Ҳужжатда Ўзбекистондаги ОТМларни хусусийлаштириш, уларни бутун дунёда бўлгани каби таълим, тадқиқот ва тадбиркорлик – 3.0 университетлар даражасига чиқариш, мамлакат ялпи ички маҳсулот ҳажмида олий таълим муассасалари ҳиссасини ошириш ва ОТМлар экспансияси, яъни хорижда ўзбек университетлари филиалларини очишгача бўлган катта мақсадлар белгилаб қўйилган.
Бугун мана шу ҳужжат қабул қилинганига ҳам салкам уч йил вақт ўтди. Бу орада вазирликка келган Абдуқодир Тошқулов ОАВ билан бўлган қатор йиғинларда олий таълимдаги кўплаб камчиликлар тузатилиб, қўшимчасига катта ютуқларга эришилаётгани ҳақида баёнотлар берди.
Хўш, олий таълим тизими бугун чиндан кўп йиллик муаммоларини ҳал қилиб олдими?
2030 йилгача режаланган ислоҳотлар бўйича ҳаммаси кутилганидек кетяптими? Катта ютуқларга эришиляптими чиндан?
Шунингдек, ишларнинг боришидаги бугунги тезлик билан кутилган натижаларга амалда эриша оламизми?
Kun.uz мухбири шу каби саволларга жавоб олиш учун “Boursa National” компанияси ижрочи директори, профессор Азамат Акбаровни таҳлилий суҳбатга таклиф этди.
— Азамат ака, яхши биласиз, бугунги замонавий университетларнинг 3та асосий вазифаси бор. Бу – таълим бериш, тадқиқотлар олиб бориш ва шу тадқиқотларни ишлаб чиқаришга жорий қилиш орқали мамлакат иқтисодиётига фойда келтириш. Бугун биздаги таълим-ку, сифатсиз бўлса-да, берилаётгандир. Хўш, ОТМ ўзининг қолган икки вазифасини қанчалик эплаяпти?
— Ҳозир ривожланган университетларнинг жуда кўп тенденция ва вазифалари бор. Жумладан, сиз айтган вазифалар ҳам. Мен бу вазифаларни Ўзбекистон шароитида иккига бўлган бўлардим. Яъни ҳозирги вақтда ўзбек университетларининг биринчи миссияси бу – сифатли дарсликлар чиқариш ва инсонлар фаровонлигига ҳисса қўшиш, иккинчи миссияси эса иқтидорли ёшларни топиб, уларнинг етарли малака ва кўникмаларга эга бўлишига сабабчи бўлиш.
Бугун таълим фаолияти билан шуғулланадиган университетларнинг яна бир вазифаси бу – илмий тадқиқотлар қилиш ва шу тадқиқотларни хусусий секторга сота олиш. Яъни университетларни 3.0 университетлар даражасига олиб чиқиш. Яъни тадбиркорлик билан шуғулланадиган университетлар. Чунки бундай университетлар бозорга сифатли маҳсулотни тақдим эта олади. Дейлик, Америка Қўшма Штатлари, Австралия, Япония, Жанубий Корея каби университетларнинг давлат ялпи ички маҳсулотидаги ўрни жуда катта. Масалан, Австралияда илм ва тадқиқотга сарф этилган ҳар бир доллар давлатнинг иқтисодий ўсишига беш доллар сифатида қайтади. Тасаввур қиляпсизми, бир доллар беш доллар бўлиб қайтади. Ёки ўша Австралияда таълимга ишлатилган бир доллар давлат хазинасига солиқ сифатида уч доллар бўлиб қайтади. Шу туфайли ҳам у ердаги давлат университетлари ҳар йили давлат бюджетига 50 млрдга яқин маблағ келтиради. Америкада бу рақам 600 млрд доллар. Бу жуда катта рақамлар.


















