Жаҳон | 08:51 / 12.07.2022
7253
2 дақиқада ўқилади

БМТ Хавфсизлик кенгаши Сурияга гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича резолюция тўғрисида келишиб олди

Россия ва Хавфсизлик кенгашининг бошқа аъзолари Сурияга гуманитар ёрдам етказиб бериш бўйича назорат-ўтказиш пункти ишини олти ойга узайтириш бўйича резолюция тўғрисида келишиб олди.

Фото: Getty Images

БМТ Хавфсизлик кенгашининг барча 15 аъзоси Туркия билан чегара орқали Сурияга трансчегаравий гуманитар ёрдам (ТГЁ) механизмини яна олти ойга узайтиришга келишиб олди, деб хабар қилди AFP 11 июль, душанба куни.

Давлатлар Туркиядан Суриянинг Идлибига олиб борувчи «Боб ал-Ҳава» назорат пункти фаолиятини узайтиришга келишиб олди. 8 июль куни бўлиб ўтган Хавфсизлик кенгашининг сўнгги йиғилишида Россия назорат-ўтказиш пункти фаолиятини бир йилга узайтириш бўйича таклиф қилинган резолюцияни қўллаб-қувватламади ва уни олти ой билан чеклашни таклиф қилди. Россия томонидан рад этилган таклиф олти ойдан сўнг - 2023 йил 10 январдан кейин назорат-ўтказиш пункти автоматик равишда яна олти ойга узайтирилишини назарда тутган. Россия иккинчи қисмга рози бўлмади ва олти ой ичида тегишли резолюцияни қабул қилишни талаб қилди. 

Россиянинг БМТдаги доимий вакили биринчи ўринбосари Дмитрий Полянскийнинг сўзларига кўра, ҳозир Хавфсизлик кенгаши «аслида Россия лойиҳасини қабул қилди». «Бизнинг лойиҳамиз аслида кичик ўзгартиришлар билан олинди. Қарорнинг олти ой ва плюс олти ой давомида қабул қилиниши билан», - дея Полянскийнинг сўзларини келтиради «Коммерсант». 

Аввалги резолюция, Москвага кўра, Дамашқ манфаатларига жавоб бермаган. Трансчегаравий инсонпарварлик ёрдами механизми БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан 2014 йилда, Суриянинг катта қисми расмий Дамашқ назорати остида бўлмаганида келишилган эди. 

2020 йилгача Туркия, Ироқ ва Иордания билан чегараларда тўртта чегара пости ишлаган. Сурия армияси мамлакат ҳудуди устидан назорат ўрнатар экан, Россия вето ҳуқуқидан фойдаланиб, учта назорат-ўтказиш пунктини ёпишга эришди.

Мавзуга оид