Боррел G20 давлатлари ўртасида Украина бўйича келишув йўқлигини маълум қилди
«Катта йигирматаликка» аъзо баъзи давлатлар урушга йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақидаги умумий тамойилларни қўллаб-қувватлайди, бироқ амалда улар Россия билан муносабатларини сақлаб қолишга интилади, деди дипломат.
Европа иттифоқи мамлакатлари ва «катта еттилик» (G7)нинг Россиянинг Украинага бостириб кириши бўйича позицияси «катта йигирматалик» (G20) мамлакатлари орасида устувор эмас. Бу ҳақда ЕИ дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел Индонезияда бўлиб ўтган G20 давлатлари вазирлар саммити якунлари бўйича маълум қилди.
«Асосий хулоса шуки, мавҳум терминлар билан айтганда, ҳудудий суверенитет ва куч ишлатмаслик каби тамойилларни ҳимоя қилиш зарурати ҳақида ҳамма якдил фикрда. Бироқ, аниқ жиҳатларга келганда, бу бошқача кўринади», деб ёзади Боррел. «Шафқатсиз ҳақиқат шундаки, миллий манфаатлар кўпинча олий ғояларга умумий садоқатдан устун туради», деди у.
Боррелнинг эслатишича, БМТ Бош ассамблеясининг март ойида бўлиб ўтган овоз бериш жараёнида 140 та давлат Россия тажовузини қоралаб чиқди ва Россиядан ташқари, G20 аъзоларининг бирортаси ҳам резолюцияга қарши чиқмади. «Аммо қандай давом этиш кераклиги ва уруш оқибатлари ҳақида фикрлар кескин фарқ қилади», деб ёзади Боррел. G7 ва ҳамкор давлатлар Россиянинг хатти-ҳаракатларини қоралаш ҳамда Кремлга қарши санкциялар масаласида ҳамжиҳат бўлса-да, бошқа давлатлар ўзгача нуқтайи назарга эга, дея таъкидлади у.
«Гап тажовузкор номини айтиб, унинг ҳаракатлари оқибатларига ким масъул эканини кўрсатишга келганда, кўпчилик турли сабабларга кўра бундай қилишдан ўзини тияди. Баъзилар бунга ким масъул экани ва қандай йўл тутиши ҳақида эмас, балки ўзи учун уруш оқибатлари ҳақида ўйлайди. Бошқалар эса «икки томонлама стандартлар» ҳақида шикоят қиляпти ёки шунчаки Россия билан яхши икки томонлама муносабатларни сақлаб қолишни хоҳлаяпти», - дея тушунтирди Боррел G20’даги позицияни. Унинг сўзларига кўра, кўплаб давлатлар бирор бир тарафга ўтишни истамайди, чунки бу уларнинг геосиёсий манфаатларини хавф остига қўйиши мумкин.
Боррел биринчи сессиядаги нутқидан сўнг дарҳол йиғилишни тарк этган Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг саммитдаги хатти-ҳаракатларига урғу берди. «У ҳатто бошқаларнинг гапларига қулоқ ҳам солмади. Бу қарор Россия кўп томонлама форумларга эътибор бермаслигидан далолат беради. Умид қиламанки, Украинадаги уруш бўйича позициясини очиқ айтишдан ўзини тийган G20 аъзолари бунга эътибор қаратди», - деб хулоса қилди Боррел.
Мавзуга оид
22:44 / 13.11.2024
Трамп маъмуриятида Украина бўйича махсус вакил бўлади — ОАВ
21:24 / 13.11.2024
Кураховодаги украин гарнизони қуршовга тушиши мумкин. Фронтдаги энг мураккаб йўналишлардан бирида нималар бўлмоқда?
18:53 / 13.11.2024
Борис Жонсон Украинага британ ҳарбийлари юборилиши шартини айтди
14:54 / 13.11.2024