Дон маҳсулотлари бозорини эркинлаштириш нима учун зарур?
Бу соҳадаги давлат буюртмаси ўтган асрнинг 90-йилларида пайдо бўлган. Бунда фермерлар ўзи етиштирган буғдойни ҳукумат томонидан белгиланган харид нархида давлатга сотишга мажбур эди. Ўша даврда даромадлари ҳозиргидан кўра анча паст бўлган аҳоли ўтиш даврида бозор нархидан арзонроқ нон билан таъминланган.
Лекин аҳолини арзон озиқ-овқат билан таъминлашнинг бу усули қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларнинг зарарига ишлаб, деҳқон ва фермерлар ўз маҳсулотини бозор нархидан арзон сотишга мажбур эдилар.
Лекин қишлоқ хўжалиги ҳам иқтисодиёт ва бизнеснинг бир соҳаси бўлиб, бу соҳада банд бўлган аҳоли ҳам ўз меҳнатидан максимал фойда олишга ҳақли. Ҳукумат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмини ошириш ва ишлаб чиқарувчилар меҳнатини рағбатлантириш мақсадида босқичма-босқич дон бозорини эркинлаштирмоқда.
Нега эркинлаштириш айнан ҳозир қилиняпти?
Дон маҳсулотлари бозорини эркинлаштириш – бир кунлик қарор эмас. 2019 йили тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархларини давлат томонидан белгилаш тартибидан босқичма-босқич воз кечиш, буғдой ва дон маҳсулотларини бозор нархларида сотиб олиш амалиётига ўтиш белгиланган.
Ўзбекистонда 1994 йилдан бери давом этиб келган уннинг нархини давлат томонидан тартибга солиш амалиёти 2019 йилнинг 15 октябридан бошлаб тўхтатилди. “Буханка” нон нархи 1100 сўмдан 1400-1500 сўмгача кўтарилди. 2020 йили дон бозорини эркинлаштириш жадал давом эттирилиши режалаштирилган эди. Бироқ, пандемия туфайли кўп корхоналарнинг молиявий аҳволи оғирлашгани ҳамда аҳоли даромадларининг камайгани сабаб режалаштирилган ишларни тўхтатиб туришга тўғри келди.
Нега айнан ҳозирги вақтда эркинлаштирилмоқда?
Дунё бозорида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари нархи кўтарилиб бормоқда, ўз ўрнида ишлаб чиқариш воситалари хам қимматлашмоқда. Ҳатто ривожланган Европа давлатларида ҳам фермерлар уюшмалари фермерларнинг молиявий аҳволи оғирлашиб, касодга учраши мумкинлигидан хавотир билдирилмоқда.
Ўзбекистон ҳукумати бу йил 1 тонна буғдойнинг харид нархини ўтган йилги 1,55 млн сўмдан 3 млн сўмга кўтаришга қарор қилди, чунки бунда мураккаб шароитда маҳаллий фермерлар меҳнатига яраша ҳақ тўланмаслиги қишлоқ хўжали соҳасидаги эришилган кўп йиллик ижобий натижаларни йўққа чиқариши мумкин.









