Ўзбекистон | 17:33 / 28.06.2022
11693
6 дақиқада ўқилади

«Миллий маҳсулотимизга қизиқиш кучайган» — президент элчиларга хорижий брендларни жалб этиш бўйича топшириқ берди

Пахта ҳосилдорлигини ва уни қайта ишлаш ҳажмини ошириш масалаларига бағишланган йиғилишда президент Ўзбекистоннинг хориждаги элчиларида тўқимачилик саноатига инвесторлар жалб қилиш масаласида ташаббуслар йўқлигини танқид қилди. 

«Ўзбек пахтасига бойкот бекор қилинганидан сўнг, хорижий бренд ва йирик компаниялар маҳаллий корхоналар билан ҳамкорлик қилишга, миллий маҳсулотларимизга катта қизиқиш билдирмоқдалар.

Лекин, очиқ айтиш керак, тўқимачилик саноатини ташқи бозорларга олиб чиқиш, брендлар ва йирик корхоналарни жалб қилишда элчихоналар ишламаяпти.

Мисол учун, биздаги Туркия, Хитой, Германия каби бошқа давлатлар элчилари ўз мамлакати тадбиркорларининг манфаатини ҳимоя қилиш учун вазир, ҳоким, ҳатто корхонагача боришдан чарчамайди.

Лекин, бизнинг элчиларда бундай ташаббус ҳали йўқ!» деди президент.

Шу муносабат билан йил якунига қадар:

  • Испания, Германия ва Швеция, Буюк Британия, Франция, Италия, Польша, Япония, Туркия, АҚШдаги элчилар билан бирга 50 та хорижий брендларни юртимизга олиб келиш;
  • халқаро кўргазмаларда камида 30 та ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчи маҳсулотини олиб чиқиб, 50 миллион доллардан буюртма олишни таъминлаш топширилди.

Шунингдек, брендларни жалб қилишга:

  • бўялган трикотаж мато ва газлама экспорт қилувчиларга 10 фоизгача миқдорда субсидия берилади;
  • хорижий брендлар ва уларга тайёр маҳсулот етказиб бераётган маҳаллий корхоналарнинг буюртмаларига асосан алоҳида авиарейслар йўлга қўйилади.

Шу билан бирга, брендлар учун зарур бўлган фурнитураларнинг 90 фоизи импорт қилинмоқда.

Шунинг учун, мутасаддиларга:

  • бир ой муддатда фурнитура ва аксессуарлар ишлаб чиқариш дастурини ишлаб чиқиш;
  • Андижон, Наманган ва Тошкент вилоятларида йил якунига қадар 4 тадан фурнитура корхоналарини ишга тушириш топширилди.

Президент тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг Аксессуар ва фурнитура ишлаб чиқарувчилар уюшмасини ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлади.

Экспортчиларни қўллаб-қувватлаш механизмлари янада кенгайтирилади

Жумладан, Экспорт агентлиги томонидан:

  • экспорт қилувчи корхоналарга 5 миллион долларгача айланма маблағ учун ресурслар уларнинг экспорт ҳажмидан келиб чиқиб ажратилади;
  • корхоналарнинг хорижда омборхоналарни ижарага олиш харажатларини қоплаб бериш учун чекланган майдон 100 квадрат метрдан 500 квадрат метрга оширилади. 

Экспортёрлар номига очилган аккредитивларни кредит таъминоти сифатида қабул қилишга рухсат берилади. Яъни корхона экспорт қилган кундан бошлаб ўз хизмат кўрсатувчи банкидан аккредитивнинг 80 фоизи миқдорида кредит олиши мумкин бўлади.

Кластер ва тўқимачилик корхоналарининг молиявий ҳисобот халқаро стандартларига ўтиши қўллаб-қувватланади.

Бундан буён молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш харажатларининг 50 фоизгача қисми Молия вазирлиги томонидан қоплаб берилади.

Республика комиссияси тузилади

Пахта хомашёси ва ип-калавани қайта ишлашни тизимли ташкил этиш учун Бош вазир ўринбосари С.Умурзоқов бошчилигида Республика комиссияси тузилиши белгиланди.

Комиссиянинг асосий вазифаси юқорида айтиб ўтилган 9 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш режасини ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар, қолаверса, кластер кесимида белгилаш ва ижросини ташкил этиш ҳисобланади.

Кластерлар пахтадан ип-калавагача ишлаб чиқариш занжирини жорий этишга масъул бўлади.

Агар кластернинг ўзида хоҳиш бўлса, бемалол ўзи қайта ишлашни тўлиқ циклда амалга ошириши мумкин. 

Бундан буён, алоҳида индустриал зоналар ташкил қилиниб, уларда тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчилар учун барча шароитлар яратиб берилади.

Комиссия элчилар ва кластерлар билан бирга бу индустриал зоналар бошқарувига чет эл компанияларини жалб қилиб, нуфузли брендларни олиб келади.

Йиғилишда тўқимачилик корхоналарини пахта толаси ва ип-калава билан узлуксиз таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

Ички бозорда танқислик туфайли пахта толасининг нархи халқаро биржалардан юқори бўлиб, 1 тоннаси 37 миллион сўмгача етмоқда. Оқибатда 22 мингдан зиёд ходим ишлайдиган 59 та ип-йигирув корхонасига ойига 25 минг тонна тола етишмайди.

Шу боис, Комиссия назорати остида:

  • Нью-Йорк биржасида пахта толаси нархи кескин ошса, тола маҳаллий биржага 10 фоиз чегирма билан қўйилади;
  • кластерлар ўз эҳтиёжидан ортиқ толани ойма-ой мажбурий биржага чиқаради;
  • барча ип-калава корхоналари ишлаб чиқарган маҳсулотнинг камида 30 фоизини биржа орқали сотади;
  • биржада сотиб олинган ип-калава учун тўловни банк кафолати орқали 3 ойгача бўлиб-бўлиб тўлаш механизми жорий этилади;
  • қайта ишлаш қувватларига эга бўлмаган кластерларга имтиёзли кредит 14 ойга берилади (ҳозир – 24 ой).

Соҳа учун солиқ ва божхона маъмурчилиги енгиллаштирилади

Бунда, ҳудудлар ва саноат тармоқларининг экспорт салоҳиятини ошириш учун божхона ҳудудида қайта ишлаш тизими янада соддалаштирилади. Хусусан:

  • тўқимачилик саноатида хомашёни божхона ҳудудида қайта ишлашни божхона тўловлари бўйича таъминотсиз амалга оширишга рухсат берилади;
  • олиб келинган хомашёдан божхона ҳудудида қайта ишлаб чиқарилган товарни «экспорт» режимида олиб чиқиш мумкин бўлади.

Шунингдек, тўқимачилик саноати учун мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган совитиш ускунаси, йигирув «бочок»лари каби товарлар учун уч йил муддатга божхона имтиёзлари тақдим этилади.

Шу билан бирга, экспорт контрактлари бўйича келиб тушмаган маблағлар 5 фоиздан ошмаса, улар муддати ўтган қарздорлик сифатида ҳисобга олинмайди.

Мавзуга оид