Ўзбекистон | 21:28 / 27.07.2022
10387
5 дақиқада ўқилади

2021 йилда Ўзбекистондаги ўртача ойлик 2,7 млн сўм бўлган — Статқўм

Ўтган йили Ўзбекистонда иш берувчилар томонидан ходимларга тўланган ойлик иш ҳақи ўртача 2,7 млн сўм бўлган. Бунда қишлоқ хўжалиги ва кичик тадбиркорлик субъектлари тўлаётган ойликлар ҳам инобатга олинган. Аввалроқ бу икки тоифа ҳисобга киритилмасдан, 2021 йилдаги ўртача маош 3,2 млн сўм бўлгани айтилганди.

2021 йил давомида Ўзбекистондаги ўртача ойлик номинал иш ҳақи 2 млн 662 минг сўм бўлган. Бу ҳақда Статистика қўмитаси маълум қилди.

Унга кўра, 2,7 млн сўмни ташкил этган мазкур ўртача ойликни ҳисоблашда қишлоқ хўжалиги ва кичик тадбиркорлик субъектлари ҳам ҳисобга олинган.

Бу икки тоифадаги ойликлар инобатга олинмаган ҳолда йил бошида эълон қилинган статистикада 2021 йилдаги ўртача маош 3,2 млн сўм бўлгани маълум қилинганди.

Маълумот учун, қишлоқ хўжалиги ва кичик тадбиркорлик субъектлари йилда бир марта ҳисобот топширади.

Мазкур икки тоифани инобатга олмаганда, 2022 йил январ-июн ойларида ўртача ойлик иш ҳақи 3 млн 540,5 минг сўмни ташкил этган.

Инфографика: Статистика қўмитаси

Қайд этилишича, ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи таркибига қўшимча тўловлар, мукофот пуллари, рағбатлантирувчи тўловлар, компенсация ва ишламаган вақти учун тўловлар, шунингдек, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва касаба уюшмасига ажратмалар киради.

Йилнинг биринчи ярмида ҳудудлар кесимида ўртача иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳри (5,5 млн сўм), Навоий (4,9 млн сўм) ва Тошкент (3,7 млн сўм) вилоятларида қайд этилган.

Энг паст кўрсаткич эса Самарқанд, Фарғона ва Наманган вилоятларига тўғри келган: 2,7 млн сўмдан.

Инфографика: Статистика қўмитаси

Жорий йилнинг биринчи ярмида соҳалар кесимида энг юқори ўртача ойлик иш ҳақи банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолияти соҳасига тўғри келиб (9 млн 149 минг 600 сўм), ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш даражаси 24,8 фоизни ташкил этган.

Ахборот ва алоқа соҳасида ўртача ойлик иш ҳақи 6,7 миллион сўмга тенг бўлган бўлса, ташиш ва сақлаш соҳасида – 4,6 миллион сўм, саноат соҳасида – 4,5 млн сўм, қурилиш соҳасида – 4,2 млн сўм, савдо соҳасида – 3,6 млн сўм, таълим соҳасида – 2,5 миллион сўм. Энг паст ўртача иш ҳақи соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида қайд этилган – 2,4 миллион сўм.

Ортиб бораётган тенгсизлик

Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг ёзишича, охирги йилларда таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида кўплаб ўзгаришлар қилинган бўлса-да, ушбу соҳа вакилларининг маоши бошқалариники билан таққослаганда секин ўсмоқда ва йилдан йилга тенгсизлик ортиб бормоқда.

“Таққослаш учун, 2018 йилда (январ-июн) таълим соҳасида банд бўлган ходимларнинг иш ҳақи ўртача иш ҳақининг қарийб 78 фоизини ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2022 йилга келиб 72,3 фоизга пасайган. Бошқача айтганда, таълим соҳасидаги ўртача ходим республикадаги ўртача иш ҳақи оладиган одамга нисбатан камбағалроқ бўлиб қолган.

Агар индивидуал соҳалар билан таққосласак, фарқ янада жиддий. Хусусан, банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолиятида банд бўлган ходимларнинг ойлик маоши 2018 йилда таълим соҳасида банд бўлган ходимларнинг ўртача маошидан 2,44 баробар кўпроқ бўлган бўлса, бу кўрсаткич 2022 йилга келиб 3,54 баробаргача ошган. Яъни банк ва суғурта ходимлари йилдан йилга таълим соҳаси вакилларига нисбатан бойиб бормоқда.

Хуллас, потенциал таълим соҳаси ходимлари бошқа соҳаларга ўтиб кетишига катта стимул яратиб қўйилган. Агар ҳозирги тенденция давом этса, келажакда ҳам потенциал ўқитувчилар бошқа соҳаларни танлашда давом этади”, дейди иқтисодчи.

“Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 2,7 млн сўм ва бу ҳақиқий кўрсаткич”

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг таъкидлашича, ўртача иш ҳақи миқдори дейилганда барча юридик шахслар ходимларининг даромадлари инобатга олиниши керак.

“Статистика қўмитаси ниҳоят барча юридик шахслар бўйича ўртача ойлик иш ҳақи миқдорини маълум қилмоқда. Бу миқдор 2021 йил якуни бўйича 2 млн 662 минг сўм.

Шу кунгача қишлоқ хўжалиги ва кичик тадбиркорлик субъектлари кўрсаткичлари инобатга олинмаган ҳолдаги республика бўйича ўртача ойлик иш ҳақи миқдори очиқлаб келинган. Чунки иш ҳақи анча паст бўлган бу сегментлар чиқариб юборилса, ўртача ойлик иш ҳақи гўёки юқорироқ кўрсаткич бўлиб акс этган.

Масалан, 1 июл ҳолатига қишлоқ хўжалиги ва кичик тадбиркорлик субъектлари кўрсаткичлари инобатга олинмаган ҳолдаги ўртача иш ҳақи миқдори 3 млн 540,5 минг сўмни ташкил этади.

Бундан бу ёғига ўзимизни ўзимиз алдамасдан ўртача иш ҳақи миқдори дейилганда 3 540,5 минг сўмлик кўрсаткич эмас, 2 662,0 минг сўмлик кўрсаткич ишлатилиши керак. Шунда адолатдан бўлади”, дейди у.

Статқўм ҳисоботида Мудофаа ва Ички ишлар вазирликлари, Давлат божхона қўмитаси, Давлат хавфсизлик хизмати, суд тизими ва прокуратура ходимларининг ўртача ойлик иш ҳақи ҳақида маълумот берилмаган.

Мавзуга оид