Бухорода туризмни ривожлантириш бўйича ҳукумат режалари эълон қилинди
Вазирлар Маҳкамасининг “2022-2026 йилларда Бухоро вилоятида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Фанлар академияси ва Бухоро вилояти ҳокимлигининг:
- Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги “Қадимги Пойкент” археология мероси объектини муҳофаза қилиш ҳамда Бухоро давлат музей-қўриқхонаси филиали “Қадимий Пойкент шаҳарчаси тарихи музейи” негизида очиқ осмон остидаги музей ташкил этиш;
- Пойкент музейида археология ашёлари кўргазма-экспозициялари ҳамда археология тадқиқотлари базасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланади.
Қуйидагилар “Пойкент” музейи асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланади:
- “Қадимги Пойкент” археология мероси объектини муҳофаза қилиш, консервациялаш ва асраб-авайлаш, объектда олиб борилаётган археологик қидирув, қазишма, қутқарув ва назорат ишларини ташкил этиш;
- археология тадқиқот ишлари давомида очиб ўрганилган археология ашёлари, ноёб осори-антиқаларни реставрация ва консервация қилиш;
- “Пойкент” музейи ҳақидаги республика ҳудудида сақланаётган маълумотларни малакали мутахассис ва экспертлар, олимларни жалб этган ҳолда тадқиқ этиш, улар ҳақида батафсил маълумотлар базасини яратиш ва мунтазам янгилаб бориш, халқаро илмий анжуманлар ташкил этиш, матбаа маҳсулотларини тайёрлаш, оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғиб қилиш;
- тарихий-илмий асослар бўйича “Пойкент” музейида жойлашган бино ва иншоотлар макетларини тайёрлаш, археология ашёлари, қадимги ёзма манбалар, тарихий ҳужжатлар, осори-атиқалар, замонавий илмий-тадқиқот ишлари, монография ва илмий тўпламлар, видео ва фотоҳужжатлар ҳамда бошқа манбалар ҳисобига кўргазма-экспозиция ташкил этиш;
- “Пойкент” музейида юқори технологияларга асосланган ахборот-ресурс марказини ташкил этиш ва унинг фаолиятини самарали йўлга қўйиш.
Ўзбекистон бош вазири ўринбосари - туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов 2022-2026 йилларда Бухоро вилоятида туризмни жадал ривожлантириш бўйича алоҳида дастурни амалга оширишда масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
- 2022-2026 йилларда хорижий ва маҳаллий туристлар сонини 5 млн нафарга, экспорт ҳажмини 600 млн АҚШ долларига етказиш режасини амалга ошириш;
- вилоятнинг туризм инфратузилмасини кенгайтиришда Бухоро аэропорти орқали мунтазам халқаро авиақатновлар сонини ошириш;
- турли мулкчилик шаклидаги 255 та меҳмонхона барпо этиш, 60 та янги туризм маршрутларини ташкил қилиш;
- вилоятдаги 800 дан зиёд маданий мерос объектларининг таъмирга муҳтожларини бирма-бир реставрация қилиш ва бунга маҳаллий ҳамда хорижий олимлар, реставраторлар ва дахлдор нуфузли мутахассисларни жалб қилиш;
- “Арк қўрғони”нинг бундан 100 йил олдин вайрон қилинган қисмлари пойдевор қисмини олиб, археологик парк-музейга айлантириш;
- Фанлар академияси Археология институтининг Бухоро филиалини ҳамда Бухоро давлат университетида археология кафедрасини ташкил қилиш;
- Бухоро шаҳрида энг замонавий жиҳозланган тарих музейини ташкил этиш ва унда вилоятда мавжуд 130 мингдан зиёд экспонатдан Бухоро тарихининг энг ноёб дурдоналарини жойлаштириш;
- маҳаллий ёшларни гид-кузатувчилик мутахассислиги бўйича қайта тайёрлаш, малакасини ошириш бўйича қисқа курслар, хорижий ва маҳаллий туроператорлар, журналистлар, блогер ва влогер (видеоблогер)лар иштирокида информацион турлар ташкил қилиш;
- Бухоро вилояти ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, туризм салоҳиятини акс эттирувчи ва тарғибот қилувчи матнли ва видео материалларни ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрлаш, оммавий ахборот воситаларида, телевидение ва радиода мунтазам ёритиб бориш ҳамда туристик объектларга тарқатишни ташкил қилиш;
- улуғ аллома Абу Али ибн Сино туғилиб ўсган Афшона қишлоғини туризм шаҳарчасига айлантириш вазифаларнинг ижросини ўз вақтида сифатли таъминлайди.
Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Бухоро вилояти ҳокимлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
- Бухоро шаҳар И.Каримов кўчасида “Street Food” гастрономик кўчасини ташкил этиш бўйича концепция ва ташкил қилинадиган объектлар жойлашув нуқталарини шакллантиради;
- Бухоро вилояти ҳудудидан ўтувчи М-37 ва А-380 автомагистраль йўлбўйи ҳудудларида сайёҳлар, йўловчи ва ҳайдовчилар учун қулай шарт-шароит яратиш, йўлбўйи инфратузилмасини ривожлантириш, жозибадорлигини ошириш ҳамда аҳоли камдаромад қатлами, ёшлар, аёлларни иш билан банд қилиш, ҳунармандчилик ва қандолатчилик йўқолиб бораётган турлари маҳсулотлари савдосини йўлга қўйиш мақсадида ихчам миллий – намунавий лойиҳалар асосида енгил конструкцияли инфратузилма объектларини ташкил этиш, уларнинг ҳар томонлама қулай жойлашувини таъминлаш чораларини кўради.
Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Бухоро вилояти ҳокимлиги, Туризм ва маданий мерос вазирлигининг “Бухоро ихтисослаштирилган жайрон питомниги”ни 2022-2026 йиллар давомида замонавий туристик объектга айлантириш тўғрисидаги таклифи маъқулланади.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Бухоро вилояти ҳокимлиги, Қурилиш вазирлиги, Туризм ва маданий мерос вазирлиги Жондор ихтисослашган ўрмон хўжалиги ҳудудига туташ жойда жойлашган “Варахшо” археологик қалъаси атрофидаги 50 гектар ер майдонини археологик ёдгорлик ҳудуди ва унинг муҳофаза зонасида Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги илмий-эксперт кенгаши ижобий хулосаси олинмасдан қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бормаслик шарти билан Жондор ихтисослашган ўрмон хўжалиги тасарруфига ўтказиш таклифлари маъқулланади.
Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Бухоро вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Бухоро шаҳрида мавжуд “Бухоролик бой савдогар уй-музейи” ёдгорлик мажмуасини “Файзулла Хўжаев уй-музейи” деб қайта номлаб, унинг янги экспозицияси яратилишини таъминлайди.
Мавзуга оид
20:15 / 26.12.2024
Мирзиёев: ЕОИИ давлатлари фуқароларига ички ҳужжатлари билан Ўзбекистонга кириш имконини беришга тайёрмиз
22:53 / 16.12.2024
Эмин Агаларов Чорвоқ бўйида Sea Breeze Uzbekistan туристик марказини қурмоқчи
18:14 / 16.12.2024
Сурхондарёнинг учта туманида замонавий туристик марказлар ташкил этилади
17:03 / 15.12.2024