“Миллионлаб мигрантлар битта давлатдаги аҳволга боғланиб қолиши керак эмас” — германиялик профессор
Германия иқтисодий гуруҳи консултанти Матиас Лукке Бухорода ўтаётган Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш халқаро форумида миграцияга оид қатор таклифлар берди. У Kun.uz мухбири билан суҳбатда айтишича, давлат мигрантларни касб-ҳунарга ўқитганда фақат Ўзбекистонда керакли касбларга эмас, балки фуқароларнинг расман ишлаш имконияти бўлган давлатларга керакли касбларни ўқитиши керак.
Германия иқтисодий гуруҳи консултанти, Кил университети профессори Матиас Лукке Бухорода бўлиб ўтаётган Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш халқаро форумида иштирок этди. У Kun.uz билан суҳбатда мигрантларга муқобил вариантлар бериш кераклиги ҳақида гапирди.
“Табиийки, мигрантлар даромади қайси мамлакатга кетаётгани ҳамда ўша мамлакатдаги иқтисодий аҳволга ҳам боғлиқ. Мисол учун, Россиядаги вазият ўзбек мигрантларига, умуман Марказий Осиё ва Россияда бўлиб турган бошқа меҳнат муҳожирларининг даромадига таъсир қилмай қолмайди. Шунинг учун биз Ўзбекистон ҳукумати томонидан муқобил вариантлар ишлаб чиқилиши ва бошқа давлатлар билан ҳам миграция борасида келишувга эришиш муҳимлигини таъкидлаймиз.
Шунда бир неча миллион аҳолида фақатгина битта давлатдаги вазиятга боғланиб қолмасдан, уларда бошқа алтернатив мамлакатларга бориш имконияти ва ўзини қўллаб-қувватлаш, ишлаш, оиласини боқиш имконияти пайдо бўлади”, – дейди у.
Профессорга кўра, хорижда ишлаш истагидаги фуқароларни ўша давлатлардаги талабгир касбларга ўқитиш муҳим аҳамиятга эга.
“Мигрантлар нима қилиши керак, қайси давлатга қандай боради, яъни бораётган давлати қонунчилиги бўйича жуда кўп маълумотга муҳтож бўлишади. Буларга, масалан, касбий нуқтайи назардан ўқиш ёки касбий маҳорат мактабларида курслар ташкил қилиниши керак бўлади. Мана шу қисмида давлат ўз ролини билдириши мумкин. Яъни давлат ҳар қандай ҳолатда ҳам коллеж ёки лицейлар орқали махсус касбга ўқитиш имкониятларини яратади, лекин бунда давлат нафақат Ўзбекистон учун керак бўлган, балки Россия, умуман мигрантлар қайси давлатга бориш имконияти бўлса, дейлик Корея, Япония, Европа Иттифоқида қанақа турдаги касб эгалари керак бўлишини инобатга олган ҳолда бу жараённи ташкиллаштириши мақсадга мувофиқ бўлади”, – дейди профессор.
Матиас Лукке мигрантларга тўғридан тўғри пул ажратиб, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш ҳақида эмас, уларни тўғри малака билан таъминлаш, ўқитиш тўғрисида ўйлаш кераклигини қўшимча қилди.
“Агар шу нарса таъминланса, мигрантлар бошқа мамлакатга борганда ишончи комил бўлиб расман ишлаши, даромад қилиши ва маблағларни оилаларига бемалол юбориши мумкин бўлади. Бу оилалар ички истеъмол орқали иқтисодиётни ривожлантиришга ўз ҳиссаларини қўшади ва ҳар хил товарлар импорти орқали қўшилган қиймат солиғини тўлаб, давлат қилган харажатлар қисман компенсация бўлиши мумкин”, – дейди иқтисодчи.
Мавзуга оид
11:19 / 20.11.2024
2025 йилда 1 млн аҳолини камбағалликдан чиқариш ҳукумат иқтисодий комплекси асосий вазифаси бўлади
10:48 / 20.11.2024
Камбағаллик даражаси бу йил 9 фоизга тушиши кутилмоқда
13:50 / 09.10.2024
Камбағалликни қисқартириш вазирлигида "лойиҳа менежерлари" гуруҳи ташкил этилади
16:17 / 25.09.2024