Ўзбекистон | 19:21 / 14.07.2022
20658
4 дақиқада ўқилади

Марказий Осиёда илк бор Ўзбекистонда шиша тола ишлаб чиқарувчи завод ишга туширилди

“Falk Porsche Fiberglass” Ўзбекистон – Германия қўшма корхонаси томонидан дунёда саноқли, Марказий Осиёда эса ягона бўлган шиша тола ишлаб чиқарувчи завод Туронбанк кўмагида ишга тушди.

Фото: Falk Porsche Fiberglass

Дронлар ишлаб чиқариш, авто, темирйўл ва авиа саноат, йўл ҳамда кўприксозлик, шунингдек яна юзлаб стратегик аҳамиятга эга мақсадлар учун энг ноёб нанотехнология ҳисобланган хомашёлар, айнан мана шу заводда ишлаб чиқарилади. Яъни ҳозирга қадар жаҳоннинг саноқли давлатларида мавжуд шиша толасидан композит материаллар тайёрлаш объекти энди Ўзбекистонда ўз фаолиятини бошлади.

Заводнинг очилиш маросимида қайд этилганидек, мазкур янги авлод заводи мамлакатимиз саноат бозори ва майдони учун янгилик бўлиб, «Ўзгласзайден» корхонасининг реинжиниринг қилиниши натижасида Марказий Осиёда ягона лойиҳа сифатида, 21,4 млн евро миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция асосида “Deutsche Kabel AG Tashkent” ва “Туронбанк” АТБ ҳамкорлигида ташкил этилди.

Завод раҳбари Улуғбек Исмоиловнинг айтишича, шишатолани ишлаб чиқаришда маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланилмоқда.

“Лойиҳа бўйича ишлар давлатимиз раҳбарининг 2019 йил “Шиша тола, шиша толали буюмлар, композит материаллар, энергия тежамкор иситиш асбоб-ускуналари ва энергия тежашнинг замонавий тизимларини ишлаб чиқаришни ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қароридан сўнг бошланди. Шишатолани ишлаб чиқариш учун ўзимизнинг маҳаллий каолин, оҳактош, натрий сульфат ва колеманитдан аралашма тайёрланади ва 1550 градусда қизиб турган махсус қозонларда эритилади. Айни вақтда кунига 40 тонна шиша тайёрлаш имконияти мавжуд. Бу иссиқлик қозонлари Германия технологияси ҳисобланиб, 40 фоизгача газни тежашга кўмаклашади. Завод раҳбари билан суҳбатимиз давомида шуни ҳам билиб олдикки, бу шиша толаларнинг ноёблиги унинг вазни ва мустаҳкамлиги билан ҳам боғлиқ экан. Тасаввур қилиб кўринг, инсон сочи тахминан 100 микрон ўлчамда белгиланса, бу хомашё ундан қарийб 7 баробар ингичка яъни, атиги 13 микронни ташкил қилар экан. Аммо зичлиги ва бардошлилиги бўйича темирдан бир неча 10 баробар мустаҳкам”, - дейди Улуғбек Исмоилов.    

Тошкент шаҳридаги Олмазор кичик саноат зонасида жойлашган 2,5 гектарлик янги авлод заводининг технологик жараёнлари билан яқиндан танишиш давомида барча босқичлар тўлиқ автоматлашганлиги, лаборатория ишлари энг сўнгги русумдаги ускуналар ёрдамида олиб борилишига гувоҳ бўлиш мумкин.

Ҳозирнинг ўзидаёқ бу ерда 400 га яқин янги иш ўринлари яратилган бўлиб, уларнинг аксарият қисмини ёшлар ташкил этмоқда. Шунингдек, завод ишчи-ходимларининг 40 фоизи хотин-қизлардан иборат.

“Falk Porsche Fiberglass” Ўзбекистон – Германия қўшма корхонаси тўлиқ қувват билан ишга тушганда йилига 13 минг тонна шиша толаси, 6 минг тонна композит материал ва полимер қопламалар ишлаб чиқарилиши режалаштирилмоқда. Экспорт эса тахминан йилига 10 млн евродан ортиқ бўлиши кутиляпти.   

Айни вақтда жаҳон миқёсида шишатоласига бўлган талаб юқори эканлиги инобатга олинса, бу нанотехнологиянинг саноат шаклида ривожланиши Ўзбекистон экспорт салоҳиятининг янада яхшиланишида муҳим аҳамият касб этиши турган гап. Чунки глобал дунёнинг яқин келажакдаги ўзгариш ва чақириқлари минимал, камхарж ва чидамли материалларнинг оммалашишига замин яратади.  

Реклама ҳуқуқи асосида