Жаҳон | 20:09 / 11.06.2022
53484
7 дақиқада ўқилади

Хитой ва Россия ўртасида илк автомобил кўприги очилди. Бу ким учун фойдалироқ?

Кўприкни қуриш бўйича битим 1995 йилда имзоланган. 1080 метрли кўприк Амур дарёси устида қурилган. Путиннинг ишончли вакили кўприк очилишида иштирок этиб, «Россия Шарққа юзланаётгани»ни айтди.

Фото: Амур области маъмурияти матбуот хизмати

Россиянинг Благовешенск шаҳрида мамлакатни Хитой билан боғловчи илк автомобил кўприги очилди. Амур дарёси устидан ўтадиган кўприк қурилиши 2016 йилда бошланган ва 2020 йилги очилиш коронавирус пандемияси сабаб қолдирилганди.

ОАВда кўприк Россиянинг Благовешенск ва Хитойнинг Хэйхэ шаҳарларини боғлаши ёзилмоқда, лекин аслида у йўлдош қишлоқлар бўлмиш Каникурган ва Чанфани боғлайди.

«Кўприк Благовешенскдан анча узоқда, Хитойнинг Хэйхэ шаҳрига эса жуда яқин жойлашган. Бу благовешенскликлар учун қулай жой бўлмаслиги мумкин, лекин юкларни ташиш учун жуда яхши жойда, чунки федерал трасса яқиндан ўтади», дейди Россия ТИВ қошидаги тадқиқот институти ходими Иван Зуенко.

Кўприкдан аллақачон Хитойга соя ёғи ва ёғоч, Россияга эса машина шиналари ва электротехникалар олиб ўтилган.

Нариги соҳилдаги Хэйхэ

Хитойнинг Хэйхэ шаҳри Россиянинг Благовешенск шаҳрининг рўпарасида жойлашган. Хитой шаҳар қирғоқларини мамлакатнинг витринасига айлантиришни истаган ва шу сабаб соҳил яқинида турли рангдаги чироқлар осмонда ҳар хил шаклларда пайдо бўлади. Дарёнинг Россия томонидаги россияликлар соҳилда юриб Хитой томонни, хусусан, чироқ ўйинини томоша қилишни хуш кўради.

2021 йил охирида Хитойда кескин карантин жорий қилиниб, чироқлар ўйини ҳам бекор қилинди. Чироқлар қайта ёқилганда эса ҳатто Благовешенск ҳокимияти вакиллари хитойлик ҳамкасбларига расмий миннатдорчилик хати ҳам юборган. Бу хат матни яқинда DDosecrets лойиҳаси томонидан Благовешенск ҳокимлиги сайти бузиб кирилгач эълон қилинганди.

Россия Украинага бостириб киргач, кўплаб ҳакерлар бунга норозилик сифатида Россия федерал ташкилотлари сайтларини бузиб кира бошлади. Катта эҳтимол бу хат ҳам шундай исён натижасида оммага ошкор бўлган.

Битта фура учун 8700 рубл

Россия транспорт вазири Виталий Савелевнинг айтишича, Амур дарёси устида очилган кўприк Россия ва Хитой ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини йилига 1 миллион тоннага ошириши кутилмоқда. Россиялик вазир видеоалоқа кўринишидаги очилиш маросимида кўприкнинг очилиши икки мамлакатдаги тадбиркорларнинг транспорт харажатларини камайтириши, экспорт ва импорт учун сарфаланадиган йўл эса уч бараварга қисқаришини айтган.

Кўприкнинг узунлиги 1080 метрни ташкил этади, поезд йўлларини кесиб ўтиш билан ҳисобласа, умумий масофа 20 кмга етади. Кўприкдан ўтиш учун ҳар бир фура 8700 рубл (150 доллар) тўлаши керак бўлади.

Амур вилояти губернатори Василий Орловнинг айтишича, ўтиш нархи фақат 20 йилдан кейин пасайтирилиши мумкин, бу вақтга бориб кўприк ўз харажатларини қоплай бошлаган бўлади. Кўприкни қуришга 19 миллиард рубл сарфланган бўлиб, ундан 14 миллиард рубллик ишлар Россия ҳудудида амалга оширилган.

Россия ва Хитой қурилишни 540 метрдан тенг иккига бўлиб олган. Қурилиш бўйича штаб-квартираси Хэйхэда, филиали Благовешенскда жойлашган қўшма корхона ташкил этилган. Кўприкни қуриш ва ишга тушириш ушбу корхонага имтиёз асосида тақдим этилган. Имтиёз муддати тугагач, кўприкнинг Россия томонидаги қисми Амур вилояти балансига ўтади.

Амур губернаторининг айтишича, имтиёз муддати 20 йил этиб белгиланган. Губернатор кўприк пул ишлаш учун эмас, бизнесни ривожлантиришга ёрдам берадиган инфратузилма яратиш учун қурилганини айтди.

«Россия Шарққа юзланмоқда»

Фото: Амур области маъмурияти матбуот хизмати

Биринчи босқичда янги кўприкдан фақат юк ташувчи машиналар ҳаракатланади. 11 июндан кўприк ҳар куни ишлай бошлайди. Максимал юкламада у ердан бир кунда 630 та юк ташувчи машина, 164 та автобус ва 68 та енгил автомобил ўтиши белгиланган.

Маҳаллий журналист Виктория Сутенконинг айтишича, кўприк очилишини шаҳар аҳолиси интизор бўлиб кутган, чунки атрофдаги россияликлар 1990-йиллардан буён Хитой билан бизнес ҳамкорлик қилиб келишади, сантехника маҳсулотлари ҳам асосан Хитойдан олиб келинади.

Ҳозиргача Россиянинг Благовешенск шаҳридан Хитойдаги мегаполисга катерларда ўтишган. Қишда эса музлаган Амур устидан ҳаракатланишган. Кўприк очилгач ҳам бу йўллар амалда бўлавериши кутилмоқда.

Россия президентининг Узоқ Шарқдаги ишончли вакили Юрий Трунтев кўприкнинг очилиш маросимида онлайн қатнашиб, «Россия Шарққа юзланаётгани» ҳақида гапирди. Унинг айтишича, бу юзланиш чинакамига амалга ошиши учун Амур устида кўпроқ кўприклар қуриш, Байкал – Амур ҳамда Транссибир магистралларини кенгайтириш керак. «Бу бутун Россия учун керак», деди Путиннинг ишончли вакили.

Кўприкни қуриш бўйича Хитой ва Россия ҳукуматлари 1995 йил 26 июнда битим имзолаган, аммо ҳаракатлар бошланмай тураверган. Ўтган асрнинг 80-йиллариданоқ бу ҳудудда кўприк қуриш зарурлиги ҳақида айтишган. 2015 йилга келибгина ҳукуматлараро битимга ўзгартириш киритилиб, кейинги йил қурилиш бошланиб кетди.

Кўприкнинг Хитойдаги қисми тезроқ битди. 2019 йилда икки қисм боғланди. Кўп ўтмай эса пандемия бошланиб қолди ва кўприкни очиш тўхтаб қолди. Пандемия ҳозир ҳам ўз кучида турибди, чунки кўприкдан йўловчилар ўтишига қачон рухсат берилиши аниқ эмас.

Биринчи автомобил кўприги

Россия ва Хитой ўртасида 4209,3 км умумий чегара мавжуд. Аммо Амур дарёси устида қурилган кўприк мамлакатлар ўртасидаги илк автомобил кўприги ҳисобланади. Лекин биринчи кўприк эмас. 2022 йил 27 апрелда Нижнеленинское ва Тунцзянни боғловчи темирйўл кўприги ҳам қуриб битказилган. Бу поезд кўприги Россия поездлари учун кенглиги 1520 мм ва Хитой поездлари учун кенглиги 1435 мм бўлган йўллардан иборат.

Благовешенскдаги «Сенинг диспетчеринг» транспорт компанияси директори Татяна Благанинг айтишича, кўприк очилишини шаҳарда катта байрамдек қарши олишган. Амур вилоятидан Хитойда соя ҳамда кўплаб турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари экспорт қилинади. Ўз навбатида Россия томони кўплаб турдаги маҳсулотларни импорт қилади.

Кўприкдан ҳаракатланиш бошланган бўлса-да, ҳали қурилиши керак бўлган объектлар бор. Масалан, Россия томонида чегарачилар доимий яшайдиган бино йўқ, фақат чегарачилар, божхоначилар ва фитосанитар назоратчилар вақтинча бўлиши учун жойлар бор. Умуман олганда, Россия томони поезд йўлларидан ўтишни ҳам яхшилаш зарурати сабаб деярли икки баравар кўпроқ ишларни амалга оширган.

Мавзуга оид