Ўзбекистон Конституциясига ўзгаришлар киритишни халқаро ташкилотлар ҳам қўллаб-қувватлаяпти, деди Конституцион комиссия раиси Акмал Саидов.

Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари бу ҳақда айни дақиқаларда давом этаётган Олий Мажлис палаталари кенгашларининг қўшма мажлисида айтиб ўтди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

“Конституциявий ислоҳотларимиз нафақат Ўзбекистон аҳолисини, балки халқаро ҳамжамиятни, хориждаги фуқароларимизни ҳам қизиқтирмоқда. Мен хориждаги кўзга кўринган арбоблардан иккитасининг фикрини айтмоқчи эдим. Биринчиси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси, Польша ташқи ишлар вазири Збигнев Рау Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотлар ўз вақтида ўтказилаётганини, бу борада мамлакатни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини таъкидлади.

Фото: Конституциявий комиссия матбуот хизмати

Куни кеча ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси узоқ муддатли миссияси раҳбари Оуэн Мёрфи юртимизга ташриф буюрди. Улар 2021 йил 24 октябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш бўйича ўзларининг якуний хулосасини апрелда беришди. Бу ерга келганларида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ҳам учрашув бўлди, барча сиёсий партияларнинг раҳбарлари, вазирликлар, сайловга алоқаси бўлган ҳамма ташкилотлар, хусусан, Марказий сайлов комиссияси раҳбарлари учрашишди. Улар ҳамма учрашувларда сайлов қонунчилигига оид ўз таклиф-мулоҳазаларини айтишди ҳамда Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар ташаббусини қўллаб-қувватлашларини билдиришди.

Лекин шу ерда битта нарсани айтиб ўтиб кетай. ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси иккита таклифни илгари сурмоқда. Биринчиси, президентлик ёки депутатликка номзодларни кўрсатишда қўйилган талаблар – республика ҳудудида муайян муддат яшагани (ўтроқлик цензи) ҳамда тил билишига оид талабларни олиб ташлашимизни, бу чеклов эканини айтишмоқда. Иккинчиси, муомала лаёқати чекланганларга, яъни ақли норасоларга ҳам сайлаш ҳуқуқини беришимизни сўрашмоқда. Биз кейинги муҳокамаларимизда бу таклифларга ҳам эътибор берсак жуда яхши бўларди”, деди Акмал Саидов.