Жаҳон | 11:40 / 12.07.2022
14688
3 дақиқада ўқилади

Россия суди Қозоғистондан нефть экспорт қилувчи корхона ишини тўхтатиб туриш ҳақидаги қарорни жаримага алмаштирди

Краснодар ўлка суди «Каспий қувурлари консорциуми»га 200 минг рубль миқдорида жарима тўлаш мажбуриятини юклади. Аввалроқ КҚКга ўз фаолиятини 30 кунга тўхтатиб туриш талаби қўйилганди.

Фото: Picture Alliance

Краснодар ўлкаси суди Ғарбий Қозоғистондаги конлардан Россия жанубидаги Новороссийск денгиз терминалига нефть экспорт қилувчи «Каспий қувурлари консорциуми - Р» (КҚК) фаолиятини 30 кунга маъмурий тўхтатиб туриш ҳақидаги қарорни 200 минг рубль (3160 евро) миқдоридаги жаримага ўзгартирди. Бу ҳақда 11 июль куни КҚК матбуот хизмати хабар берди.

Қарор Новороссийскнинг Приморский туман суди қарори устидан берилган шикоятни кўриб чиқиш натижасида қабул қилинди. 

Шу билан бирга, КҚК Ространснадзор томонидан текшириш пайтида аниқланган камчиликларни йўқ қилиш устида иш олиб бораётганини кўрсатди. «Имкон қадар тезроқ» тузатишлар киритиш режалаштирилмоқда, дея маълум қилди лойиҳа оператори. 

КҚК доимий циклли корхонадир. Унинг фаолиятидаги танаффус ишлаб чиқариш жараёни учун қайтарилмас оқибатларга олиб келиши мумкин. Нефтни ташиш учун технологик талаблар бир вақтнинг ўзида ишлаб чиқаришни тўхтатиб туришга имкон бермайди, дея таъкидлаб ўтишди компанияда. 

4 июль куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишел билан телефон орқали мулоқотда Европа иттифоқига мавжуд энергия ташувчилар тақчиллигини бартараф этишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди. 

Шундан кейин, 5 июль куни Новороссийск суди «атроф-муҳитга етказилган зарарни бартараф этиш» мақсадида КҚК денгиз терминали фаолиятини 30 кунга тўхтатиб қўйди. Бунга жавобан Тўқаев 7 июль куни Қозоғистон нефтини етказиб бериш йўналишларини диверсификация қилишга чақирди. 

Қозоғистон президенти устувор мақсад сифатида Хитой, Қозоғистон, Каспий денгизи, Озарбойжон, Грузия ва ундан кейин Россияни четлаб ўтиб Европа давлатларига ўтувчи Транскаспий йўналишидан фойдаланишнинг энг мақбул вариантларини ишлаб чиқишни таклиф қилди. 

Президент, шунингдек, ҳукуматга Қозоғистон денгиз портларини Каспий денгизининг етакчи хабларига айлантириш бўйича топшириқ берди. «Қозоғистон ҳеч қачон денгиз мамлакати бўлмаган ва шунинг учун денгиз транспорти имкониятларидан тўлиқ фойдаланмаган. Ҳозир бошқа вақт. Мен ҳукумат олдига стратегик вазифа қўйдим - портларимизни ўзгартириш, уларни жаҳоннинг етакчи марказларидан бирига айлантириш», деди у. 

Июнь ойи ўрталарида 25-Петербург халқаро иқтисодий форумининг (ПХИФ) ялпи мажлисида Қозоғистон раҳбари Россия президенти Владимир Путиннинг ёнида «ДХР» ва «ЛХР»ни «квазидавлат ҳудудлар» деб атаганди.

Мавзуга оид