19:58 / 13.07.2022
78179

Сўм банкнотлардаги кетма-кет ноллар: Одамлар чалғимаслиги учун нима қилиш керак?

Бугун Марказий банк янги, 200 минг сўм қийматдаги купюра муомалага киритилишини ва янги пулнинг суратларини эълон қилди. Ушбу мақолада янги дизайндаги пулларимиз билан боғлиқ ноқулайликлар ҳақида гап кетади.

Фото: KUN.UZ

Олдинги сериядаги пуллар – 200, 500, 1 000, 5 000, 10 000, 50 000 ва 100 000 сўмлик пулларимизнинг ўлчамлари бир хил эди — 144×78 мм.

2021 йилнинг июнидан бошлаб Буюк ипак йўли мавзусида чоп этилган сўмнинг янги банкнотлари эса ўзининг замонавий дизайни билан ажралиб турибди. Гарчи унинг дизайни ҳам соҳадан хабардор мутахассисларда саволлар уйғотаётган бўлса ҳам.

Купюраларнинг баландлиги бир хил — 69 мм бўлса-да, номинал қиймати ошишига қараб уларнинг энига узунлиги 5 миллиметрга ошиб боради: 2 000 ва 5 000 сўмликнинг эни — 142 мм, 10 000, 20 000 ва 50 000 сўмликнинг эни — 147 мм, 100 000 сўмликнинг (ва катта эҳтимолки 200 000 сўмликнинг ҳам) эни 152 мм. Пулнинг ўлчами ихчамлашган, каттароқ номиналдаги суммаларнинг ўлчами узунроқ бўлгани ҳам бир қулайлик.

Пулларнинг ўлчами ихчамлашгани билан, барибир муомалада айрим ноқулайликлар борлигини фуқароларимиз ижтимоий тармоқларда ёзмоқда.

Хусусан, 10 минг сўм ва 20 минг сўмлик банкноталарнинг ўлчами ва ранги ўхшашлиги. Бир боғлам (пачка) 20 минг сўмлик ичига 10 минг сўмлик солиб юборилса — қоронғида, масалан мол бозорларида санашда ажратиб бўлмайди.

Янги 200 минг сўмлик банкнота дизайнида ҳам яна улар каби кўк рангдан фойдаланган.

Иккинчи ноқулайлик, банкнотда қийматни ифодалашда нолларнинг кетма-кет ёзилиши: 100000, 200000 тарзида. Натижада 20 минг сўмлик ва 200 минг сўмликни ажратишда ноқулайлик вужудга келади. Боз устига, пулларимиз лотин алифбосида чиқарилмоқда. Аҳолимизнинг кирил алифбосида саводи чиққан ёши катта қисмида кичик шрифтда ёзилган пулнинг номиналини ўқиш ва ажратишда қийинчилик вужудга келади.

Ҳа, пулларимизнинг ноллари тобора кўпаймоқда. Бундан фожиа ясамаслик керак, бунақа пулларга эга ягона давлат эмасмиз. Қолаверса, 1994 йилнинг 1 июлида сўм муомалага киритилганидан буён деноминация қилингани йўқ.

Бироқ, банкнотада мингни ифодаловчи нолларни ифодалашда бошқа давлатлар қандай йўл тутганига эътибор қаратиб, уларнинг тажрибасидан ҳам фойдаланиш лозим.

Нолларни ажратишнинг учта йўли бор:

1) 10000, 20000, 50000, 100000, 200000 минг сўмлик банкноталарда минглик саноқни билдирувчи учта нолни ажратиш: 10 000, 20 000, 50 000, 100 000, 200 000 тарзида (Ўзимизда 1993 йилда сўм-купон муомалага чиқарилганда шу усулдан фойдаланилган).

Ўзбекистоннинг 1993-1994 йилларда муомалада бўлган 10 минг сўм-купони

Италиянинг эски 500 минг лираси

Беларуснинг эски 50 минг рубли

Россиянинг эски 100 минг рубли

Тожикистоннинг эски 10 минг рубли

Озарбойжоннинг эски 10 минг манати

Исроилнинг эски 10 минг шеқали

Ироқнинг 50 минг динори

Мексиканинг 1992 йилги пул ислоҳотидан сўнг 100 мингдан 100 песога айланган пули

2) Минглик саноқдаги нолларни вергул ё нуқта билан ажратиш: 10,000, 20,000, 50,000, 100,000 ва 200,000 ёки 10.000, 20.000, 50.000, 100.000 ва 200.000 тарзида.

Ливаннинг 100 минг ливри

Вьетнамнинг 500 минг донги

Аргентинанинг эски 500 минг песоси

3) Пулнинг мингликларни билдирувчи нолларини бошқа хирароқ рангда, кичикроқ шрифтда ёки МИНГ сўзи билан ифодалаб ёзиш. Бу миллий валютасини деноминацияга тайёрлаётган давлатларда кузатилади.

Эроннинг амалдаги 1 миллион риёл пули

Туркиянинг эски 5 ва 20 миллион лираси 1:1000000 нисбатда деноминация қилинганидан сўнг

2014 йилги редизайндан сўнг учта нол МИЛ (минг) сўзига айлантирилган Колумбиянинг 20 минг песоси

Миллий валютамизни эмиссия қилувчи Марказий банкимиз юқорида келтирилган мисолларга эътибор қаратиб, бу ноқулайликни бартараф этса яхши бўлар эди.

Шуҳрат Шокиржонов тайёрлади.

Top