Украинани қўллаётган Евроиттифоқ Россия энергоресурсларини сотиб олишда ҳамон етакчи
Урушнинг дастлабки 100 кунида (24 феврал – 4 июн) Россия энерготашувчилар (газ, нефт, кўмир) экспортидан салкам 100 млрд доллар ишлаб олган. Бу – кунига қарийб 1 млрд доллар даромад дегани. Асосий харидор – Европа Иттифоқи. Рус ёқилғисига қарамлиги сабаб де-факто Москвага урушни молиялаш имкониятини яратиб бераётган Европа 6-тўплам санкциялар натижасида йил охиригача Россиядан нефт импортини сезиларли қисқартириши кутиляпти.
Visual Capitalist таҳлилчилари Энергетика ва тоза ҳаво тадқиқотлари маркази (CREA) маълумотларидан фойдаланган ҳолда Украина урушининг биринчи юз кунида Россия ёқилғисининг энг йирик импортчилари бўлган давлатлар статистикасини тузди.
Россия дунёда учинчи йирик нефт ишлаб чиқарувчи ва иккинчи экспортчи ҳисобланади. Ҳарбий можаронинг юз куни давомида нефт Россиянинг энг қимматли экспорт товарига айланди ва барча экспорт тушумларининг деярли ярмини ташкил этди.
Нефт танкерлар орқали бир нечта қитъалардаги харидорларга, табиий газ эса қувурлар орқали асосан Европага сотилади. Мамлакат Европа Иттифоқининг табиий газга эҳтиёжини 41 фоизга қондиради; ЕИга аъзо айрим давлатлар эса деярли тўлиқ Россия газига боғлиқ.
Урушнинг дастлабки юз кунида Россия газ қувурлари орқали 25 миллиард долларлик газ экспорт қилган бўлса, шундан 85 фоизи Европа Иттифоқига юборилди.
Россия ёқилғисининг асосий харидорлари
Можаронинг биринчи юз кунида Россия ёқилғисининг 61 фоизи Европа Иттифоқи томонидан сотиб олинган. Германия, Италия ва Нидерландия биргаликда Россияга энергоресурслар учун 29,1 млрд доллар тўлаган.
Уруш фонида Хитой Россия ёқилғисининг энг йирик харидорига айланди. Май ойида Хитой кунига деярли 2 миллион баррел арзон рус нефтини импорт қилди, бу ўтган йилга нисбатан 55 фоизга кўп. Натижада Саудия Арабистони Хитойнинг энг йирик нефт етказиб берувчиси мақомидан айрилди.
Ҳиндистон ҳам Россиядан ёқилғи импортини оширди: 100 кунлик даврда Россия нефт экспортининг 18 фоизи Ҳиндистонга тўғри келди. Қизиқ томони шундаки, Ҳиндистон бу нефтни қайта ишлайди ва уни Россия импортидан мустақилликка эришмоқчи бўлган АҚШ ва Европага сотади.
АҚШ ва Швеция Россия энергоресурсларидан тўлиқ воз кечди
АҚШ ва Швеция Россиядан қазиб олинадиган ёқилғи импортини бутунлай тақиқлади, май ойида можаро бошланганидан бери ойлик импорт 99 фоизга камайди.
Май ойида глобал миқёсда Россия ёқилғиларининг импорт ҳажми 15 фоизга камайди.
Бир қатор Европа давлатлари, жумладан, 100 кунлик даврда энг йирик импортёрлар Россияда ишлаб чиқарилган ёқилғи истеъмолини сезиларли даражада камайтирди. Европа Иттифоқининг Россияга қарамликни камайтириш бўйича коллектив қароридан ташқари, баъзи давлатлар рубл билан ҳисоб-китоб схемасидан ҳам воз кечишди, бу эса импортнинг пасайишига олиб келди.
Импорт ҳажми пасайишда давом этади
Европа Иттифоқи яқинда Россияга қарши олтинчи санкциялар пакетини қабул қилиб, денгиз орқали жўнатилган барча рус нефт маҳсулотларига тўлиқ тақиқ қўйди. Россиянинг Европа Иттифоқига нефт импортининг 90 фоизини қамраб оладиган тақиқ 6 ойдан 8 ойгача бўлган вақтдан сўнг амалдаги шартномаларни бажаришга имкон бериш учун тўлиқ кучга кириши мумкин.
Европа Иттифоқи Россия нефтидан босқичма-босқич воз кечаётган бир пайтда, қатор Европа давлатлари ҳамон Россия газига қаттиқ қарамлигича қолмоқда ва газ эмбаргоси жиддий муҳокама ҳам қилинаётгани йўқ.
Мавзуга оид
22:44 / 13.11.2024
Трамп маъмуриятида Украина бўйича махсус вакил бўлади — ОАВ
21:24 / 13.11.2024
Кураховодаги украин гарнизони қуршовга тушиши мумкин. Фронтдаги энг мураккаб йўналишлардан бирида нималар бўлмоқда?
18:53 / 13.11.2024
Борис Жонсон Украинага британ ҳарбийлари юборилиши шартини айтди
14:54 / 13.11.2024