳудудда жами 338 ҳолат қайд этилади ва 33 та ўлим ҳолати юз беради (9,8 фоиз). 1991–1999 йиллар оралиғида яна 511 та ҳолат рўйхатга олинади.

АҚШда 2003 йилда зоодўкондаги кемирувчи ҳайвонни ўйнаган болада қайд этилади ва шу йилнинг ўзида яна 71 кишида бу касаллик кузатилади. Уларнинг аксарияти Ганадан олиб келинган каламушларни харид қилганлар эди. Вақтида кўрилган чоралар натижасида касаллик тарқалишининг олди олинади, беморлар орасида ўлим ҳолати қайд этилмайди.

Тарқалиш – 2022

Бу касаллик Африка қитъасининг узоқ ҳудудлари учун одатий бўлса-да, 2022 йилга келиб Европада қайд этилгани ва бошқа давлатларда ҳам учрай бошлагани кутилмаган ҳол бўлди. Маймун чечаги касаллиги Италия, Британия, Испания, Бельгия, Франция, Швеция, Австралия ва Канадада аниқланди. БААда касаллик тарқалишининг олдини олиш бўйича чоралар кўриш бошланди. Бошқа давлатлар ҳам эҳтимолий тарқалиш олдини олишга киришдилар. Коронавирус пандемиясидан кейин ҳар қандай юқумли касалликка нисбатан ҳадик пайдо бўлгани туфайли кўпчиликнинг диққат-эътибори маймун чечагига қаратилди. Бельгия ҳатто бу касалликка чалинганларни 21 кунлик карантинга олишини эълон қилди.

ЖССТ маълумотларига кўра, 21 майга келиб, дунёда бўйича бу касалликнинг 90 га яқин тасдиқланган ҳолатлари қайд этилган. Яна 30 га яқин одам ушбу касалликка чалинганликда гумон қилинмоқда. Бу касаллик ёки асоратлари туфайли ўлим ҳолатлари кузатилмаган.

Кимлар дучор бўлмоқда?

Европадаги илк ҳолат жорий йилнинг 7 майида Буюк Британиянинг Нигерияга бориб қайтган икки фуқаросида қайд этилди. Кейинчалик бошқа давлатларда, қитъаларда, жумладан Европага бориб келган сайёҳларда ҳам учрай бошлади. Касалланганларнинг аксарияти 20–40 ёш орасидаги эркаклар эди. Бу ерда яна бир муҳим ва нозик жиҳат бор – 9 ҳолатнинг 6 тасида касалланганлар бесоқолбозлар бўлишган