Шу муносабат билан бир қанча вақт аввал Тошкент шаҳри «Новза» жоме масжиди имом-хатиби Жалолиддин домла Ҳамроқулов билан қурбонлик ҳукми ва аҳкомларига доир уюштирган суҳбатимизни такроран эълон қилишни лозим топдик.
Бу ойда амалга ошириладиган қурбонликнинг ҳукми қандай?
— Ушбу муборак ойда қилинадиган амали солиҳларнинг энг афзали – Зулҳижжа ойининг 10-куни Ҳайит намози ўқилганидан сўнг, учинчи кун қуёш ботгунга қадар, яъни 3 кун ичида, мусулмон, оқил, балоғат ёшига етган, муқим ва закот беришга қодир бўлган кишиларга бир жонлик сўйиш вожиб ҳисобланади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу кунда энг биринчи қиладиган ишимиз қурбонлик сўйишдир», дейдилар.
Қуръони каримнинг энг кичик «Кавсар» сурасида: «Биз сизга, эй Расулуллоҳ, Кавсарни ато этдик. Шундай экан, Роббингизга намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг», дейилади. Муфассирлар ушбу оятлар тафсирида, намоздан мурод – Қурбон ҳайити намози, қурбонликдан мурод қурбонлик сўйиш эканини айтишади. Бундан кўринадики, қурбонлик қилишлик мусулмон, оқил, солиҳ, муқим ва закот беришга қурби етган инсонга вожиб бўлади.
Закот берувчи ва қурбонлик қилувчи ўртасидаги фарқ
— Шу ўринда, закот ва қурбонлик орасидаги нозик қирра ҳақида. Мазҳабимизда закот беришдан аввал нисобга етган мол бир йил ўзгармасдан туриши шарт қилинган бўлса, қурбонлик қилиш учун нисобга етган моли уйда бир йил туриши шарт эмас. Қурбон ҳайити байрами арафасида ёки қурбонлик қилиш мумкин бўлган кунлари моли нисобига етса, қурбонлик қилиши вожиб бўлади.
Яна бир тарафи: пулдор, моли нисобига етган одам мусофир бўлиб қолса, унга қурбонлик қилишлик вожиб бўлмайди. Агар сафарга кетаётган одам молига васийлик қиладиган одамга: «Агар мен сафарда бўлиб қайтолмай қолсам, қурбонлик қилинглар» деса, қилса бўлади. Аммо бу сўзни айтмаган бўлса, бўйнидан соқит бўлади.
Қандай ҳайвонлардан қурбонлик қилинади?
— Қўй, эчки, қорамол, қўтос ва туя каби ҳайвонлардан қурбонлик қилинади.
Бизнинг Ҳанафий мазҳабимизда қўй бир киши учун, қорамол ва туя бир нафардан етти нафаргача кишининг номидан сўйилса ҳам бўлади.







