Мутахассислар Ўзбекистонда айрим соҳалар учун тўрт кунлик иш ҳафтасини жорий этиш мумкин деб ҳисобламоқда
ПМТИ Ўзбекистонда 4 кунлик иш ҳафтасига ўтиш бўйича тадқиқот олиб борди.
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти мутахассислари 4 кунлик иш ҳафтасини қўллаш мумкин бўлган соҳаларни таҳлил қилди.
Корреляцион таҳлил натижалари шуни кўрсатдики, бир соатлик иш вақтига тўғри келадиган ЯИМ ҳамда ҳафталик иш соатлари (0,027) ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқ. Ушбу кўрсаткич одамлар ҳафтасига 35 соат ёки ундан кам ишлайдиган мамлакатларда ҳам, ҳафтасига 40 соат ёки ундан кўпроқ ишлайдиган мамлакатларда ҳам ўзаро боғлиқ эмас.
Ҳисоб-китоблар Ўзбекистон иқтисодиётида меҳнат унумдорлиги ва иш соатлари ўртасида юқори боғлиқлик мавжудлигини кўрсатди.
ПМТИ экспертларининг фикрича, таълим, соғлиқни сақлаш (айрим тармоқлари), илмий фаолият соҳалари, ахборот технологиялари ва банк соҳасида 4 кунлик иш ҳафтасига ўтиш имкониятлари мавжуд.
Мослашувчан иш жадвалига ўтиш ва иш ҳафтасини қисқартириш бир қатор имтиёзларни шакллантиришда ёрдам беради. Бу умумий иш самарадорлигига таъсир қилади ва ижтимоий-иқтисодий муҳитни яхшилайди:
- биринчидан, ходимлар соғлиғи яхшиланади: қўшимча дам олиш куни ходимларга яхши дам олиш ва иш учун куч тўплаш имконини беради;
- иккинчидан, аҳоли, хусусан, хотин-қизларнинг меҳнат бозоридаги иқтисодий фаоллигини ошириш орқали ишсизликка қарши самарали кураш таъминланади;
- учинчидан, ходимлар иштиёқи кучаяди, муҳим вазифаларни тез ва сифатли бажаришда фикрини жамлай олади, иш вақтини йўқотиш қисқаради;
- тўртинчидан, иш вақтини қисқартириш экология ва транспортга тушадиган зўриқишни, шунингдек, ёнилғи ва энергия сарфини камайтиришга ижобий таъсир кўрсатади;
- бешинчидан, кўнгилочар ва маданият соҳасини ривожлантиришга қўшимча туртки бўлади;
- олтинчидан, аҳоли турмуш даражаси яхшиланади. Вақтни оила даврасида ўтказиш, севимли машғулот билан шуғулланиш, маданий савиясини юксалтириш, спорт билан шуғулланиш, ўз ўзини тарбиялаш учун кенг имкониятлар яратилади.
«Умуман олганда, хорижий амалиётни ўрганган ҳолда, шунингдек, ҳисоб-китоб натижаларига кўра, ПМТИ мутахассислари Ўзбекистон шароитида айрим соҳаларда 4 кунлик иш ҳафтасига ўтиш имкониятлари мавжуд, деб ҳисоблайди», дейилади маълумотда.
Мавзуга оид
15:42 / 20.12.2024
Ўзбекистонлик кадрларни Чехияда ишга жойлаштириш бошланади
12:29 / 18.12.2024
Ўзбекистон Бош консулхонаси Россиядаги йирик иш берувчилар билан музокара ўтказди
08:21 / 16.12.2024
Кореядаги ўзбекистонликлар иш жойини ташлаб кетгани туфайли кафиллардан 2 млрд сўм ундирилди
15:32 / 09.12.2024