Жаҳон | 09:33 / 26.05.2022
46599
4 дақиқада ўқилади

Зеленский Киссинжернинг Россияга Украина бир қисмини бериш ҳақидаги чақириғига жавоб қайтарди 

Украинани Россияга ҳудудий ён босишга чақирган Ҳенри Киссинжер «чуқур ўтмишдан келиб», 2022 йилни 1938 йил билан адаштириб юборди, дея маълум қилди Володимир Зеленский.

Фото: Picture Alliance

Украина президенти Володимир Зеленский АҚШ собиқ давлат котиби Ҳенри Киссинжер, шунингдек, The New York Times газетаси бўлимининг Россия билан зиддиятда Украина ён босиши зарурлиги ҳақидаги баёнотларига изоҳ берди.

25 май, чоршанба куни кечки видеомурожаатида Зеленский бу баёнотларни Иккинчи жаҳон уруши арафасида ҳукм сурган фикрлар билан таққослади ва 1938 йилдаги Мюнхен келишувини эслатди. Ўшанда Буюк Британия, Франция ва Италия Адолф Ҳитлернинг ҳудудий даъвосини тинчлантиришга умид қилиб, Германия Чехословакиянинг Судет областини қўшиб олишига рози бўлганди. 

«Жаноб Киссинжер, масалан, чуқур ўтмишдан чиқиб, Россияга Украинанинг бир қисмини бериш кераклигини айтди. Гўёки Россиянинг Европадан бегоналашиши юз бермаслиги учун. Афтидан, Киссинжернинг тақвимида ҳозир 2022 йилнинг ўрнига 1938 йил ва у Давосда эмас, балки ўша пайтдаги Мюнхенда нутқ сўзламоқдаман, деб ўйлаяпти», деди Украина президенти. 

Унинг қўшимча қилишича, 1938 йилда, ўша пайтда 15 ёшли Киссинжер оиласи билан нацистлар Германиясидан қочиб кетган. «У ҳамма нарсани яхши тушунган, ўшанда нацистлардан қочиш ёки курашиш ўрнига уларга мослашиш зарурлиги ҳақида гапирмаган», — деди Зеленский. 

Украина президентининг сўзларига кўра, Россия нима қилмасин, «Украинага зарба берган минглаб ракеталар, ўн минглаб украиналиклар ҳалок бўлгани, Буча ва Мариуполдаги ҳолат, вайрон қилинган шаҳарлар, Россия томонидан қурилган ҳамда одамлар ўлдирилаётган, қийноққа солинаётган, зўрланаётган ва таҳқирланаётган «фильтрлаш лагерлари»га қарамай, Россия манфаатларини ҳимоя қиладиганлар топилади».

23 май куни Ҳенри Киссинжер Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида сўзлаган нутқида ғарб давлатлари Россиянинг Европа учун аҳамиятини ёдда тутиши ва «лаҳзалик кайфият»га берилмаслиги кераклигини маълум қилди.  

Киссинжер, шунингдек, ғарбни Украинани Россиянинг кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлари бошланишидан олдин назорат қилган ҳудудларни сақлаб қолишини ўз ичига олган шартлар асосида тинчлик музокараларига рози бўлишга мажбурлашга чақирди.

«Музокаралар яқин икки ой ичида, енгиб ўтиш осон бўлмаган тўнтаришлар бўлишидан олдин бошланиши керак. Идеал ҳолда, ажратиш чизиғи эски статус-квога қайтиш бўлиши керак», - деди Киссинжер. 

Унинг сўзларига кўра, Украинанинг 2022 йилгача Россия томонидан эгаллаб олинган ҳудудларни қайтариб олишга уринишлари «Украина озодлиги учун кураш эмас, балки Россиянинг ўзига қарши янги уруш» бўлади. 

Худди шундай чақириқлар The New York Times газетасининг 19 майдаги рукнида ҳам эълон қилинган. Матнда айтилишича, Украина урушни тўхтатиш учун ҳудудий ён босишга ва «оғриқли қарорлар» қабул қилишга мажбур бўлади. Муаллифлар, шунингдек, Киевни «хаёлий ғалабага интилмасликка» чақирди. 

«Эҳтимол, New York Times 1938 йилда ҳам шунга ўхшаш нарсани ёзгандир. Лекин ҳозир, эслатиб ўтаман, 2022 йил», деб жавоб берди Зеленский. 

Мавзуга оид