Ўзбекистонда жадал ривожланаётган қурилиш соҳасида ёш мутахассислар қандай қилиб ўз ўрнини топиши мумкин?
Бу ҳақда Буюк Пётр номидаги Санкт-Петербург политехника университети профессори Виктор Елистратов фикрини айтди.
Ўзбекистон қурилиш соҳасида глобал ўзгаришлар юз бермоқда. 2022 йил июнда Зарафшон дарёсида Ёвон ГЭСи қурилиши бошланди, Ўзбекистондаги энг йирикларидан бўлган Пском ГЭСи қурилиши тўлақонли давом этмоқда. Сув ресурсларидан комплекс фойдаланиш дастури доирасида Ҳисорак ва Оҳангарон сув омборларида яна иккита кичик гидроэлектр станцияси қурилади. Шу сабабли гидроэнергетик қурувчилар ва гидротехникларга сезиларли эҳтиёж мавжуд.

Тўлиқ хизмат кўрсатиш ва маиший хизмат кўрсатишни ўз ичига олган йирик уй-жой мажмуаларини яратиш асосида оммавий фуқаролик қурилиши ривожланмоқда. Фарғона шаҳрида турар жой массиви қурилмоқда: 300 гектар майдонда 298 та кўп қаватли уй, шунингдек, иккита умумтаълим мактаби, учта болалар боғчаси, тиббиёт муассасалари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, спорт мажмуаси ва масжид қуриш режалаштирилган.
Соҳанинг бундай жадал ривожланиши давлат ва қурилиш бизнеси олдига янги вазифа – республиканинг янги инфратузилма объектларида бинолар, иншоотлар ва уларни қуриш технологияларини лойиҳалаш бўйича замонавий билимларга эга бўлган юқори малакали кадрларни ишлашга жалб этиш вазифасини қўймоқда.
Республикада кадрлар таркибини профессионал мутахассислар билан тўлдириш масаласи давлат даражасида белгилаб қўйилган. Янги таълим муассасаларини ташкил этиш билан бир қаторда халқаро илмий-амалий тажрибанинг узвийлигини таъминлаш вазифаси ҳам турибди. Ўзбекистонлик талабалар учун Россия университетлари оммабоп йўналишга айланмоқда – Россия Федерацияси Фан ва олий таълим вазирлиги маълумотларига кўра, бугунги кунда Россия олий ўқув юртларида 48 мингга яқин ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда.
“Етакчи техник университетда халқаро таълимга эга бўлиш ёш мутахассислар учун ишга жойлашишда шубҳасиз устунлик ҳисобланади. Улар ўз мамлакатининг ички муаммоларидан хабардор ва Россия олий ўқув юртларида олган билимлари асосида ўз ечимларини янги инновацион шаклларда таклиф қила оладилар, – дейди СПбПУ Қурилиш институти профессори Виктор Елистратов. – Политехника университетида Ўзбекистондан 500 га яқин талаба таҳсил олмоқда, уларнинг кўпчилиги қурилиш йўналишини танлаган. Политехника университети билан Ўзбекистон олий ўқув юртлари – Тошкент давлат техника университети, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Самарқанд давлат университети ва бошқа кўплаб олий ўқув юртлари ўртасида қурилиш ва энергетика йўналишида узоқ муддатли илмий, таълим ва ташкилий алоқалар ўрнатилган”.







