Абдуқодир Тошқулов — мафкуралашган таълим, рўмол бўйича ноқонуний талаб ва ётоқхоналар муаммоси ҳақида
16 июн куни Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов иштирокида ОТМларга тасдиқланган қабул квоталари масаласига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбир якунида вазир журналистларнинг соҳага оид бошқа қатор саволларига ҳам жавоб берди.
Kun.uz:
Университетларнинг бугун 2 асосий вазифаси бор. Биринчиси – дарсликлар чиқариш ва халқни саводли қилишга ҳисса қўшиш.
Иккинчиси – сифатли кадрлар тайёрлаш ва уларнинг ғояларини хорижга сотиш орқали мамлакат ривожланишига ҳисса қўшиш. Хўш, сиз вазир бўлиб келгандан буён ўзбек ОТМларида қилинган қандай ғоялар хорижга сотилди?
— Бизнинг энг катта ютуқларимиздан бири – ҳозир Ўзбекистонда очилган хорижий ва хусусий олий таълим муассасалари билан давлат олий таълим муассасалари ўртасида рақобат вужудга келгани.
Мен бу саволингизга давлат олий таълим муассасаларидан Тошкент давлат иқтисодиёт университетини мисол қилиб келтираман. Ҳозир у ерда Лондон университетининг қўшма дастурлари очилди, шунингдек, “Пирсон”нинг эътирофлари бўляпти.
Юридик университетда, ирригацияда натижалар жуда катта. Ҳудудларга келсак, Самарқанд ва Урганч давлат университетида бўлаётган ишлар таҳсинга лойиқ. Умуман, ҳаракат қилмаётган университет йўқ. Фақат кўп йиллик муаммолар йиғилиб қолган. Биласизми, буни нимага ўхшатаман? Дейлик, бирор сурункали, масалан, қанд касали бор бемор шифокорга олиб борилса, аввал унинг қанд миқдори пасайтирилади ва кейин муолажа қилинади.
Бугунги қабуллар мисолида ҳам олий таълимга доғ бўлган коррупция ва таниш-билишчилик ҳолатларини ўйлашимча, юз фоиз ҳал қилиб олдик. Тараққиёт бўлиши учун булар бўлмаслиги керак эди.
Ўтган йили президентимиз ректорларнинг кўплаб муаммоларини эшитди ва уларни ҳал қилиш бўйича барча шароитни яратиб берди. Энди тараққиёт катта босқичда бўлади.
Бир мисол, яқинда Миллий университетда талабалар билан учрашарканман, улар менга нега ўқитувчилар чет элга боради-ю, биз бормаймиз, дея савол берди.
Биз шу жойда қарор қабул қилдикки, энди ректор, проректор, кафедра мудири чет элга борса, ўзи билан камида беш нафар талабани олиб кетиши керак.
Талабалар жуда билимли, улар ёняпти. Қайтараман, ишламаётган ОТМ йўқ, ишламаётган ректор бор.
Kun.uz:
Бугунги ўзбек таълим тизими ниҳоятда мафкуралашган. Бу ўқув режалари, дарслик, ҳатто талабаларнинг реферати, курс ва диплом ишларини ёзишида ҳам кўринади.
Хўш, олий таълимни қандай қилиб мафкурадан холи қилиш, уни прагматик, талабалар учун керакли ва фойдали тизимга айлантириш мумкин?
— Эътибор берган бўлсангиз, мен биринчи чиқишларимдаёқ талабаларга форма масаласида эркинлик берамиз, дея гапиргандим. Иккинчидан, ўйлашимча, ҳозирги талаба кечаги талаба эмас. Унинг телеграми Qalampir.uz’га ҳам Kun.uz’га ҳам уланган. Бу тармоқлар эса уларни бир қобиқда ўтиришга қўймайди.
Ҳозир улар ўз ҳаққини талаб қиляпти. Ҳозир вазир ҳамма нарсани очиқлаяпти.
Ҳа, эски мафкуранинг баъзи жиҳатлари бизга ҳам ўрнашиб қолган экан. Университетларга борганда, баъзи талабаларнинг ўтирган жойида ва хоҳлаган саволини бераётганини кўриб, эҳ, шу таъзирини бериб қўядиган талаб экан-да, деб қўяман. Бир хуруж қилиб қолади-да биздаям. Ҳозир талабанинг ўзи мафкуралаштиришга қўймаяпти.
Биз таълимда ватанга муҳаббатни сингдирадиган ҳақиқий рақам, ҳақиқий мафкурадан фойдаланишимиз керак. Масалан, талабага: биродар, 2030 йилга бориб, муҳтарам президентимиз Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг жон бошига тақсимотини 2 минг доллардан 4 минг долларга кўтарадилар, дейишимиз керак. Мафкуранинг биттаси шу бўлиши керак.
Албатта, ҳамма мафкурани ҳам пулга боғлаб қўймоқчи эмасман. Лекин ялпи ички маҳсулот икки баробарга ошса, яшаш ҳам икки баробарга кўтарилади, таълим сифати ҳам. Мана шундай мисоллар билан сингдириш керак ватанга муҳаббатни.
Kun.uz:
Аввалроқ пандемия вақтида қўшни давлатлардан ўқишини Ўзбекистонга кўчиришда муаммога дуч келган ва барча ҳужжатлари бор талабаларнинг муаммоси сўзсиз ҳал бўлишига ваъда бергандингиз. Биргина Андижон вилоятидаги ўнлаб ҳолатлар мисолида бу ваъдангиз бажарилмади...
— Бизда яхшигина ишлайдиган суд органи бор ва ҳуқуқни талаб қилиш тизими яратилган. Демак, унинг ўқишида нимадир муаммо бўлган. Эски жойда академик қарздорлиги бўлган бўлса ёки шакллар тўғри келмаган бўлса, ўтолмагандир.
Бундай қолиб кетиши мумкин эмас. Қонунчилик йўл қўймайди.
Бир ҳолат бўлди: тўрт йил ўқиган талаба диплом ололмаяпти. Чунки унда кириш буйруғи бўлмаган. Суд унинг ҳуқуқини тиклаб бериб, масъулларни жавобгар қилди. Шунинг учун бизда устунлик доим талабага берилган.
Суд тартибида нега кўрмаган у?
Талабани қолдиришдан манфаат йўқ.
Масалан, Украинадаги воқеалар асносида, ўша мамлакатда ўқиётган талабаларнинг ўқишини Ўзбекистонга кўчиришга руҳсат берилди. Минг афсуски, бу жараёнда ҳам турли фирмалар пайдо бўлди ва биз кутган 400 нафар атрофидаги талабалар сони 3 минг нафардан кўпайиб кетди. Текширтирдик, улар Украинага бормаган, ўқимаган, қалбаки ҳужжатлар. Бошқарма бошлиқларимга кўтартираман бу масалани.
Qalampir.uz:
Олий таълимда талабаларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари вазир назоратидами?
— Вазирнинг ўзи фарзанд катта қиляпти. Шу тадбирга келгунча ҳам ҳозир вилоятда бўлган болаларим билан гаплашиб олдим.
Қандай қилиб юрагим ачимасинки, бир талаба ўз жонига қасд қилса. Бу – жамиятнинг муаммоси. Биз ҳаётнинг қадрини ёшларга тушунтириб беролмаяпмиз.
Ҳаёт – инсонга берилган энг катта неъмат. Бу учун жавоб бор. Устозларимиз тана руҳингга улов қилиб берилган, дейишарди. Болага шуларни тушунтиришимиз керак.
Daryo.uz:
Андижонда рўмол ўраган қизларнинг университет имтиҳонларига киритилмаётгани кўпчиликнинг норозиликларига сабаб бўлди. Вазир сифатида бунга қандай фикр билдирасиз?
— Биласизми, олий таълим тизимида айнан шу саволга жавоб беришга қийналаман. Чунки бунақа чеклов йўқ-да. Лекин ҳар бир ОТМнинг ўз махсус формалари бор. Лекин шу “dress code”да “рўмол ўрамасин” – деган жойи йўқ. Фақат кўриниш, шакл ёки бошқа нарсаларда ҳар бир олийгоҳда ... шундай бўлиши мумкин.
Олий таълим – бу мактаб эмас. У ерда 18 ёшдан катталар таҳсил олади. Бу – “ўшалар”нинг (университетдагиларнинг) қилган нотўғри иши. “Бундай бўлмасин, ўшанақа бўлсин”... Ҳаммаси мустақил ОТМ ҳисобланади. Ёши нуқтаи назаридан ҳам улар пулини тўлаб ўқияпти, ҳуқуқлари анча устувор.
Биласизми, бу – ўқитувчиларнинг, ўша мафкурада суғорилиб ишлаганларнинг иши. Бунга ўхшаган жараёнларни бошқача талқин қилиб, топшириқдек талқин қилиб ўзича… Тушунтиролдим фикримни, менимча.
Qalampir.uz:
Ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларингизда ОТМларнинг ётоқхоналарига борганингизни кўриб қоламиз. У ерда кимдир борса, янги қозон, янги чойнаклар қўйиб қўйиш каби кўзбўямачиликлар борми ҳалиям?
— Мен саволингизга жавоб бераман ва уни тармоқларда беринг. Талабалар шаҳарчасида 1992 йилдан буёғига консервация бўлиб фойдаланилмаётган иккита собиқ талабалар турар жойи турган. Консервация дегани фойдаланилмаган. Бир бурчакка талабалар шаҳарчаси ҳокимлиги жойлашган. Ўйлаб кўринг, мингта талаба жойлашиши мумкин бўлган жой қарийб 30 йил, яъни 25 йил талаба яшамаган у ерда. Шунинг учун шунча вақт улар қийналиб юрган. Энг қизиғи, мен у ердан ўтиб қайтаман, мен ҳам кўрмаганман буни, менинг айбим. “Нега бу ерда одам турмаяпти?” – деганимда, бу жуда катта капитал реконструкция бўлиши керак, инвестиция дастурига киритилган, шундан кейин ҳал бўлади, дейишган.
Кейинроқ Бош вазиримиз талабалар шаҳарчасини айланганида, шу аҳволни кўриб, ҳаммамизни йиғиб, тўғрилаш учун бир ой вақт берди. Вазирлик фондидан, бош вазиримиз ҳам пул бердилар, ОТМнинг ўз маблағи билан 1 ойда минг ўринли талабалар турар жойи қилинди.
Энди ўйлаб кўринг, 30 йил шу ерда ҳеч ким турмаган. Шу ерга кейин талабалар жойлаштирилди. Берилган топшириғимиз адо этилдимикан деб, ҳеч кимга ҳеч нарсани айтмасдан кирдим ва айландим. У ерга талабалар янгидан келган-ку, 2 ҳафта бўлган келганига ва ўзига қозон, чойнак сотиб олган-да, янги жиҳозни қўйган. Ёрдамчимиз шу расмни қўйган. Менимча матбуот хизмати раҳбари йўқ эди, бу лавозим вакант эди. Мен қарамаган нарсани, ростдан ҳам улар кўрибди, “мана уюштирилган…”.
Мен бир нарсани айтаман сизга, ёшликдан шундай тарбия олганмиз, яъни сохтакорлик бор жойда мен йўқман. Сохталик билан касб эгалланадиган бўлса, сохталик билан лавозимга ўтириш керак бўлса, яхшиси бошқа иш танлаб, кўпроқ уйда ўтирадиган, илм билан банд бўлиб одамларга фойдаси тегадиган ишни қилиш керак. Бугун халқнинг олдига чиқиб, бир тизимнинг хизматига масъул бўлдикми, “Ё аслинг каби кўрин, ё кўринганинг каби бўлгин”.
Бугун жуда кўплаб муаммони мен очиқладим. Ҳамма ҳам бундай чиқиб, ўзининг тизимидаги муаммоларни дастурхон қилмаса керак. Нимага? Халқ билган нарсанинг яна нимасини яширай мен? Кеча ҳам айтгандим, пул билан ўқишга киришни, пул билан баҳо олишни ҳам, умуман, ҳамма адолатсизликни биз безбетларча халқнинг олдида қилдик. Мана энди 5-6 йилдан бери ҳар йили ислоҳ бўляпти…
Лекин мен аминман, бу ўқув йилигача яратилган шароитлар билан мен ўзимнинг тизимимга жавоб бераман. Тизимли масала қолмади, буёғига ҳам қаттиқ курашамиз. Бу 30 минг нафар магистр нима учун курашяпти? Вақтида 5-6 мингта ўқир эди бутун республика бўйича, нега? Шундай мисолларим бор, чиқиб кўз ёш қиласиз.
Мисол учун, бир олийгоҳнинг ректори бўшайман деб келяпти-да, мен масалан бўшаётган фаррош билан ҳам суҳбат қиламан-да, нима учун у ишдан кетмоқчи, балки, пастдан унга тазйиқ бўлаётгандир. Маълум бир муддатдан кейин чақириб, улар билан суҳбат қилсак, “докторский”ни Германияда қилган, бакалаврни бошқа бир давлатда, малака Японияда. Жуда етук кадр. Бу ердаги муҳитга сиғмади у инсон, хорижий давлат билан шартнома қилганлар, кетяптилар. Шунда мен айтдим:” қолинг, сизни ўзимга маслаҳатчи қилиб оламан, биздаги муҳит сиз айтгандек”, – десам, шундайин ўткир эканларки, лафз қилган эканлар.
Менга энг алам қиладигани – мен бориб, ишлайдиган давлатдаги ойлигим бу ердагидан кам деди-да. ОТМнинг проректори ҳозир ғайрат қилиб ишласа, 1 500 доллар бемалол олиши мумкин. Шунақа бўлса-да, шундан кам ойлик учун четга чиқиб, малакамни қилиб келай, деяптилар. Биз бундай кадрни 10 минг доллар тўлаб, четдан олиб келишимиз мумкин.
Шунинг учун мен тизимимизни фақатгина оқлашдан йироқдаман. Жамоа шу одамни сиғдирмади. Энди уларга кўмак бериб, ишлатишимиз мумкин бу каби инсонларни.
Kun.uz:
Бизга ваъда қилинган интервьюни қачон берасиз?
— 2 ҳафта ичида бераман.
Илёс Сафаров тайёрлади.
Мавзуга оид
19:53 / 15.10.2024
“Секин ошириб борамиз” – Тошбоев Ўзбекистон 24 минглик Ҳаж квотасидан тўлиқ фойдаланмаётгани ҳақида
15:50 / 15.10.2024
“Бу катта миқдор эмас” – Диний қўмита раиси Умра лицензиясининг 1 миллион долларлик шарти ҳақида
20:25 / 23.08.2024
Олий таълим муассасаларида янги ўқув йили 9 сентябрда бошланади
11:40 / 23.08.2024