Хитойда банк фирибгарлиги минглаб одамларни омонатсиз қолдирди
Шарқий Хитойда аҳоли бир неча ойдан бери банкдаги ўз ҳисоб рақамидан пул ололмаяпти. Ҳукумат банк бўлимлари талон-торож қилинишининг олдини олиш мақсадида кўчаларга танкларни чиқарган. Бу ҳақдаги видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалди. Уларнинг ҳақиқийлиги тасдиқланмаган ва айнан қаерда олингани ҳам аниқ эмас. Ҳукумат норозиликларни бостириш учун армия жалб қилингани ҳақида расман хабар бермади.
Шарқий Хэнан ва Анхой провинцияларидаги тўртта минтақавий банкда омонатчиларнинг маблағлари апрел ойи ўрталарида музлатиб қўйилган эди. Дастлаб, ҳисоб рақамлари ёпиб қўйилиши «тизимни янгилаш» зарурати билан изоҳланди. Шундан сўнг, омонатчилар пулларини қайтаришни талаб қилиб кўчаларга чиқдилар.
Кўп ўтмай, Хитой банк регулятори воқеа бўйича тергов бошланганини эълон қилди. Июл ойи бошида унинг натижалари эълон қилинди: ушбу банкларни назорат қилган Henan Xincaifu Group ҳолдинги раҳбарлари фирибгарлик схемалари ёрдамида омонатчиларнинг ҳисоб рақамларидаги пулларни чиқариб олишган. Умумий зарар, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, қарийб 40 миллиард юан (деярли 6 миллиард доллар).
Текширув якунлангач, регулятор аҳолига компенсация тўловлари бошланганини эълон қилди. Аммо расмийлар давом этаётган норозилик намойишлари туфайли бундай қарорга келишганини қатъиян рад этишди.
Тахминан ўша вақтда намойишларни куч билан тарқатиб юборишга уринишлар ҳақида биринчи маълумотлар пайдо бўлди. South China Morning Post 10 июл куни Хэнан провинциясидаги норозилик намойишларининг бирида иштирокчиларга оқ кийимли, жисмонан бақувват одамлар гуруҳи ҳужум қилганини ёзди. Полиция уларнинг ҳаракатларига ҳеч қандай тарзда аралашмаган.
Биринчи босқичда омонатлари 50 минг юандан (7,4 минг АҚШ доллари) ошмаган шахсларга компенсация берилди. Қолганлар «сабр билан кутиш»га чақирилди. 21 июл куни расмийлар тез орада тўловларнинг иккинчи босқичи бошланишини эълон қилди. Унда ҳисоб рақамида 100 минг юангача бўлганлар пулларини олиши мумкин.
Кўчалардаги танклар сурати 1989 йилда Пекиннинг Тянанмен майдонидаги норозилик намойишлари қурол ва оғир техникалар ёрдамида зўравонлик билан бостирилганини эслатади. Аммо ўша пайтда норозилик сиёсий тусда эди - намойишчилар фуқаролик эркинликларини кенгайтиришни талаб қилишган эди.
Мавзуга оид
20:39
Хитой орбитага юк ташувчи кўп марталик космик кемасини намойиш этди
17:53
Ўзбекистон олтин ишлаб чиқарувчи давлатларнинг етакчи ўнталигига кирди
18:44 / 12.11.2024
Хитойда автомобил одамлар устига бостириб бориши оқибатида 35 киши ҳалок бўлди
22:21 / 11.11.2024